Жамият | 23:46 / 27.10.2018
11265
6 дақиқада ўқилади

Мухлис мактуби: йўлларда ўлимлар камайиши учун ҳайдовчиларни ўқитиш тизими ислоҳ қилиниши керак

Ассалому алайкум, ҳурматли Kun.uz таҳририяти. Мен бир неча йиллардан бери сизларнинг мухлисингизман. Тошкент шаҳрида истиқомат қиламан.

Охирги пайтларда жуда кўплаб йўл-транспорт ҳодисалари ўлим билан тугаш ҳолатлари қайд этилмоқда. Айниқса, куни-кеча сайтда эълон қилинган, Самарқанд вилоятида икки норасиданинг йўл-транспорт ҳодисасида ҳалок бўлгани ҳақидаги мақола мени ушбуларни ёзишга ундади.

Яқин-атроф маҳаллада ҳам кўплаб инсонлар яқин инсонларидан жудо бўлганлиги ҳақидаги хабарлар келиб туради. Бундай ҳолатларни эшитиб ачинмасдан қолмайсан, юрагинг эзилади, албатта.

Сизга йўллаётган мактубимдан мақсад — шундай ҳолатларни камайтириш учун таклиф бериш ва бундай вазиятнинг асл сабабларини бироз ёритиш.

Ўзим 6 йиллик тажрибага эга ҳайдовчиман. Ҳозирги кунда юқорида тилга олинган каби ҳолатларни камайтириш мақсадида мутасадди ходимлар томонидан анчагина ишлар олиб борилмоқда, албатта. Лекин касални даволаш эмас олдини олиш керак, деганларидек, масалани ҳар томонлама чуқур ўрганиш лозим.

Ҳеч кимга сир эмаски, ҳозирги кунда ҳайдовчилик гувоҳномасини ҳамма ҳам ўқиб-ўрганиб, ўзлаштириш давомида транспорт воситасини барча қоидаларига амал қилган ҳолда бошқаришга тайёр бўлиб, ўз кучи билан олмайди.

Шу кунларда отам Тошкент шаҳридаги автомактаблардан бирини тамомлади. Ўқиш учун 1.700.000 сўм тўлади. Қизиқ тарафи — ҳар бир қолдирилган дарс “ставкаси” 35.000 минг сўмдан экан. Умуман дарсларда қатнашмасдан ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиш — 300 минг сўм. Ички имтиҳонлар 35.000 минг сўм. ЙҲХБда имтиҳондан ўтиш ҳам — 300 минг сўм!

Тизимни қаранг, ажойиблигини! Яна қайтариб айтаманки, бу ҳеч кимга сир эмас. Ҳаммаси ошкора, очиқ-ойдин. Ачинарли тарафи — шу пулларни олаётганлар, фарзандларига едираётганлар, уй қуриб, тўй қилаётганлар порахўрлик ортидан ҳаром пул топишаётганини билишармикан?!

Шу пулларни олаётганлар яқинларидан кимдир машина остида қолиб, ўзи етим қолиб ёки қон йиғлаб фарзанд доғида адойи тамом бўлаётган қанчадан-қанча одамлар борлиги ҳақида билишармикан?!

Шу пулларни олаётганлар агар ўзининг боласи яқини қариндошларини яқиндагина ҳайдовчилик гувоҳномасини пулга сотиб олиб ўқувсиз қонун қоидалардан бехабар ҳолда босиб кетса қандай муносабатда бўлишаркан?

Шу пулларни олаётганлар яқиндагина Самарқанд вилоятида икки фарзандидан айрилиб қон йиғлаб қолган ота-она ва уларнинг яқинлари қандай аҳволга тушишгани ҳеч ўйлаб кўришганмикан?

Ёки ҳаром пуллар билан озиқланган жасадга бундай нарсаларни ҳис қилиш умуман бегонами? Ҳаром пуллар билан боқиб катта қилган фарзандлари эртага ким бўлади? Тамагир порахўр, ўғри муттаҳам бўладими?

Бир жума маърузасида имом домла “Йўл-транспорт ҳодисасида одам ўлдириб қўйган кишининг гуноҳига ҳайдовчилик гувоҳномасини сотган, ўқитмаган мутасадди кишилар ҳам шерик бўлади”, деганди. Албатта, қарс икки қўлдан чиқади, деганларидек фақат пора олувчи эмас берувчилар ҳам бу ишларда тенг шерик.

Ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун ўқиётган кишиларга маслаҳатим: барча ишларни четга суриб, таътил олиб, бор-йўғи 3 ойлик ўқишда пухта тайёрланиб ўқиб, ўрганиб, имтиҳонларни ўз кучлари билан топшириб, “намунали ҳайдовчи” бўлиб етишишсин. Ҳеч қандай тайёргарликсиз порахўрларни “боқиб”, эртага йўлларда ҳам ҳамманинг “асабига” тегиб, ота-онаси-ю, ўргатган устозига “раҳмат” келтириб, ўзининг, яқинларининг, йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳаётини хавф остига қўйиб юргандан кўра, пухта тайёргарлик билан ўқиб олишсин!

Агар пул тама қилиш ҳайдовчилик гувоҳномасини олишда қандайдир тўсиқларга дуч келишса мутасадди ташкилотларга хабар беришларини сўраб қолардим. “Ҳамма берар экан, бермаса бўлмас экан”, деб “пода” каби фикрлашмасин.

Ўзим ҳам 2013 йил ҳайдовчи деган номга эга бўлганман. Ўша пайтларда ҳам ҳозиргидек 150.000 сўм бермаса ўтказмас экан, деган сафсата, бўлмағур гаплар юрган.

Пухта тайёргарлик 3 ойлик меҳнат билан 10 дақиқада ҳеч қандай “тўловларсиз” ҳайдовчилик гувоҳномасини олганман. Зеро, ўқиш ўзимиз ва яқинларимиз учун керак.

Афсуски, бизда ҳайдовчиларнинг қай даражада “маданиятли” экани ҳеч кимга сир эмас. Йўлларда оддий элементар қоидаларни аксар ҳайдовчилар билмаслиги ачинарли ҳолат. Айниқса, чет элларга транспорт воситасини бошқариб қайтган кишилар у ерлардаги ҳайдовчилар билан бизнинг ҳайдовчилар орасидаги фарқ яққол сезилишини айтишади.

Тўғри, ҳеч ким она қорнидан ҳайдовчи бўлиб тушмайди. Модомики мавжуд тизимда турли қинғирликларга йўл қўйиб, сифатсиз ҳайдовчиларни тайёрлаётган эканмиз, демак, чет эл ҳайдовчи тайёрлов тизимларидан ўрганадиган нарсаларимиз кўп.

Юқоридагиларни инобатга олиб мутасадди ташкилот ва раҳбарлардан ҳайдовчилик гувоҳномаси учун ўқитиш тизимини такомиллаштириш, порахўр, тамагир ходимлар устидан чора кўришни сўраб қолардим. Бир неча кишининг ҳаётига зомин бўлингандан кейин у ерга камера қўйиб, кеча-ю-кундуз ЙПХ ходими навбатчилик қилиб, қанча йўл белгилари-ю ётиқ чизиқлар чизилади, лекин бўлар иш бўлиб бўлган бўлади. Ўлган одамлар қайтиб келмайди.

Ботиржон Худойқулов,
Тошкент шаҳри.