Фуқароларнинг коммунал хизмат соҳасидаги муаммоси вазирлик томонидан ҳал этилди
Жорий йилнинг сентябрь ойида KUN.UZ таҳририятининг “Очиқ мулоқот” лойиҳаси доирасида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Музаффар Салиев билан соҳага доир муаммолар, уларнинг ечими борасида олиб борилаётган ишлар ва келгусидаги режалар ҳақида суҳбат бўлиб ўтган эди.
Ушбу суҳбат олдидан фуқароларга соҳага оид мурожаатлари бўлса юборишлари, ушбу мурожаатлар вазирнинг шахсан ўзига топширилиши ҳақида маълум қилинган эди. Шундан сўнг, айрим фуқаролар мазкур соҳа бўйича ўзларида мавжуд муаммолар кўрсатилган мактублар йўллай бошлашди. Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани, Фарғона йўли кўчаси, 13/19-уй фуқаролари номидан келган мурожаатда мазкур ҳудуддаги кўп қаватли турар-жойларда иссиқ сув йўқлиги, бу аҳоли турмуши тарзи учун катта муаммолар келтириб чиқараётгани, мутасадди ташкилотларга қилинган мурожаатлар бесамар кетаётгани тилга олинган.
Мазкур масалага вазирлик ўз эътиборини қаратди, жумладан, қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилди. Бу ҳақда тақдим этилган маълумотда шундай дейилади:
“Яшнобод тумани, Фарғона йўли, 13/19 ва 13/20–сонли кўп қаватли уйлар 2017 йилга қадар “Ўзбекистон темир йўллари” АЖга қарашли “Тошкент минтақавий темир йўл узелига қарашли сув таъминоти ва биноларни сақлаш дистанцияси” тасарруфида бўлган қозонхона, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2017 йил 27 июндаги 816-сонли қарори билан ўрнатилган тартибда “Тошиссиққуввати” ДУКка топширилиши лозим бўлган. Аммо ўрнатилган қозонхонадаги қозонлар кўлбола ва ҳеч қайси техник талабларга жавоб бермаганлиги ва фақат қиш мавсумида хонадонларни иситиш учун мўлжалланган бўлганлиги, шунингдек, энергоресурсларни ҳисобга олиш ускуналари бўлмаганлиги сабабли қозонхона қабул қилинмаган. Барча амалга оширилиши лозим бўлган ишлар бўйича талаблар “Тошкент минтақавий темир йўл узели” раҳбариятига қиритилган. Бироқ бугунги кунга қадар ушбу камчиликлар бартараф этилмаган.
2018-2019 йиллар куз-қиш мавсумида Яшнобод тумани, Фарғона йўли, 13/19 ва 13/20–сонли кўп қаватли уйларда яшовчи фуқароларни узлуксиз иссиқлик энрегияси билан таъминлаш мақсадида ҳамда kun.uz сайтига қилинган мурожаатни инобатга олган ҳолда вазирлик томонидан “Тошиссиққуввати” ДУКка жорий йил иссиқлик таъминоти мавсуми бошлангунга қадар аниқ чора-тадбирлар белгилаб, аҳолини иссиқлик энергияси билан таъминлаш бўйича 2018 йил 7 сентябрдаги 05/01-3026-сонли кўрсатма берилди ва амалга оширилаётган ишлар вазирлик томонидан назоратга олинди. Бугунги кунда талабларга жавоб берадиган қозон ўрнатилиб, газ қувурларини улаш ишлари амалга оширилмоқда.
Бу борада Фарғона йўли 13/19 ва 13/20–сонли кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи аҳоли билан тушунтириш ишлари амалга оширилди”.
KUN.UZ’га маълум бўлишича, ҳақиқатан ҳам “Тошиссиққуввати” ДУК ишчи-ходимлари мазкур манзилга қозонхоналар олиб келиб туширишган. Эндиликда муҳандислар ёрдамида уларни ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.
Навбатдаги мурожаатда шундай дейилади:
“Ассалому алайкум. Мен Жиззах вилояти, Ш.Рашидов тумани, “Куёвбоши” маҳалласида яшайман. Маҳалламиз бу йили “Обод қишлоқ” дастурига киритилган ва маҳалламизда ичимлик сувини яхшилаш бўйича барча ишлар қилинди. Лекин сувни ҳар бир уйга монтаж қилишда ҳамма ўз уйига ўзи монтаж қилиб олиб кирди. Шунинг учун кўп жойлардан сув чиқиб ётибди. Кранларда сув номига чиқади. Саволим: Шунча иш бўлди, раҳмат, лекин уйларга кирадиган сувни ўзлари монтаж қилса бўлмасмиди? Шунча иш бўлганидан сўнг ҳам кранларда сув жилдираб чиқадими?”.
Мазкур масала вазирликнинг Жиззах вилоят “Сувоқова” давлат унитар корхонаси мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилган. Камчиликлар аниқланиб, уларни бартараф этиш юзасидан тегишли чоралар кўрилган - сув чиқиб ётган қувурлар таъмирланиб, сув босими оширилган.
“Мазкур ҳудудда бугунги кунда “Обод қишлоқ” дастурига асосан 5,7 км ичимлик суви тармоқларида қурилиш ишлари якунланган ва фойдаланишга топширилган. Ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан сув қувурлари ва тармоқларининг қурилиши истеъмолчиларни яшаш кўчасигача олиб кирилиши назарда тутилган. Ҳар бир хонадонга ичимлик суви қувурини улаб бериш эса хонадон эгалари ўзлари амалга ошириши белгиланган. Бу борада хонадон эгаларига “Сувоқова” ДУК мутахассислари томонидан амалий ёрдам кўрсатилмоқда”, дейилади вазирлик томонидан тақдим этилган маълумотда.
Мавзуга оид
12:31 / 10.11.2024
2024 йилда Жиззах вилоятида болалар иштирокида 59 та ЙТҲ содир бўлди
11:44 / 30.10.2024
3 ёшли боланинг қотили Жиноят кодексининг 5 та моддаси билан айбланмоқда
09:56 / 24.09.2024
Жиззахда ҳайдовчи Дамасга катта ёшдаги 14 кишини миндириб ҳаракатланди
14:28 / 08.09.2024