Ўзбекистонда ерларни сотиш босқичма-босқич бошланади. Хусусан, инвестиция муҳитини яхшилаш учун қишлоқ хўжалиги мақсадларида бўлмаган ерларни давлат мулкидан чиқариб ташлаш бошланади.

Адлия вазирлиги томонидан «Қишлоқ хўжалиги мақсадларида бўлмаган ер участкаларига хусусий мулк ҳуқуқини босқичма-босқич жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳужжат лойиҳаси тайёрланди.

Ҳужжатда 2019 йил 1 июлдан бошлаб қуйидагиларни белгилаш таклиф этилмоқда:

юридик шахслар, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар - резидентлар ўзларига тегишли бўлган бино ва иншоотлар жойлашган ер участкаларини, шунингдек, уларга туташ ер участкаларини хусусийлаштириш ҳуқуқига эга;

Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек, мамлакатда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар якка тартибда уй-жой қуриш ва турар-жойга хизмат кўрсатиш учун ажратилган ер участкаларини хусусийлаштириш ҳуқуқига эга;

юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар - Ўзбекистон резидентлари, шунингдек, мамлакат фуқаролари ер участкалари билан биргаликда хусусийлаштириш тартибида давлат кўчмас мулк объектларини сотиб олишлари мумкин. 

Қишлоқ хўжалиги мақсадларида бўлмаган ер участкаларининг хусусийлаштирилиши республикада бизнес юритиш ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давомидир.

Лойиҳанинг мақсади ерларни фуқаролик айланмасига жалб қилиш, улардан самарали фойдаланишни таъминлаш, инвестицион имкониятларни кенгайтириш ва ер қонунчилигини янада такомиллаштиришдир.

Ер участкасининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, ер участкалари ва улар билан мустаҳкам боғланган объектлар бирлиги принципи белгиланади, унга биноан жойлашган ер участкаси мулкдорига тегишли бўлган бино ёки иншоотга мулкдорлик ҳуқуқи берилганда, бино ёки иншоот билан банд ҳамда ундан фойдаланиш учун зарур бўлган ер участкасига эгалик ҳуқуқи бино ёки иншоотни сотиб олувчига ўтади.

Ер участкаларини хусусийлаштириш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорлари асосида пуллик асосда амалга оширилади.

Лойиҳа билан аниқлаштирилишича, ер участкаларини хусусийлаштириш фақат бош режалар ва батафсил режалаштириш лойиҳалари, шунингдек, кўчмас мулк кадастр ҳужжатлари мавжуд бўлган аҳоли пунктларида жойлашган ер участкаларига нисбатан амалга оширилади.