Жорий йилнинг 15-17 май кунлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШга расмий сафар уюштирган эди. Кенг доирадаги музокараларда Ўзбекистон ва АҚШ расмий делегацияси вакиллари иштирок этиб, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Вашингтондаги «Блэйр хаус» қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга расмий ташрифи доирасида ҳужжатларни имзолаш маросими ўтказилиб, икки мамлакат вазирлик ва компаниялари ўртасида савдо, энергетика, молия, қишлоқ хўжалиги, фан-таълим соҳаларига доир қатор ҳужжатлар имзоланди.

Фото: John Deere

Давлат раҳбарининг Америкага расмий ташрифи қишлоқ хўжалигига замонавий инновацион технологияларнинг кириб келишида ўзига хос ижобий таъсир ўтказди. Айни пайтда кластер усулига Ўзбекистон пахтачилигининг келажаги сифатида қаралмоқда. Жорий йил мамлакатимизнинг кўплаб туманларида мазкур лойиҳа синовдан ўтди.

Маълумки, 2018 йил Президент ташаббуси билан “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”, деб эълон қилинган. Давлат раҳбарининг аграр секторга замонавий технологияларни олиб кириш ташаббуси амалда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Тошкент, Андижон, Наманган, Хоразм,Сирдарё ва Жиззах вилоятларида Америкада ишлаб чиқарилган, юқори самарадорликка эга - John Deere CP 690 пахта терим комбайнларидан илк бор ҳосилни териб олишда фойдаланилгани ҳам бунга яққол мисол бўла олади.

Фото: John Deere

Пахтани етиштиришдан тортиб, ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган босқичларни ўз ичига қамраб олган кластер лойиҳаси Андижон вилоятининг Қўрғонтепа ва Балиқчи туманларида, Тошкент вилоятининг Ўртасарой ҚФЙда ва Наманган вилояти Учқўрғон туманларида амалга оширилмоқда. “Khantex” ва “Uztex” кластерларига John Deere CP 690 пахта терими комбайнлари ва 8R русумли John Deere тракторлари келтирилиб, пахта майдонларида юқори самарадорликка эришилди.

Жорий йил, Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида мавжуд 8168 гектар пахта майдонининг 858 гектарида “Khantex-group” томонидан замонавий технологик ускуналар асосида кластер усулида пахта етиштирилди.

“Khantex-group” корхонаси пахта ҳосилини сифатли териб олиш мақсадида кластерга замонавий технологияларни олиб келди. Жамият Американинг қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқаришда жаҳонда юқори нуфузига эга бўлган – “John Deere” компаниясидан 2 та пахта териш комбайнини пахта мавсумида синовдан ўтказди.