30 октябрдан 8 ноябрга қадар Тошкентда Ўзбекистон Республикаси расмий органлари ва Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) миссияси ўртасида ўтган муҳокамаларнинг мазмунига доир маълумотлар тақдим этилди. Расмий органлар барча жабҳаларда иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни амалга оширишда давом этмоқда. Муҳокамалар давомида қуйидаги масалаларни кўриб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди: иқтисодий вазиятни ривожлантириш истиқболлари, айниқса, инфляция прогнозлари бўйича, 2019 йил бюджети, кредитлаш бозори сегментацияси пасайиши, статистикани такомиллаштириш ҳамда техник ёрдам дастурлари координациясини яхшилаш.

Иқтисодий вазиятни ривожлантириш истиқболлари

Ташқи савдо ўсишни қўллаб-қувватламоқда, бироқ импорт ва экспорт маълумотлари иқтисодиётнинг эрта "қизиш" белгилари мавжудлигини кўрсатмоқда. Учинчи чоракда импорт ўсиши юқори кўрсаткичларда давом этган, бу нафақат ички талабнинг (айниқса, машиналар ва ускуналарга) фаол ўсишини, балки маҳаллий оралиқ товарлар ишлаб чиқарилиши билан боғлиқ қийинчиликларни ҳам кўрсатади. Шу билан бирга, учинчи чоракда нохомашё товарлар экспорти сезиларли даражада секинлашди, бу, эҳтимол, экспортнинг қисман ички истеъмолга қайта йўналтирилиши ҳисобига қопланувчи ички талаб томонидан босимни акс эттиради.

Ташқи позиция ёки жорий операциялар ҳисоби 2017 йилдаги ижобийдан 2018 йилда салбийга ўзгаради (ЯИМнинг 3 фоизи ҳажмидаги дефицит) ва яқин йилларда меъёрий салбий кўрсаткичлар даражасида қолади. Ўзбекистонда кенг тарқалган фикрларга қарши ўлароқ, кичик ташқи дефицитлар иқтисодиётга фойда ва бу иқтисодиётда ислоҳотлар ва модернизация бошланаётган бир давр учун кутилган ҳолат. Шу билан бирга, дастлабки босқичда ички талаб томонидан ҳаддан ташқари босимни юзага келтираётган макроиқтисодий сиёсат меъёрларига тузатиш киритиш муҳим.

Ялпи ички маҳсулот тахминан 5 фоизга ўсишда давом этган. Учинчи чоракда тоғ-кон саноати, телекоммуникация, қурилиш соҳалари ва баъзи хизматлар секторларида фаол ўсиш сақланиб қолган. Бироқ жаҳон бозорларида сотилиши мумкин бўлган товар ишлаб чиқарувчи ва айниқса янги иш ўринларини яратиш учун катта аҳамиятга эга секторларда ўсиш кўрсаткичлари жонланишига доир белгилар у қадар сезиларли эмас. Ушбу секторлардаги ўсиш суратларининг пастлиги электр энергияси ва сув каби оралиқ ресурсларга эга бўлиш билан боғлиқ муаммоларни акс эттириши тахмин қилинмоқда. Ташқи савдога чиқувчи товарлар ишлаб чиқарилувчи секторларда ўсишни рағбатлантириш учун тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар (ТХИ)ни жалб қилишга доир ишларни кучайтириш зарур.