Хотин-қизлар қўмитаси аёлларни ишга жойлаштиришда ёрдам кўрсатишга тайёр эканини маълум қилди
Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали аёлларга бизнес бошлаш ёки ишга жойлашиш учун кўмак зарур бўлган тақдирда, Қўмита доим ёрдам қўлини чўзишга тайёр эканлигини маълум қилди. Бунинг учун ўзингиз яшаётган ҳудуднинг Хотин-қизлар қўмитаси бўлимига мурожаат қилиш керак бўлади.
“Муносиб иш ўринлари тақчиллиги муаммосига — ҳам сифат, ҳам сон нуқтаи назаридан — эркаклардан кўра аёллар кўпроқ дуч келмоқда. Аёлларга иш топиш қийинроқ. Иш берувчилар уларни хушламай ишга олади, сабаби - фарзанд туғилиши ва парваришлаши учун тўланадиган тўловлар натижасида аёлларнинг меҳнати уларга қимматга тушади.
Бундай ҳолат жамиятда ўрнашиб колган айрим меъёрлар сабабли юз беради. 2017 йилда Ўзбекистонда Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, аҳолининг 80 фоизи оилада эркак киши пул топиши керак, аёл эса уй ишлари ва фарзандлар тарбияси билан машғул бўлиши лозим, деб ҳисоблайди. 93 фоизи аҳоли эса эркак киши ишламаса ҳам, аёл барча уй ишларини бажаришга мажбур деган фикрни қўллаб-қувватлайди.
Меҳнат бозорида гендер тенгсизликка йўл қўймаслик ва гендер тенгликни таъминлаш - биз учун энг асосий вазифа”, - деб ёзади у.
Шу билан бирга, Норбоева аҳолининг тенг ярмини ташкил этаётган аёллар бандлигини чегаралаш Ўзбекистон иқтисодиёти ривожига ҳам тўсқинлик қилишини қайд этган. Бош вазир ўринбосари мазкур соҳа алоҳида эътибор ва қатор чора-тадбирларни амалга оширишни талаб қилишини таъкидлайди:
· 2019 йилда ХМТ кўмагида аёллар меҳнатига ҳақ тўлашдаги гендер узилишлар, аёллар бандлиги юзасидан тадқиқот ўтказилади. Бундай таҳлил Ўзбекистонда ҳеч қачон ўтказилмаган. Унинг хулосалари гендер тенгликни илгари суриш ва аёллар бандлигини таъминлаш сиёсатини ишлаб чиқишда инобатга олинади.
· Аёллар тадбиркорлиги ривожланиши қўллаб-қувватланади ва бу иш давом эттирилади. Ҳукумат бу йўналиш учун катта маблағлар ажратмоқда. Фақат 2018 йилнинг ўзида аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш учун 3 трлн. 242 млрд. сўм маблағ ажратилди. Бундан ташқари, хотин-қизлар ва Оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган аёлларга 100 млрд. сўм миқдорда имтиёзли кредитлар ажратилди. Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан жойларда 2346 та цех ташкил қилиниб, ҳаётда қийин вазиятга тушиб қолган 16 минг нафар аёл ишга жойлаштирилди.
“Биз ҳозирданоқ аёлларни ўз бизнесини ташкил қилиш ва уни юритишга, тадбиркорлик фаолиятидаги асосий кўникмаларни ҳосил қилишга киришганмиз. Масалан, бу йил 50 мингга яқин аёл тикувчилик, сартарошлик иши, пазандалик санъати, туристик хизматлар соҳасида ўқитилди. Айтиш жоизки, ушбу ижтимоий дастур, яъни аёлларни ўқитиш бепул амалга оширилади. Қисқа муддатли курслардан ўтиб, бизнес-режалар тузилгандан кейин Хотин-қизлар қўмитаси тавсияси билан Халқ банки ва Микрокредитбанк аёлларга кредит беради. Бунинг учун тадбиркорлик билан шуғулланишни истаган аёллар туман (шаҳар) Хотин-қизлар қўмитасида рўйхатдан ўтишлари лозим.
Бироқ, афсуски, бу ишларнинг ўзи етарли эмас. Ўзбекистонда айни дамда 280 мингга яқин ишсиз аёл бор. Аёллар тадбиркорлиги оилавий бизнес, ҳунармандчилик ва текстиль кластерлари ва бошқа соҳаларда катта имкониятга эга”, - дейилади манбада.
· Кам таъминланган оилалар ва жазони ўташ муассасаларидан қайтган аёлларни ишга жойлаштириш масаласига алоҳида қаратилади. Агар 2018 йилда махсус манзилли дастур асосида 10 минг нафар кам таъминланган аёл ишга жойлаштирилган бўлса, 2019 йилда биринчи навбатда бандлиги таъминланадиган 13 минг нафар аёлнинг рўйхати тузилган. Бунинг учун ҳукумат даражасида дастур ишлаб чиқилган ва аниқ иш жойлар яратишга маблағлар ажратилган.
· 2017 йилда илк бор имконияти чекланган аёлларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича дастур ишга туширилди. 14 603 аёл билан иш олиб борилган, шулардан 10 401 нафари касаначи сифатида иш билан таъминланган.
· Жазони ўташ муассасаларидан қайтган 632 нафар аёл Мослаштириш ва иш билан таъминлаш дастури доирасида қамраб олинди. Бундан ташқари, ИИВ билан ҳамкорликда жазони ўташ муассасаларида махсус дастур йўлга қўйилган бўлиб, судланган аёлларни озодликка чиққанидан сўнг иш билан таъминлаш учун касбга ўқита бошланган.
“Фурсатдан фойдаланиб, аёлларимизга бизнес бошлашлари ёки ишга жойлашишлари учун кўмак зарур бўлса, Хотин-қизлар қўмитаси доим ёрдам қўлини чўзишга тайёр эканлигини маълум қиламиз. Манзил: ҳудудий Хотин-қизлар қўмиталари” – деб ёзади Танзила Норбоева.
Мавзуга оид
20:31 / 27.10.2024
Танзила Норбоева набираси билан бирга сайловда овоз берди
16:50 / 25.10.2024
Сенат раиси ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси раҳбари билан учрашди
16:33 / 25.10.2024
Танзила Норбоева МДҲ Парламентлараро ассамблеяси делегациясини қабул қилди
15:55 / 24.10.2024