Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 2019 йилги давлат бюджети параметрларини тасдиқлади. Унда келгуси йилда давлат солиқ сиёсатининг асосий йўналишларига ҳам ойдинлик киритилган. Хусусан, белгиланишича, солиқ ислоҳотлари самараси ўлароқ, жисмоний ва юридик шахслар, тадбиркорлик субъектларининг даромади сезиларли ошади, бизнес ўз фаолиятини легаллаштириши давом этади, “конверт”да ойлик маош бериш амалиёти барҳам топиши кутилмоқда. Бу ҳақда Молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов ОАВ вакиллари билан учрашувда маълум қилди.

1. Жисмоний шахслар даромадини солиққа тортишни такомиллаштириш мақсадида, барча фуқаролар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкаси 12 фоиз миқдорида жорий этилмоқда. Илгари, аҳоли даромадлари тўрт поғонали шкала билан солиққа тортилар эди. Янги тадбир, “конверт” асосида иш ҳақи тўлашдан воз кечишга, шу билан бирга тадбиркорлик субъектларининг ходимлар сони ва иш ҳақи фондини қонунийлаштиришига рағбат уйғотади ҳамда иқтисодиётда жамғариш улушини кўпайтиради.
2. Меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасига солиқ юкини камайтиришнинг яна бир тадбири, бу – ягона ижтимоий тўлов ставкаларининг 25 фоиздан 12 фоизгача камайтирилиши бўлди. Таъкидлаш ўринлики, бу қоида бюджет ташкилотлари ва давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар учун татбиқ қилинмайди. Ушбу таклифдан солиқ тўловчилар ихтиёрида қоладиган маблағлар 2,9 трлн сўмни ташкил қилади.
3. Фуқароларнинг даромадларидан Пенсия жамғармасига суғурта бадалини (8 фоиз) тўлаш амалиёти бекор қилинади. Мисол учун, мактабгача таълим муассасаси тарбиячисига 1 908 минг сўм иш ҳақи ҳисобланса, солиқлар ва тўловлар ушлаб қолинганидан сўнг 1520 минг сўм қўлига оладиган бўлса, янаги йилдан бошлаб 1680 минг сўм олишни бошлайди.
4. Фойда солиғи тўловчиларига солиқ юкини камайтириш, инвестициялар миқдорини ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида:
тижорат банклари учун фойда солиғи ставкаси 22 фоиздан 20гача;
корхона ва ташкилотлар учун – 14дан 12гача;
дивиденд ва фоиз кўринишидаги даромадлар учун – 10дан 5гача камайтирилади.
Бу тадбирлар солиқ тўловчилар ихтиёрида 582 млрд сўм қолдириш имконини беради.
Мисол учун, 1 млрд сўм солиқ тўлайдиган корхона кейинги йилда 850 млн сўм солиқ тўлай бошлайди, соф фойдаси эса 150 млн сўмга кўпаяди.
















