Light | 20:00 / 27.11.2018
30592
5 дақиқада ўқилади

Бой ва камбағал: Дунё аҳолисининг 1 фоизи тасарруфида қолган 99 фоиз аҳолидан кўпроқ бойлик жамланган

Фото: Listen Money Matters

Тенглик, эзгулик каби хислатлар ҳақида қанчалик бонг урилмасин ижтимоий нотенглик, камбағаллар ва бойлар ўртасидаги тафовут йилдан йилга ортиб бормоқда. 2016 йилга келибоқ дунё аҳолисининг бадавлат инсонлардан иборат 1 фоизи ихтиёрида жамланган жами бойликлар миқдори қолган 99 фоиз аҳолининг пулидан кўпроқ маблағни ташкил қилгани қайд этилган.

Бойлик ва камбағаллик ҳамиша етакчи мавзу бўлиб келган. Ижтимоий нотенглик яхши оқибатларга олиб келмаслиги ҳақида қанчалик кўп гапирилмасин бу ҳолат йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Британиянинг Oxfam хайрия ташкилоти Давосда бўлиб ўтадиган Бутунжаҳон Иқтисодий анжуманида эълон қилган маълумотларга кўз югуртирилса, 2016 йил ҳолатига кўра 62 нафар бадавлат киши ихтиёридаги бойлик дунё аҳолисининг асосан камбағаллардан иборат ярмининг бойлигидан кўпроқдир.

Шунингдек, Credit Suisse маълумотларига кўра, сайёра аҳолисининг 1 фоизини ташкил қилувчи 72 миллион нафар миллионер ва миллиардерлари ихтиёридаги маблағ миқдори 125 трлн долларга етган ва бу қолган 99 фоиз инсонларнинг бойлигидан кўпроқдир. Иқтисодчилар кўп йиллардан буён дунё бойлигининг асосий қисми бир фоиз одамлар ихтиёрида тўпланиши ҳақида тахмин қилишарди ва бу ҳолат кутилганидан бир йил аввалроқ содир бўлди.

2015 йилдан 2016 йилга қадар 12 ой ичида 62 нафар киши ўз бойлигини 44 фоизга, яъни 1,76 трлн долларга қадар ошириб олган бўлса, 3,6 млрд кишининг бутун бойлиги 41 фоизга камайган ва жами 1 трлн долларни ташкил қилган.

«Иқтисодиётни сайёрамиз келажаги ва инсоният манфаатлари учун йўналтиришдек эзгу хитобларимизга қарамай, биз асосан 1 фоиз аҳоли иқтисодини кучайтиряпмиз холос», дейилади Oxfam ташкилотининг «1 фоиз учун иқтисодиёт» деб номланган мақоласида.

Шунингдек, мақолада сайёрамизнинг 10 фоиз аҳолисининг кунлик даромади 25 йиллик уринишлардан кейин ҳам 3 долларга етмагани ҳолда миллиардер ва миллионерлар томонидан оффшор ҳудудларга яширилган бойликлар миқдори 7,6 трлн доллардан ортгани қайд этилган. 

Бу икки йил аввалги ҳолат. Сўнгги йилларда бу борада қандай ўзгаришлар бўлди?

Жефф Безос, Билл Гейтс ва Уоррен Баффет
Фото: Fox Business

Таъкидлаш жоиз, сўнгги икки йил ичида бойларнинг бойлиги ортди, таркиби ўзгарди, камбағаллар эса янада камбағаллашди. Масалан, 2016 йилда Билл Гейтс 75 миллиард доллар билан биринчи ўринни эгаллаган бўлса, 2017 йилга келиб бойлигини 86 миллиард долларга етказиб олган. Иккинчи ўриндаги миллиардер Уоррен Баффетнинг бойлиги миқдори бу вақт оралиғида деярли 15 миллиардга ортиб, 75,6 млрд долларни ташкил қилди. Айнан ўша йили кучли учликка ўз бойлигини бир йил ичида 27,6 млрд долларга оширган Жефф Безос қўшилди ва унинг бойлиги 72,8 млрд доллар экани қайд этилди.

Умуман, 2016-2017 йиллар оралиғида дунёдаги бойлиги 1 млрд доллардан кўпроқ одамлар сони 13 фоизга ортган.

2018 йилга келиб вазият янада қизиқ тус олди – 20 нафар бадавлат одам қўлида 1,2 трлн доллар жамланди. Бу кучли гуруҳга қўшилиш учун камида 39 млрд доллар керак бўларди. Рейтинг таркиби ҳам бутунлай ўзгариб кетди – биринчиликка бойлигини аввал 112, кейин 130 млрд долларга етказган Жефф Безос чиқиб олди. Бу давр оралиғида «бор-йўғи» 4 млрд ишлай олган Билл Гейтс эса кўп йиллар давомида эгаллаб турган тахтидан тушди (кейинчалик бу икки миллиардернинг маблағи камайишга юз тутди).

Хўш, камбағалларчи? Бу давр оралиғида дунёнинг шундоқ ҳам мураккаб шароитдаги давлатлари, хусусан Африка ва Осиё қитъаларидаги кўпчилик мамлакатларда ниҳоятда кучли қурғоқчилик кузатилди. Ирқий ва диний зиддиятлар янги босқичга чиқди, Яқин Шарқ ва араб давлатларидаги ҳарбий ҳаракатлар кўлами кенгайди, қочоқлар (70 млн киши) ва меҳнат мигрантлари сони (расман 260 млн киши) кескин ошди.

Бунинг барчаси вазиятни оғирлаштирди ва «1 фоиз учун иқтисодиёт» тушунчаси нақадар асосли эканлигини тасдиқлади.

Лекин муҳим бир жиҳатни унутмаслик лозим, Forbes рейтингидаги етакчи миллиардерлар ўтган асрдагилардан фарқли равишда ўз ақлий салоҳиятлари билан бойлик орттирган инсонлардир. Бу эса бутун инсониятга ўрнак бўла олади.

Шунга қарамай, дунёнинг қатор сиёсатчилар ва иқтисодчилар – жумладан Барак Обама, Ҳиллари Клинтон, Жозеф Стиглиц, Том Пикетти, Пол Кругман, ёки шулар сафидаги миллиардерлар Уоррен Баффет ва Жорж Сороснинг фикрича, ижтимоий нотенгликнинг ортавериши, бойлар ва камбағаллар ўртасидаги тафовутнинг катталашавериши дунёни ўта мураккаб аҳволга солиб қўйиши ҳеч гап эмас. Жаҳонда инқилоблар, урушлар, бутун бир миллатлар ёки давлатларнинг йўқ бўлиб кетиши каби бошқариб бўлмас вазиятлар юзага келиши мумкин.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид