Тошкентнинг йирик туманлари орасида Олмазор халқ таълими тизимига ҳокимлар томонидан ажратилган маблағлар ҳажми бўйича охирги ўринда
Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани пойтахтнинг йирик туманлари орасида халқ таълими тизимига ҳокимлар томонидан ажратилган қўшимча маблағлар ҳажми бўйича охирги ўринни эгаллади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги ўзининг расмий сайтида бир ўқувчига Тошкент шаҳри туман ҳокимиятлари халқ таълими тизимига ажратилган қўшимча маблағлар ҳақида чоп этган маълумотда баён этилган.
Унга кўра, Миробод тумани ҳар бир ўқувчига ўртача 142 532 сўм ажратган ва Тошкент шаҳридаги туманлар орасида етакчилик қилмоқда. Сергели (80 078 сўм) ва Шайхонтоҳур (79333 сўм) туманлари мос равишда иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллади. Ҳокимиятлар томонидан халқ таълими тизимига энг кам қўшимча маблағлар ажратган туманлар рўйхатига Бектемир (бир ўқувчига 983 сўм), Олмазор (3032 сўм) ва Яккасарой (41013 сўмни) туманлари киритилди.
Шуни таъкидлаш лозимки, Бектемир тумани Тошкентнинг энг кичик тумани ва у ерда 5 дона мактаб фаолият юритади. Йирик туманлар орасида эса Олмазор тумани бу кўрсаткич бўйича охирги ўринда. Таълим тизимини қўллаб-қувватлаш учун Олмазор тумани ўзидан кейинги ўринда турган Яккасарой туманига нисбатан 13,56 баробар ва Тошкент шаҳридаги ўртача кўрсаткичдан (54414 сўм) 18 баробар кам маблағ йўналтирган.
Жорий йил 5 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Халқ таълими тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолаб, мазкур ҳужжатда мактабларнинг ҳолати учун масъул бўлган шахслар аниқ кўрсатилганди.
Фармоннинг 3-бандида кўрсатилганидек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари халқ таълими муассасаларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг инфратузилмасини ривожлантириш масаласида ҳар томонлама кўмаклашишга масъул эканлиги белгиланган. Халқ таълими муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал ва жорий таъмирлаш, уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш, инфратузилмасини (тротуарлар, йўллар ва бошқалар) зарур ҳолатда сақлаш бўйича буюртмачи функциясини амалга оширишга маҳаллий ҳокимиятлар жавобгардир. Улар халқ таълими муассасаларини электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви, зарур санитария-гигиена шароитлари ва бошқа коммунал хизматлар билан узлуксиз таъминлашлари лозим.
Умумтаълим муассасаларининг хавфсизлигини таъминлаш каби бир қатор вазифалар ҳокимлар томонидан амалга оширилиши лозим. Мактабларнинг инфратузилмасини ва моддий-техник базасини яхшилаш муҳимлигини ҳисобга олган ҳолда, ҳокимликларнинг ушбу муассасаларнинг ривожланиши учун инвестициялар ва ҳомийликни фаол жалб этиши кутилмоқда.
Мавзуга оид
20:17 / 05.11.2024
Маърифий фаолият билан рухсатсиз шуғулланганлик учун жавобгарлик белгиланди
17:18 / 05.11.2024
Рақобат кучли: Хитойдаги таълим тизими ёшлар орасида руҳий тушкунликка сабаб бўлмоқда
16:29 / 21.10.2024
Кадрлар тайёрлайдиган ягона техникумлар тармоғи ташкил этилади
18:35 / 03.10.2024