Ўзбекистон | 15:37 / 13.11.2018
15421
6 дақиқада ўқилади

Инвесторлар Ўзбекистон ЭИЗларидаги муаммо ва тўсиқларни маълум қилишди

Фото: “Тараққиёт стратегияси” маркази

2018 йилнинг 12 ноябрь куни “Тараққиёт стратегияси” марказида “Ўзбекистондаги эркин иқтисодий зоналар самарадорлигини баҳолаш: ҳуқуқий, инвестицион, иқтисодий, ижтимоий ва экологик жиҳатлари” мавзусида “давра суҳбати” бўлиб ўтди.

Унда “PeaceNexus” жамғармасининг “Тараққиёт стратегияси” маркази билан ҳамкорликда жорий йилнинг сентябрь ва октябрь ойлари давомида Ўзбекистондаги эркин иқтисодий зоналар фаолиятини янада ривожлантиришга қаратилган тадқиқот натижалари эълон қилинди.

Мутахассислар “Навоий” ва “Ангрен” ЭИЗларига ташриф буюриб, жойларда тадқиқотлар олиб борди. У ерда ЭИЗ фаолияти, инвестицион муҳитни яхшилаш бўйича яратилаётган шароитлар билан яқиндан танишдилар. Инвесторлар, дирекция вакиллари, корхона ходимлари, маҳаллий тадбиркорларнинг фикрлари, мавжуд муаммоларни ҳал этишга қаратилган таклифлари ўрганилди.

Тадқиқотлар фаолиятнинг норматив-ҳуқуқий асослари ва ЭИЗларнинг инвестицион жозибадорлиги, солиқ сиёсати, божхона маъмуриятчилиги, ЭИЗларнинг атроф-муҳитга ва ижтимоий-иқтисодий таъсири каби беш йўналишда олиб борилди.
Расмий маълумотларга кўра, айни пайтда «Навоий» ЭИЗда рўйхатга олинган иштирокчилар сони 35, Ангренда эса 82тани ташкил этади.

Мутахассисларнинг аниқлашларича, ЭИЗ маҳаллий бошқарув органларида қуйидаги муаммолар мавжуд:

- ЭИЗ маъмуриятлари потенциал инвесторларга ер, бино ва иншоотларни ажратиш ваколатига эга эмас. Ер участкалари, бино ва иншоотларни ажратиш ҳақидаги қарорлар маъмурий кенгашлар томонидан қабул қилинади ва кўпинча бир неча ойларга чўзилади; 

- маъмуриятларнинг инвесторларни муҳандислик-коммуникация инфратузилмаларига (электр, газ, совуқ сув, канализация) улаш бўйича ваколатлари чекланган. Аксарият ҳолларда ЭИЗлар муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси ташкил қилинмасдан туриб очилади;

- ҳужжатлар йиғиш ва бизнес-режаларни ишлаб чиқиш бўйича талаблар ўта мураккаб ҳамда инвестиция лойиҳаларига рухсат бериш бўйича маъмурий ва республика кенгашларининг қарорлари ортиқча равишда бюрократлашган;
- инвесторлар билан ишлаш бўйича «ягона ойна» тизими яратилмаган – инвесторлар ҳар бир қарор бўйича югуриб юришга ва давлат органларининг  қарорларини ойлаб кутишга мажбур бўлишади;

- маъмурий кенгашлар таркибига «Ўзбекэнерго», «Ўзбекнефтегаз», Уй-жой коммунал хизмат вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ҳудудий вакиллари киритилмаган;
- маъмурий кенгаш вазирлик ва республика бўйсунувидаги идоралар балансидаги ер, бино ва иншоотлар бўйича қарор чиқара олмайди.

Инвесторлар шунингдек, қуйидаги муаммоларга дуч келишади:  

- меҳнат визаларини олиш (Ўзбекистон Республикасида хориж фуқароларининг ишга жойлашиши) ўта мураккаб. 2012 йилгача ишга жойлашиш учун рухсатнома олишнинг соддалаштирилган тартиби нима учундир бекор қилинган. Рухсатнома 30 кун давомида бир йилга узайтириш ҳуқуқи билан бир йилгача муддатга берилади. 2 йиллик муддат якунлангача, хорижлик инвестор Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигидан янги рухсатнома олиши керак бўлади.

- давлат ҳокимияти органлари томонидан бюрократик жараёнлар узоқ давом этади ва мурожаатларни кўриб чиқиш тасаввурга сиғмайдиган даражада узоқ муддатни олади. Қурилиш ва муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш бўйича Давлат экология қўмитаси хулосаси ва рухсатини олиш бир неча ойларга чўзилади. Худди ўша хизматлар биргина баҳона асосида мурожаатни рад этиши ва бир неча марта уни қайта ишлаш учун қайтариши мумкин;

- ЭИЗдаги иштирокчи корхоналарга хизмат қиладиган зарур логистика хизматлари ташкил этилмаган. «Навоий» ЭИЗдагилар буни ЭИЗ ҳудудида фақатгина рўйхатга олинган иштирокчилар бўлиши мумкинлиги билан изоҳлашади;
- ЭИЗ яқинида инвестор талабига жавоб берадиган ижтимоий инфратузилма ташкил этилмаган. Инвесторлар вақти-вақти билан келишни ва шу куниёқ Тошкентга қайтишни маъқул кўришади;

- божхонада инвесторлар барча зарур ҳужжатларни қайтадан тўлдириш, сертификат йиғиш ва божхона жараёнларидан қайтадан ўтишларига тўғри келади. Шунинг учун инвесторлар катта миқдордаги хомашёни олиб киришга ва уни божхона омборида сақлашга мажбур бўлишади;

- давлат компаниялари («Ўзбекистон ҳаво йўллари» ва «Ўзбекистон темир йўллари») томонидан кўрсатиладиган хизматлар нархи юқори. Масалан, битта 40 футли контейнерни Навоий шаҳридаги «Тинчлик» станциясидан «Навоий» ЭИЗгача  (25 км) олиб бориш 500 долларга тушади.

Бундан ташқари, ЭИЗларда арзон ва сифатли транспорт  хизматлари (масалан, «Навоий» ЭИЗда контейнерларни юклаш-тушириш крани ишламайди) ва техник сув ҳамда канализация бўйича муаммолар мавжуд. «Ангрен» ЭИЗда узлуксиз табиий газдан фойдаланиш борасида муаммолар бор ҳамда инвесторлар талабига жавоб берадиган ижтимоий инфратузилма яратилмаган.  Шу боис инвесторлар вақти-вақти билан келишни ва шу куниёқ Тошкентга қайтишни маъқул кўришади.
Улар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига яқин туманларни инвестиция  киритиш учун қулай жойлар деб топишган.

Мавзуга оид