Жамият | 15:30 / 07.11.2018
6580
4 дақиқада ўқилади

Йил бошидан буён Самарқандда озиқ-овқатдан 57 киши заҳарланди ва бир киши вафот этди

Фото: Depositphotos

Сўнгги ойларда кўп ҳудудларда оммавий заҳарланиш билан боғлиқ, жамоатчилик ўртасида катта резонанс келтириб чиқарган ҳодисалар қайд этилди. Самарқандда ҳот-дог еб заҳарланган 27 киши воқеаси вилоят фавқулодда комиссиясининг зудлик билан ўтказилган йиғилиши мавзуси бўлди, деб ёзади «Народное слово».

Тадбирда умумий овқатланиш соҳасидаги ташвишли тенденциялар ҳақида сигнал берувчи фактлар очиқланди.

«Йил бошидан буён вилоятда озиқ-овқатдан заҳарланиш билан боғлиқ бешта ҳодиса қайд этилди, уларнинг натижасида 57 киши жабрланди ва бир киши вафот этди. Заҳарланиш сабаблари сифатида уй шароитларидан тайёрланган консерва маҳсулотлари, умумий овқатланиш жойларида технологик ва санитария-гигиена қоидаларига хилоф равишда тайёрланган ингридиентлардан фойдаланиш кўрсатиб ўтилган. Масалан, энг сўнгги ҳолат — Сартепа массивида ҳот-доглардан оммавий заҳарланиш сабаби қўлбола майонез бўлган», — деб қайд этган ўз ҳисоботида Самарқанд вилоят давлат санитария-эпидемиология назорат маркази раҳбари О.Бойқобилов.

Шунингдек, зарарли қўшилмаларга эга таом билан савдо қилган инсон керакли тарзда рўйхатдан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғуллангани, фаст-фуд эса талабга мутлақо жавоб бермайдиган санитария-гигиеник шароитларда тайёрлангани маълум бўлди. Бу ерда ҳаттоки ишлатилган ошхона анжомларини ювиш учун сув ҳам бўлмаган. Савдо нуқтаси сотувчиларида тиббиёт дафтарчаси йўқ бўлган. Машъум савдо нуқтасида тайёрланган соус, салат ва бошқ маҳсулотлар, пичоқ ва ликобчаларда ичак таёқчалари ва стафилококлардан иборат ўта хавфли бактериялар тўплангани, улар сифатсиз майонез билан бирлашганидан сўнг инсонларнинг оммавий заҳарланишига сабаб бўлганини кўрсатди.

Вилоят фавқулодда комиссияси йиғилишида биргина вилоят маркази бўлмиш Самарқанд шаҳрида 200дан ортиқ турли фаст-фудлар тайёрловчи нуқталар фаолият кўрсатаётгани тилга олинган. Тадбиркорлик субъектларини текширишлар сони қисқартирилгани боис, бугунги кунда таом тайёрланиш технологияси ва санитария-гигиеник ҳолатнинг объектив манзарасини ҳосил қилиш бирмунча мураккаблашган. Умумий овқатланиш корхоналарининг аксарияти қоидабузарлик билан фаолият кўрсатмоқда. Масалан, тадбиркорлар бир фаолият турини рўйхатдан ўтказиб, аслида умумий овқатланиш фаолияти билан шуғулланишмоқда.

Айниқса, кўплаб таълим муассасаларида турли бутербродлар ва экспресс-таомлар билан савдо қилиш меъёрга айланиб бораётгани кишини ташвишлантирмасдан қолмайди. Бундай нонушта ва тушликлар қандай шароитларда ва қандай технологиялар асосида тайёрланмоқда, уларни назорат қилишнинг амалда имкони йўқ, чунки бундай таомлар сотувчилар томонидан уйидан етказиб берилади ёки бевосита ўқув муассасаларининг ўзида, мослаштирилмаган шароитларда тайёрланиб, реализация қилинади.

Озиқ-овқатдан заҳарланишга доир яна бир потенциал таҳдид Самарқанд шаҳридаги бозорларда яшириниб ётибди. Бу ерда уй шароитларда тайёрланган пишириқларни пиёдалар йўлкасига қўйиб сотиш урфга кирган. Бундай фактлар бир неча бор маҳаллий оммавий ахборот воситаларида, маҳаллий ҳокимият органлари томонидан танқид остига олинган. Лекин уйда тайёрланган таомларнинг кўча ва кўчаолди савдосига қарши кураш самарадорлиги қисқа вақт учун амал қилади. Рейдлар ва маъмурий таъсир чораларидан сўнг бозорларга ёндош ҳудудлар яна улкан шведча стол кўринишини  олади.

Мавзуга оид