Сўнгги тадқиқотлар натижаларига кўра, Ернинг ўртача статистик кишиси телевизор томоша қилишга суткасига 3 соатга яқин вақт сарфлайди. Бутун умр бўйи телевизор ҳар бир кишининг 9 йилдан ортиқ вақтини олади. Агар бу усулда олинадиган маълумотнинг катта қисми долзарб эмаслиги ҳисобга олинса, бундан-да бефойда машғулотни топиш мушкул. Бироқ бу ҳали ҳаммаси эмас: зангори экран олдида ўтириш нафақат самарасиз, балки хавфли ҳамдир.
Телекўрсатувларни томоша қилиш вақтининг ортиши натижасида юзага келадиган зарарли оқибатлар билан сизларни таништирамиз.

Артериал босимнинг ортиши
Эски телевизорни янгисига алмаштираётганда кўпинча максимал даражадаги катта экрандагиси танланади. Натижада, улар кўрсатувларни томоша қилиш жараёнида кўзни зўриқтиради, чунки турар-жой биноларининг ҳажми томошабинга экрандан хавфсиз масофада бўлиш имконини бермайди.
Ўта катта экран ва экран олдида ўтказилган узоқ вақт доимий равишда кўзларда чарчоқ ҳиссини чақиради. Бундай вазият артериал босимнинг ўсишига сабаб бўлади. Олимлар телевизор олдида ўтказилган ҳар бир соат юрак-қон томир касалликлари эҳтимолини 7 фоизга оширишини аниқлашган. Ишқибозлар бундай машғулот учун кунига 4 соатлаб вақт сарфлашади ва бу каби касалликлардан уч марта кўпроқ зарар кўришади.
Асабийликнинг ортиши
Ҳеч кимга сир эмаски, кўплаб телекўрсатувларда салбий жиҳатлар намойиш этилади. Хотиржам бўлишга ёрдам берадиган ёқимли ва эзгу фильмлар сутканинг ноқулай вақтида намойиш этилади. Телекўрсатувларни соатлаб томоша қиладиган кишиларда ортиқча асабийлик ва шубҳага берилиш ҳолатлари кузатилади. Содир бўладиган фалокатлар олдидан назорат қилиб бўлмас қўрқув депрессия ҳолатига олиб келади.
Бош мия фаоллигининг кучсизланиши
Телевизорни ҳар куни узоқ вақт давомида томоша қилиш бош мия фаоллигига зарар келтиради. Гап шундаки, кўрсатувларнинг моҳияти фастфуднинг интеллектуал аналоги саналади. Китоб матни ва яхши фильмнинг сюжет чизиғидан фарқли равишда у ҳеч қандай таҳлил, фаол хавотирга тушиш, мустақил баҳони талаб этмайди.
Бу каби ақлий сақични доимий равишда истеъмол қилиш хотира, англаш ва қарорларни тезда қабул қилишга салбий таъсир кўрсатади.

















