Табиатда турли касалликлар, турли дардлар бор. Уларнинг баъзиси юқумли, инсон ўлимига олиб келса, айримларини даволаш мумкин. Бироқ, қутуриш-барча иссиқ қонли ҳайвонларда ва одамларда учрайдиган бедаво ўта хавфли юқумли касаллик ҳисобланади.

Хўш, бундай ўта хавфли қандай юқиши мумкин?

Ушбу касаллик одамларга асосан қутурган итлар ва мушукларнинг, шунингдек ёввойи ҳайвонларнинг (бўри, чиябўри, тулки ва бошқалар) тишлаши (тирнаши, сўлаклаши) натижасида ҳайвонларнинг сўлаги орқали одамларга юқади, чунки касалликни қўзғатувчи вирус қутурган ҳайвонлар сўлагида бўлади.

Фото: liveinternet.ru

Ўзбекистонда одам учун касалликнинг етакчи манбаи – итлар ҳисобланади. Касаллик ҳайвонлардан ҳайвонларга ва ҳайвонлардан одамларга юқади. Эътиборли жиҳати, қутуриш одамдан одамга ва одамлардан ҳайвонларга юқмайди. Қутурган итда касаллик аломатлари рўёбга чиқишидан 10 кун олдин, яъни касаллик яширин даврининг охирги 10 кунида ҳамда касаллик бошланганидан токи ўлгунга қадар юқумли ҳисобланади.

Таъкидлаш ўринлики, бугунги кунгача қутуриш касаллигининг даволаш усуллари ишлаб чиқилмаган бўлиб, энг даҳшатлиси қутуриш касаллиги жуда оғир кечиб, касаллик 100 фоиз ўлим билан тугайди, яъни қийноқли ва даҳшатли ўлим қайд этилади.

Бу тўғрида машҳур рус олими Данило Самойлович қуйидагича фикр билдирган: “Инсоният дунёга келибдики, қанчадан-қанча касалликларни бошидан кечирган ва кўрган, аммо қутуриш касаллигига мубтало бўлган бемор аҳволини кўришдан ортиқ қўрқинчли ва даҳшатлироқ ҳолат бўлмаса керак!”.

Шунингдек, рус ёзувчиси Антон Чехов қутуриш касаллигига дучор бўлган набирасини кузатиб, уни жуда қийналиб жон берганини кўргач, “Бир ҳафтача ўзимга келолмадим, телбанома бўлиб юрдим, шундан кейин, дунёдаги барча итлардан ҳам, итбоқарлардан ҳам кўнглим қолиб кетди”, - деган сўзларни ўз эсдаликларида ёзиб қолдирган.

Тиб илмининг султони Абу Али ибн Сино ўзининг “Тиб қонунлари” асарида сувдан қўрқа бошлагач бирорта ҳам беморни даволаш йўли билан ўлимдан олиб қолиб бўлмаслигини таъкидлаган. Бу касалликда бошқа юқумли касалликларда кузатилмайдиган сувдан қўрқиш, ҳаводан қўрқиш каби аломатлар кузатилади ва бемор жуда қийналиб вафот этади. Ўтмишда бу касалликка “сувдан қўрқиш”, яъни “гидрофобия” деб бежиз ном берилмаган. Ҳақиқатдан ҳам қутуриш билан ҳайвон касалланадими ёки одам касалланадими, якуни аниқ-даҳшатли ўлим.