Ўзбекистонда илк бор спорт тиббиётига бағишланган йирик анжуман бўлиб ўтди
Маълумки, сўнгги йилларда ўзбекистонлик спортчилар катта ютуқларга эришишмоқда. Бу муваффақиятлар заминида спотчиларимизнинг меҳнати билан бирга Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказ ходимларининг меҳнати ҳам алоҳида ўринга эга.
8 ноябрь куни пойтахтимиздаги City Palace Hotel меҳмонхонасида Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази ташаббуси билан “Спорт тиббиётининг долзарб муаммо ва истиқболлари” номли Халқаро илмий-амалий конференция иш бошлади. Миллий олимпия қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказилаётган анжуманда спорт тиббиёти бўйича мамлакатимизнинг етакчи мутахассислари билан бирга Россия, Япония, Туркия, Беларус, Қозоғистон каби давлатлардан таниқли спорт шифокорлари иштирок этишмоқда.
Тадбирни Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази раҳбари Абдушукур Содиқов очиб берди. Сўнгра Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов сўзга чиқди ва Ўзбекистонда спорт тиббиётининг ривожланишида Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказининг ўрни беқиёс эканлиги, мазкур конференция ўзаро фикр алмашиш, тажриба орттириш йўлида ўзига хос ахборот майдони бўлишини таъкидлаб ўтди. Ж.Матчанов ўз сўзида юртимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, у орқали спортчиларимизнинг Осиё ва жаҳон миқёсидаги мусобақаларда муваффақиятли иштирок этишини таъминлаш, жумладан, спорт тиббиётининг илғор ютуқларини ўрганиб, амалиётга татбиқ этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганига алоҳида тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг, тадбирнинг мартабали меҳмонлари томонидан маърузалар бошланди. Аввалига марказ директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Абдушукур Содиқов “Ўзбекистонда спорт тиббиётининг кеча ва бугуни” мавзуида чиқиш қилди. Сўнгра Россиядан ташриф буюрган таниқли академик, МДҲ ва Болтиқбўйи давлатлари спорт тиббиёти врачлари ассоциацияси президенти Борис Поляев Россия спорт тиббиётининг бугунги кун ютуқлари ҳақида гапириб берди.
Япониялик олим, 2020 йилги Токио Олимпия ва Паралимпия ўйинлари ташкилий кенгаш аъзоси Ишида Хироюкининг “Спортда тўсатдан ўлимнинг олдини олиш стратегияси” мавзуидаги маърузаси йиғилганларнинг катта қизиқишига сабаб бўлди.
— Бутун дунёда спорт тиббиётидаги муаммолар, уларни бартараф этиш, спортчиларнинг мусобақалар жараёнида жароҳат олишларини камайтириш, турли шикастланишларнинг олдини олиш борасида кўплаб ишлар қилинмоқда, — деди МДҲ ва Болтиқбўйи давлатлари спорт тиббиёти врачлари ассоциацияси президенти, РФФА академиги Борис Поляев. — Бу борада Ўзбекистонда ҳам мутахассислар катта ишларни амалга ошираётганига гувоҳ бўлдим. Айниқса, мамлакатингиздаги Республика спорт тиббиёти илмий амалий марказида яратилган шароитлар, у ерда фаолият юритаётган мутахассислар менда катта таассурот қолдирди.
Шунингдек, конференцияда мавзуга доир спорт тиббиёти бўйича маҳаллий ва хорижий шифокорлар ўз маърузалари билан иштирок этишди. Анжуман давомида Россия спорт тиббиёти бўйича бемор ва ногиронларни реабилитация қилиш ассоциацияси президенти Б.А.Поляев ҳамда Ўзбекистон спорт тиббиёти ва реабилитацияси миллий ассоциацияси раиси А.А.Содиқовлар томонидан спорт тиббиётини икки томонлама ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўйича ҳамкорлик қилиш мақсад қилинган меморандум имзоланди.
Жумладан, “Спорт тиббиёти ва реабилитацияси миллий ассоциацияси” ташкил килинди. Бунинг негизида Япония, Туркия ва Россия давлатлари билан хамкорликда ишлаш бўйича икки томонлама меморандумлар тузилди. Марказнинг истеъдодли ёш мутахассиси Сардор Парпиев Москванинг даволаш ва реабилитация марказига юқори инновацион технологик тиббий ускуналарни ўрганиш учун жорий йилнинг 20 ноябрда бир ярим ойлик курсга жўнаб кетмоқда. Бу меморандумлар хорижий давлатлар билан ҳамкорликда ишлашимизга кенг имкониятлар яратиб беради.
Конференция ўз ишини 9 ноябрда Самарқанд шаҳрида давом эттирди.
Анжуман иштирокчилари даставвал Самарқанд Давлат тиббиёт институтига ташриф буюриб, у ердаги шарт-шароитлар ҳамда тиббиёт соҳасидаги янги инновацион методлар билан танишишди. Тадбирнинг асосий қисми интитутнинг клиникасида давом эттирилиб, у ерда хориж мутахассислари томонидан мастер-класслар бўлиб ўтди. Кун якунида анжуман иштирокчилари Самарқанд шаҳрининг қадимий масканларига ташриф буюриб, у ердаги обидаларни томоша қилишди. Шу куннинг ўзида анжуман иштирокчилари ўз ишини тугатиб, Тошкентга қайтишди.
Ҳамза Умаров, Зилола Тўлаганова
Мавзуга оид
14:36 / 07.11.2024
Таълим муассасалари ўқув дастурига ўқотар қуроллар тактик-техник тавсифлари амалий машғулотлари киритилади
20:22 / 21.10.2024
Енгил касалликларни дори билан даволашга ўрганиб қолишнинг олди олинади
20:31 / 20.09.2024
Олимпия шаҳарчаси ҳудудида хоккей мажмуаси қурилиши мумкин
14:53 / 06.09.2024