Жамият | 14:21 / 25.11.2018
22610
6 дақиқада ўқилади

«Менинг кўзим ожиз эмас, ҳеч кимдан кам жойим ҳам йўқ...»

Инсон гоҳида шундай қаттиқ ношукрлик қиладики, гўё унга ҳеч қандай неъмат берилмаган, гўё у ҳамма нарсадан қуруқ қоляпти, худди у барчасига муносибдек. Аслида-чи? Аслида, бари тескари. Дўппини бир четга қўйиб ўйлаб қаралса, биз учун шундай неъматлар берилганки, уларнинг сарҳисобини қилишга вақт етмайди, ақл ожизлик қилади. Буни пайқаш учун шунчаки ён-атрофга қараб фикр юритиш, турли тақдир эгалари умридан маъно топиш етади.

Иш юзасидан кўп жойларда бўламиз, турли характерга эга инсонлар билан суҳбатлашамиз, ҳар куни юзлаб хабарларни эшитамиз. Кимдир ўз жонига қасд қилмоқда, яна кимдир боласи билан ўзини анҳорга отмоқда, бошқа биров эса ҳаёт синовларига чидай олмай турли кўчаларда санғимоқда. Аммо шундай инсонлар ҳам борки, улар Аллоҳнинг хоҳишига кўра, бу дунёга ногиронлик ҳолатида келган. Аммо тақдири илоҳийга кўникиб, яшашмоқда, ўқишмоқда, ишлашмоқда ва бунинг учун баридан рози бўлишмоқда. Чунки улар ҳаёт манзараларини сизу бизчалик кўра олишмаса-да, аммо унинг қадри ва ҳикматини жуда кўпчилигимиздан кўра яхшироқ англашади, ҳис этишади. Бугунги суҳбатимиз кўзи ожиз болалар ҳаёти ҳақида...

Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида 18-сонли кўриш бўйича имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаси жойлашган. Номидан ҳам маълум – бу ерда кўзи ожиз йигитлар-қизлар таҳсил олишади. Улар бошқа тенгдошларидан кўра фарқли, аммо шунга қарамай интилишлари, билимга бўлган чанқоқликлари ва энг асосийси, орзу-ҳаваслари жуда улкан ва беғубор. Ушбу таълим муассасаси фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида таълим даргоҳи директори Зоир Раҳимов билан суҳбатлашдик. 

 — Ушбу таълим масканига 1992 йилда асос солинган. 2012 йилда эса замонавий типда қурилиб, фойдаланишга топширилган. Айни кунда мазкур муассасада кўриш имконияти чекланган 198 нафар бола таҳсил олади. Бу ерда 51 нафар ўқитувчи, 59 нафар тарбиячи фаолият олиб боради. Муассасада умумий ўрта таълим фанлари тўлиқ ўқитилиши баробарида 7 номда коррекцион (нуқсон тузатувчи) машғулотлар ўтказилади. Айни кунларда 2018-2019 йилда ўтказиладиган фан олимпиадасининг 1-босқичига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

Бу ерда ўқиётган болалар билан суҳбатлашдик, уларнинг орзу-умидлари, мақсадлари билан қизиқдик.

 — Жисмоний ҳолатим бошқа тенгдошларимга қараганда нуқсонли бўлганидан сира уялмаганман. Мени кўп мазах қилишарди. Уларга қарата: «Менинг кўзим ожиз эмас, ҳеч кимдан кам жойим ҳам йўқ».., дердим. Чунки ҳаётда менинг ўз режаларим бор. Ўқишни тамомлашим, ўзим ёқтирган фан – математика бўйича профессор бўлишим керак, — дейди Исмоил исмли тарбияланувчилардан бири.

— Мен она-тили ва адабиётига қизиқаман. 2018 йилнинг 14 февраль куни Бухоро вилоятида «Навоийхонлик» ва «Бобурхонлик» адабий-бадиий кечаси ўтказилди. Унда қатнашдим. Ишонасизми, роса ҳаяжонландим. Мен шеъриятни шу қадар яхши кўраманки, гоҳида сиқилган пайтларим ўзим севиб мутолаа қиладиган шеърларни ўқийман, қалбим таскин топади. Келажакда шоира бўлмоқчиман. Инсонларга ҳаёт аслида бойлик, мансабдан иборат эмаслигини, қанчалар ардоқли нарсалар кўп эканлигини исботламоқчиман, ўз ҳаётим, шеърларим мисолида, — дейди тарбияланувчилардан яна бири Муслима.

Биз мазкур таълим даргоҳига кириб борганимизда болалар «телевизорда чиқарканмиз», деб роса хурсанд бўлишди, атрофимизни ўраб олиб турли саволларга кўмиб ташлашди. Ораларида интернет, компьютер саводхонлиги, дастурчиликка қизиқадиганлари ҳам йўқ эмас экан. Маълум бўлишича, ушбу муассасага жорий йилнинг 18 сентябрь куни Япония ташқи ишлар вазирлиги томонидан ташкиллаштирилган грантда иштирок этиб қўлга киритилган компьютер синфининг тақдимоти бўлиб ўтган. 

Болалар билан узоқ суҳбатлашдик, уларнинг сўзларини тингладик. Дадил, шўх, ўзларига ишонган, аммо руҳларида қандайдир ғамгинлик борлигига гувоҳ бўлдик. Ниятимиз бир таълим муассасини мақташ, олиб борилган ишлар ҳақида маълумот бериш эмас, шунчаки ён-атрофимизда яшаётган, аммо биз кўпам эътибор бермаётган инсонларнинг умр йўлига саёҳат қилиш эди. 

Очиқ ва тан олиб айтиш керакки, кўпчилигимиз ён-атрофимизга чуқурроқ разм солмай қўйдик. Кўпчилигимиз «осмонларда учиб юрибмиз». Шу сабабми, билмайман,  ҳаётий ҳикматларни бизга тушунтирувчи қалбимизни ўлдириб бўлдик ёки шу йўлдамиз. Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: «Ким оиласи тинч, жасади саломат ва ҳузурида бир кунлик таоми бор ҳолда тонг оттирса, унга дунё тўлиғича берилибди» (Имом Бухорий ривояти). Мазкур муассасадан чиқар эканмиз, кеч тушиб қолганди. Болалар ўз хоналаридан чиқиб, кечки овқатни тановул қилиш учун ошхона сари йўл олишди. Сакраб-сакраб, бир-бирларига ҳазил қилганларича, ўша беғуборлик, ўша шукроналик,  ўша тоза қалб билан...

Сарвар Анвар ўғли,
KUN.UZ журналисти

Мавзуга оид