Қинғир йўллар билан ўқишга кирган талабаларни четлатиш мумкинми?
Яқинда Тошкент давлат юридик университетига ноқонуний йўллар билан ўқишга кирган 4 нафар талаба аниқлангани, уларга ёрдам берган мансабдор шахслар ҳамда талабаларнинг ўзига жиноий иш қўзғатилгани ва энг асосийси қинғир йўллар билан ТДЮУга ўқишга қабул қилинган шахслар талабалар сафидан чиқарилгани хабар қилинди.
Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиевнинг ёзишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сонли қарорининг 3-иловаси билан тасдиқланган Низомнинг 36-бандида талабаларни қуйидаги ҳолларда четлаштирилиши мумкинлиги белгилаб қўйилган:
а) ўз хоҳишига биноан;
б) ўқишнинг бошқа таълим муассасасига кўчирилиши муносабати билан;
в) саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида);
г) ўқув интизомини ва ОТМнинг ички тартиб-қоидаларини бузганлиги учун;
д) бир семестр давомида дарсларни узрли сабабларсиз 74 соатдан ортиқ қолдирганлиги сабабли;
е) ўқиш учун белгиланган тўлов ўз вақтида амалга оширилмаганлиги сабабли (тўлов-контракт бўйича таҳсил олаётганлар учун);
ж) талаба суд томонидан озодликдан маҳрум этилганлиги муносабати билан;
з) вафот этганлиги сабабли.
Бундан бошқа асос йўқ.
Агар яхшилаб таҳлил қилинса, қинғир йўллар билан ўқишга кирган талабаларни ОТМ ректори ўз буйруғи билан талабалар сафидан чиқара олмаслигига гувоҳ бўласиз.
Ректорлар қўллаши мумкин бўлган тахминий вариантлар қуйидагича бўлиши мумкин:
1) мажбурлаб ўз хоҳишига кўра ариза ёздиради – бу қонунга хилоф, лекин тинчроқ усул;
2) 74 соат дарс қолдирди дея баҳолайди – бу асос ҳам тўғри келмайди, чунки Низомда “узрли сабабларсиз” дейилган. Агар мабодо қинғир йўллар билан ўқишга киргани аниқланган шахслар тергов жараёнида эҳтиёт чораси сифатида қамоқда сақланаётган бўлса, унда бу “узрли сабаб” ҳисобланади. Чунки қамоқдаги шахс қанақа қилиб ўқишга келиши мумкин? Агар талаба қамоқда бўлмаса-ю, лекин қочиб кетган ёхуд қўрққанидан ўқишга чиқмаётган бўлса, унда шу асос билан четлаштириш мумкин;
3) суднинг ҳукми чиқишини кутади – лекин бу ҳам қинғир йўл билан ўқишга кирган талабани четлатиш учун ишончли асос эмас. Сабаби Низомда “суд томонидан озодликдан маҳрум этилганлиги” дейилган. Айтайлик, ўша талабалар суднинг ҳукми билан айбдор деб топилса-ю, лекин уларга бошқача жазо (жарима, аҳлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш ва ҳ.к.) тайинланса ҳам ОТМ ректори ўз буйруғи билан талабаларни четлаштира олмайди.
Мана шундай қизиқ казус юзага келган. Бу қонунчиликдаги “бўшлиқ” (пробел) дейилади.
Юридик университетга қинғир йўл билан кирган талабалар нима асосга кўра четлатилганини аниқ билмадим-у, лекин бундай вазиятда ҳозирча мен кўрган энг тўғри ва қонуний йўл, бу ректорнинг эмас, балки Давлат қабул комиссиясининг қарори асосида тест синовларидаги ўша шахсларнинг натижаларини бекор қилиш (ҳақиқий эмас деб топиш) орқалигина уларни талабалар сафидан четлатиш мумкин. Янада аниқроғи уларни талаба бўлган деб ҳисобламаслик мумкин. ОТМ ректорининг ўзи бундай вазиятда ҳеч нарса қила олмайди.
Унинг ёзишича, келгуси қабул йилигача Вазирлар Маҳкамаси қарорига тегишли ўзгартириш киритиш керак ва Низомга “кириш имтиҳонларида белгиланган тартибни бузганлиги учун” деган банд қўшиш керак.
Яна бир қоидани Низомга албатта қўшиш керак – “ушбу асос билан четлатилган талабалар келгусида талабалар сафига қайта тикланмайди”. Йўқса, 1 йил ўтиб, ўқишни қайта тиклаш ҳақида ариза ёзиб келса, яна ҳайрон бўлиб, қонунчиликдаги “бўшлиқни” қандай тўлдиришни билмай ўтирмайлик.
Мавзуга оид
20:17 / 05.11.2024
Маърифий фаолият билан рухсатсиз шуғулланганлик учун жавобгарлик белгиланди
17:18 / 05.11.2024
Рақобат кучли: Хитойдаги таълим тизими ёшлар орасида руҳий тушкунликка сабаб бўлмоқда
16:29 / 21.10.2024
Кадрлар тайёрлайдиган ягона техникумлар тармоғи ташкил этилади
18:35 / 03.10.2024