Туркиянинг Истанбул шаҳрида Туркия, Франция, Германия ва Россия етакчилари иштирокида Сурия можаросини тартибга солиш масалаларига бағишланган тўрт томонлама музокаралар бўлиб ўтди. Мазкур саммит Сурия масаласига бағишлаб бундай форматда ўтказилган илк учрашув бўлди.

Тадбир мезбони Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған тўрт етакчи иштирокидаги музокаралар якунини сермаҳсул ва конструктив деб атади, деб ёзади Анадўлу агентлиги.
Эрдўғаннинг таъкидлашича, Суриядаги можарони бартараф этиш нафақат остона жараёни доирасида, шунингдек кенгроқ форматда ҳал қилиниши керак ва бугунги саммит бунинг яққол далили бўла олади.
Эрдўған Истанбул саммити қатнашчилари Сурия халқининг қонуний талабларини ҳисобга олган ҳолда ушбу мамлакатда барқарорликка эришиш ва сиёсий муросага келиш йўлларини муҳокама қилишганини таъкидлади. “Франция ва Германиянинг иштироки Остонада бошланган музокаралар туфайли бошланган ижобий жараёнлар учун салмоқли ҳисса қўшади”, — деган Туркия президенти.
Тўрт давлат етакчилари икки томонлама ҳамкорликни кучайтириш ва халқаро даражада ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга тайёр эканликларини билдиришди.
Эрдўғаннинг сўзларига кўра, Суриядаги можаронинг авж олишига асосий сабаб жаҳон ҳамжамиятининг вазиятга ўта бепарво муносабати бўлган. Жаҳон ҳамжамиятининг лоқайдлиги Суриядаги таназзулнинг янада чуқурлашиши ва можаронинг умумбашарий муаммо тусини олишига сабаб бўлди, деган Туркия етакчиси.
Унинг қайд этишича, кўплаб давлатлар қачонки фожиа оқибатлари уларнинг чегарасигача бориб етгачгина Сурия можароси таҳдидларининг миқёсини англаб етишган.
Туркия президенти Суриядаги можарони ҳарбий йўл билан ҳал қилиб бўлмаслигига урғу берди.
Томонлар Сурияда Конституциявий кенгашни зудлик билан тузиш кераклиги борасида якдил тўхтамга келишган. Бундай орган бир йил ичида шакллантирилиши мумкин.














