Жаҳон | 13:18 / 30.11.2018
16323
5 дақиқада ўқилади

Хитойлик фермерлар сабзавотларни электр токи орқали тезроқ ўстиришмоқда

Хитойда электр токидан фойдаланиб сабзавотларни тезроқ ва кучлироқ ўсишга «мажбур қилишмоқда».

«Олимлар кашфиётни қўллаб-қувватлашмоқда. Чунки дунёда йирик саналган тадқиқот натижалари мева ва сабзавотлар кимёвий пестицид ва ўғитларсиз етиштирилиши мумкинлигини тасдиқламоқда», дейилади South China Morning Post хабарида.

Хитойлик сабзавот етиштирувчиларида уч асрдан бери олимларни ўйлантирган саволга жавоб мавжуд: Электр қуввати ўсимликлар ўсишига ёрдам бера оладими?

Бу саволга жавоб топиш учун Хитой дунёдаги энг йирик тажрибалардан бирини ўтказди. Мамлакат бўйлаб, Синьцзяндан тортиб Тинч океанининг соҳил бўйи ҳудудларигача майдони 3 600 гектардан ортиқ иссиқхона хўжаликлари Хитой ҳукумати томонидан молиялаштирилаётган «электромаданият» дастурида иштирок этмоқда.

Яқинда Хитой қишлоқ хўжалиги фанлари академияси ва ҳукуматга қарашли тадқиқот институтлари турли иқлим, тупроқ шароитлари ва етиштириш усулларига эга ҳудудларда ўтказилган 30 йиллик тадқиқот натижаларини эълон қилди. Натижалар катта ютуқ сифатида қабул қилиняпти. Ушбу технология сабзавотлар етиштиришни 20-30 фоизга оширди. Пестицидлардан фойдаланиш 70-100 фоизга камайди. Ўғитлар истеъмоли ҳам 20 фоиздан ортиқ кўрсаткичга пасайган. Сабзавотлар ер сатҳидан уч метр баландликка ўрнатилган ва иссиқхона томининг у бурчагидан бу бурчагигача чўзилган мис симлар тагида ўсмоқда. Симлар тезкор мусбат зарядларни 50 минг вольтгача генерация қила олади.

Юқори частотали электр токи ҳаво ва тупроқ орқали ўтадиган бактерия ва вирусларни ўлдиради. У буғланишни тезлаштириб, сувларнинг баргларда узоқ вақт туриб қолишини ҳам бартараф этади.

Қишлоқ хўжалиги бўйича илмий ходим ва лойиҳанинг етакчи аъзоси профессор Лю Биньцзяннинг айтишича, симлар орқали ўтувчи электр токи ҳажм бўйича смартфон ишлаш кучининг бир неча миллиондан бир улушини ташкил қилади.

«Бу ўсимликлар ва яқин масофада турган одамларга умуман зарар қилмайди», - деган у.

Тадқиқотнинг ижобий натижаларига кўра, электрлаштирилган фермалар майдони Хитойда жуда тез кенгаймоқда. Люнинг сўзларига кўра, йилига 1000 гектардан 1300 гектаргача.

Бу эса яқин 12 ой ичида ерга электрмаданий ишлов беришда 40 фоизли ўсишга эришиш мумкин.

«Сўнгги инвестициялар хусусий сектордан тушмоқда. Бизнес ривожланмоқда. Биз технология ва қурилмаларни Нидерландия, АҚШ, Австралия ва Малайзия каби бошқа мамлакатларга ҳам етказмоқдамиз. Хитой бутун дунёдан бир қадам олдинда», - дейди Лю.

Хитой етакчи позицияни эгалламоқда

Электромаданиятга бўлган қизиқиш ерга органик ишлов бериш ўсиши билан пайдо бўлди. Хитой ҳукумати бу борадаги тажрибаларни 1990 йилда молиялаштиришни бошлади.

Пекиндаги сабзавотлар етиштирувчи йирик Yufa Jingnan Vegetable Production and Sales компанияси катта техниги Он Фэн компания 2014 йилда дастурда иштирок этгани ва натижа «жуда қониқарли» бўлганини айтиб ўтган.

Икки йил ичида электр қуввати натижасида етиштирилган сабзавотлар 1,2 млн юань (175 минг доллар) қўшимча даромад келтирди.

Бир гектар электрлаштирилган иссиқхона учун кунига15 киловат-соатга яқин электр энергияси талаб этилади, бу эса ўртача америкалик оиланинг бир кунда ишлатадиган электр қувватининг ярмидир.

Бундай иссиқхоналарда ёзги ёмғир ҳидини ҳис этиш мумкин. Намлик паст даражада ва ўсимликлар ҳам кам касалланади.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, қурилмани ўрнатиш нархи энг мураккаб жиҳат саналади. У ўн минглаб юанга тенг. Давлат кўмагисиз компания барча иссиқхоналарини ана шу дастурга улаш имконига эга бўлмасди.

«Электр қуввати ҳам сув ва ҳаво каби атроф-муҳитнинг бир қисми», - дейди лойиҳада иштирок этган яна бир мутахассис Го.

«Ўсимликларда ионлаштирилган кўплаб қисмлар мусбат ва манфий зарядларга эга. Улар яқин масофада жойлашган сунъий электр токига реакция қилиши мумкин», – деган у.

Хитойда йилига 1 триллион юанлик сабзавот етиштираётган майдони 4 миллион гектардан ортиқ иссиқхоналар мавжуд.

Профессор Люнинг жамоаси бошқача ёндашувга амал қилмоқда ва сабзавотларни етиштириш учун электромаданий технологияни қўллайдиган ягона ихчам камера лойиҳасини ишлаб чиқмоқда.

«Ҳар бир оила ўзига керакли маҳсулотни айвончаси ёки ҳовлисида етиштира олади», - дейди у.

Камера ёруғлик ва электр майдонининг сунъий манбаидан фойдаланиб, ўсимликлар ўстиради ва касалликлар олдини олади. Эксплуатация автоматик тарзда парвариш ва хизмат кўрсатишсиз амалга оширилади.

«Кун келиб митти камералар йирик фермер хўжаликларининг муқобил шаклига айланади. Бу эса яна бир қишлоқ хўжалиги соҳасидаги кашфиётни амалга оширган бўлар эди», - дейди Лю.

Мавзуга оид