ПФЛ демократик жамият асосларига болта урмоқда - Championat.asia нашрининг жазоланишига муносабат
30 октябрь куни Профессионал футбол лигаси Championat.asia нашри ходимларининг аккредитацияларини бекор қилди.
Бу ҳақда ПФЛ сайтида қуйидагича хабар берилди:
«Чемпионат ўйинларини ёритиб келаётган нашрлардан бири – Championat.asia сайти айрим ноҳақликларга йўл қўйиб, жамоатчиликнинг фикрини салбий томонга оғишига сабаб бўлмоқда... Бу нашр вакиллари чегарадан чиқишда давом этаверганликлари сабаб, ЎзПФЛ мазкур сайт ходимларининг Ўзбекистон чемпионати ва Кубогини бевосита воқеа жойидан ёритиб бориш имконини берадиган аккредитацияларини бекор қилишга қарор қилди».
Хабарда Championat.asia нашри айнан қайси чегарадан чиққани, қандай қоидабузарликка йўл қўйгани ёзилмаган.
Аввало, футбол хабарларига ихтисослашган Tribuna.uz сайти ходими сифатида ҳамкасбларга нисбатан ПФЛ томонидан қабул қилинган бу қарорнинг матбуот ва сўз эркинлигига қаршилик, шунингдек, журналистик фаолиятга нисбатан тўсқинлик деб баҳолайман, бу ҳаракатларни қоралайман. Буни ушбу мақолада асослашга уриниб кўраман.
Дастлаб, аккредитация ҳақида қисқача маълумотга эга бўламиз.
Аккредитация — журналистлар иш фаолиятида энг қулай режимни тақдим қилиш, деганидир. Яъни, тадбирлар ҳақида олдиндан хабардор қилиш, ҳужжатларнинг нусхаларини бериш, стул, стол билан таъминлаш ва ҳ.к. Аккредитациядан ўтмаганлар умумий шарт-шароитларда ишлайверади: тадбир ҳақида ўзлари хабардор бўлишади, ҳужжат нусхаларини ўзлари топишади, стул ва стол билан таъминланишмайди.
Аммо, аккредитация берувчи ташкилот журналистни тадбирга киритмасликка ҳаққи йўқ. Ҳатто, аккредитация берилмаган тақдирда ҳам, ОАВ ходимлари очиқ тарзда ўтказиладиган ҳар қандай тадбирларда қатнашиш ҳуқуқига ЭГА.
Бу ҳақда «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонунда ҳеч нарса дейилмаган (аслида шу бандни киритиш керак, бу жуда муҳим), аммо «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасида журналист ўз касбига доир фаолиятни амалга ошириш чоғида ахборот тўплаш, уни таҳлил этиш ва тарқатиш, судларнинг очиқ мажлисларида, ҳарбий ҳаракатлар майдонларида, табиий офат юз берган ҳудудларда, оммавий тадбирларда ҳозир бўлиш ҳуқуқига эга экани кўрсатилган.
ПФЛ хабарига кўра, ташкилотда «ЎзПФЛ томонидан ўтказиладиган тадбирларда ОАВ ходимларини аккредитациядан ўтказиш тартиби» мавжуд ва унда аккредитациядан ўтган ОАВ ва уларнинг вакилларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қуйидагича белгиланган:
Аккредитациядан ўтган журналист ЎзПФЛ, унинг ходимлари ва ўтказилаётган Тадбир иштирокчиларининг ҳақ-ҳуқуқлари, қарашлари ва касбий обрўсини ҳурмат қилиши, тадбир ҳақидаги тарқатаётган маълумотнинг ҳаққонийлигига тўла ишонч ҳосил қилиши, фақат тўлиқ асосга эга фактларни тақдим этиши, фактларга асосланмаган, ёлғон маълумотларни тарқатмаслиги, умумжорий нормаларга, журналистик этикага риоя қилиши, негатив характерга эга маълумотларни тарқатмаслиги, ЎзПФЛ, ЎзПФЛ вакиллари ва Тадбир иштирокчиларини асоссиз ва исботсиз танқид қилмаслиги кўрсатилган.
Шу аснода «Аккредитациядан маҳрум қилиш, мазкур қоидалар ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилигидан келиб чиққан ҳолда, тегишли ОАВга ҳам, ОАВнинг алоҳида ходимига нисбатан ҳам қўлланилиши мумкин», деб ёзилган.
Дарҳақиқат, аккредитация берувчи ташкилот юқорида кўрсатилган сабабларга асосан журналистни ундан маҳрум қилиши мумкин, бироқ, фақат бу сабаблар судда исботланиб, унинг қонуний кучга кирган қароридан сўнг.
ПФЛ Championat.asia сайтини айрим ноҳақликларга йўл қўйиб, жамоатчиликнинг фикрини салбий томонга оғишига сабаб бўлишда, ижтимоий тармоқларда ноўрин чиқишлар қилганликда айблаган. Яъни, туҳмат ва бўҳтон хабарларни тарқатганликда. Аслида бу жиддий айблов, бундай қилмиш учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик кўзда тутилган. Бироқ, унутмаслик лозим, демократик жамиятда ҳар қандай жиноят фақат ва фақат қонуний кучга кирган суд қарори билан тасдиқланиши керак. ПФЛ ўз айбловлари фақат судда тасдиғини топганидан сўнг, Championat.asia ва унинг ходимларини аккредитациядан маҳрум қилишга ҳақли эди.
Tribuna.uz сайти Championat.asia нашри билан бир майдонда фаолият юритади. Демак, қайсидир маънода уни ўзига рақобатчи деб билади, бу табиий ҳол. Tribuna.uz сайти ходими сифатида, баъзи масалалар бўйича Championat.asia нашри ходимлари фикрига фақат қисман қўшиламан, баъзилари бўйича умуман қарама-қарши нуқтаи-назарга эгаман.
Аммо демократик деб даъво қилинаётган жамият фуқароси ва журналист сифатида сўз эркинлиги ва журналистик фаолиятига ҳеч кимнинг тўсқинлик қилишга ҳаққи йўқ деб ҳисоблайман. Бу борада Championat.asia нашридаги ҳамкасблар билан ҳамфикрман, бу вазиятда уларни қўллаб-қувватлайман.
ПФЛ қандай мавқега эга ташкилот бўлишидан қатъи-назар, журналистларга ўз сиёсатини зўрлаб сингдиришга, ўз йўлига «йўрғалатиш»га, ўзини танқид қилувчиларни бу тарзда жазолашга ҳаққи йўқ. Аккредитация ПФЛга журналистларга босим ўтказиш ҳуқуқини бермайди. Яна бир бор таъкидлаш ўринли, ОАВ ходимлари ҳуқуқларини чеклаш фақат суднинг қонуний кучга кирган қарори билан қилиниши мумкин.
Агар ПФЛга нисбатан туҳмат ва бўҳтон хабар тарқатилаётган бўлса, буни Ўзбекистон Республикаси қонунлари доирасида, фақат судда ҳал қилиш лозим. Бу демократик жамиятнинг худди темир-бетон маҳсулоти каби мустаҳкам қоидасидир.
Нурмуҳаммад Саид