Спорт | 11:04 / 24.11.2018
7721
4 дақиқада ўқилади

Рамоснинг анти-допинг қоидаларини бузгани ҳақида нималар маълум?

Фото: Laurence Griffiths/Getty Images

«Реал» ўтган йили жамоа сардори Серхио Рамоснинг ЕЧЛ финали олдидан топширган допинг тести ижобий натижа кўрсатганини яширишга уринган ва буни муваффақиятли уддалаган, деб хабар берди Football Leaks. Аммо орадан кўп ўтмай «Реал» ва УЕФА баёнот билиб чиқиб, ушбу маълумотни рад этди.

Хўш, Football Leaks Рамос иши бўйича қайси маълумотларни ошкор қилган эди?

Суриштирув хулосаларини тақдим этиб бораётган Spiegel газетасининг ёзишича, 2017 йил 4 июнь куни Австриянинг Сейберсдорф шаҳридаги допинг лабораториясига 3324822 рақами остида таҳлил намунаси етиб келган. Намуна «Реал» ҳимоячиси Серхио Рамосга тегишли бўлиб, ЕЧЛ финалидан бир кун олдин допинг назорати учун олинган бўлган. (Маълумот учун, финал ўйини 3 июнда ўтказилган, унда «Реал» «Ювентус»ни 4:1 ҳисобида мағлуб этганди).

Орадан бир ой ўтиб, 5 июль куни Сейберсдорф лабораторияси УЕФАга ҳисоб-маълумот етказиб, ушбу биологик намунада дексаметазон моддаси топилганини хабар қилган. Ушбу модда яллиғланишга қарши ва оғриқ қолдирувчи таъсирга эга бўлиб, онгни тиниқлаштириш, диққатни жамлашни осонлаштиришга ёрдам беради, шунингдек, одамни эйфория ҳолатига ҳам тушириши мумкин. Дексаметазон Жаҳон Антидопинг Агентлиги (WADA)нинг тақиқланган моддалар рўйхатига киритилган. 

Австриядан шу ҳақдаги маълумот олинганидан икки кун ўтиб, УЕФАнинг антидопинг бўлинмаси вакили Рамос билан боғланиб, бунга изоҳ сўраган. Серхио 10 июль куни жавоб хати ёзиб, унда УЕФА расмийсини фамилияси билан эмас, исми билан атаган. Мактуб бор-йўғи тўрт қатор гапдан иборат бўлиб, асосан «Реал» шифокори ўйиндан бир кун олдин у билан муолажа ўтказгани, қолган изоҳни клуб шифокори бериши ёзилган эди.

Гап шундаки, Жаҳон Антидопинг Агентлиги дексаметазонни спортчиларда қўллаш бўйича аниқ қоидаларни белгилаган. Моддани ўйинлардан олдин ишлатиш мумкин, бироқ унинг қўллангани ҳақида жамоа шифокори допинг-тести давомида тегишли шахсларни хабардор қилиши шарт. Агар шифокор бундай қилмаса ва таҳлил жараёнида спортчининг қонидан ушбу модда топилса, бу ҳолат допинг текширувини ўтказишга асос бўлади.

Рамос билан боғлиқ вазиятда ана шундай ҳолат рўй берган: 3324822 рақами билан қайд қилинган таҳлил намунасига илова қилинган маълумотномада ҳимоячининг сўнгги 7 кун давомида қабул қилган дори воситалари рўйхати келтирилган бўлиб, улар орасида дексаметазон қайд этилмаган. Аммо рўйхатда финалдан бир кун олдин бошқа бир дори – бетаметазон 1,2 мл.дан Серхионинг елка ва тизза бўғимларига шприц орқали юборилгани ёзилган. «Реал» шифокори ушбу бланкани тўлдиришда таъсири ва классификацияси жиҳатдан ўхшаш икки дори номини чалкаштириб юборган, яъни дексаметазон ўрнига бетаметазон деб ёзган.

«Қироллик клуби» шифокори, Испания регби терма жамоасида ҳам ишловчи А. ушбу вазиятда барча масъулиятни ўз зиммасига олган. Травматолог ўз хатосини тан олиб, воқеа «инсон омили» сабаб рўй бергани, бунда Рамоснинг мутлақо айби йўқлигини УЕФА вакилларига маълум қилган. У тушунтириш хатида буни атайин қилиш нияти бўлмаганини қўшимча қилган.

УЕФА антидопинг офицерлари мазкур ҳолатда шифокорнинг билдиргисини тўғри қабул қилган ва соҳа «экспертига» мурожаат қилган. Мутахассис дексаметазоннинг 1,2 мл ҳажмдаги иккита иньекцияси футболчининг пешобида аниқланган миқдорга тенг дексаметазон консентрациясини келтириб чиқаришини тасдиқлаган.

Шу тариқа, УЕФА вакиллари клубнинг тушунтиришини ҳам ҳисобга олиб, ушбу ишни ёпиб юборган. «Келгусида допинг назорати бланкасини тўлдираётганда, айниқса дорилар декларациясини келтиришда сиз ва клубингиз шифокорига ўта эътиборли бўлишни сўраймиз», - дейилган УЕФАнинг «Реал»га мактубида.

Мавзуга оид