Ўзбекистон | 15:16 / 21.12.2018
13588
3 дақиқада ўқилади

Fitch Ratings Ўзбекистоннинг биринчи суверен рейтингини эълон қилди

Фото: Getty Images

 Fitch Ratings Ўзбекистонга хорижий ва миллий валютада «BB-» даражасида узоқ муддатли рейтинглар берди. Прогноз - барқарор.

«Ўзбекистоннинг рейтинглари юқори хомашё қарамлиги, юқори инфляция ҳамда аҳоли жон бошига паст ЯИМ фонида ишончли суверен мувозанат, давлат қарзининг пастлиги ва ўсиш суръатларининг тезлиги билан ажралиб туради», - дейилади хабарда.

Агентликнинг таъкидлашича, Ўзбекистон макроиқтисодий барқарорлик ва ўсиш истиқболларини яхшилашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар дастурини амалга оширишга киришди.

«Бу жараён барқарор суверен баланс, барқарор молия сектори ва қарздорликнинг камлиги ҳисобга олинган ҳолда, нисбатан куч нуқтаи назаридан рўй бермоқда», - дея қайд этади агентлик.

Fitch’нинг таъкидлашича, ташқи баланс рейтингда асосий омил ҳисобланади. Мисол учун, 2018 йил охирида суверен аниқ хорижий активлар ЯИМнинг 46 фоизида прогноз қилинмоқда. 2018 йил охирида прогноз қилинган валюта захиралари 26,9 млрд АҚШ долларини ташкил этади, бу жорий ташқи тўлов ҳисобининг 14,8 ойига тенг.

Fitch кутишича, валюта бозорининг яқинда эркинлаштирилиши ички талабнинг юқори экани, юқори импортга эга давлат секторидаги инвестицион лойиҳалар ҳамда муҳим савдо ҳамкорлари томонидан нисбатан паст талаб билан бирлашиб, 2018 йилда жорий ҳисобнинг ЯИМдан 2,7%лик дефицитига олиб келади.

«Дефицит асосан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан молиялаштирилади, бироқ ислоҳотларни эълон қилиш ва уларни амалга ошириш ўртасида кечикиш юз беради», - дея ҳисоблайди Fitch.

Хабарда қайд этилишича, Ўзбекистоннинг товарга қарамлиги юқори, аммо экспорт базасида битта товарнинг мутлақ устунлиги йўқ - олтин, табиий газ, металлар ва пахта умумий экспорт ҳажмидан 60 фоизни ташкил қилади.

«Мамлакатнинг ташқи буферлари кучли, лекин хомашё товарларига нархлар ўзгарувчанлигига боғлиқ, сабаби халқаро захираларнинг 55%и олтин захиралари. Россия асосий савдо ҳамкори, мигрантлар пул жўнатмаларининг 80% манбаи ва мамлакатдаги асосий хорижий инвестор бўлиб қолмоқда», - дея таъкидлайди Fitch.

Fitch’нинг кутишича, ҳукумат алмашув курси мослашувчанлигини қўллаб-қувватлаб, иқтисодиётнинг шокларга қарши туриш қобилиятини ушлайди ва ташқи дисбаланслар ортишини босиб туради.

«Марказий банкнинг валюта интервенцияси алмашув курси ўзгарувчанлигини юмшатиш ва олтин сотиб олишдан олинган, маҳаллий валютадаги ликвидликни сўндиришга қаратилади», - дея ишонч билдирган Fitch.

Инфляцияга келсак, агентлик фикрича, 2018 йилда у 17,9 фоизни ташкил этади ва 2019-2020 йилларда аста-секин камайиб, 16,8 фоиз ҳамда 14 фоизга тенг бўлади.

Мавзуга оид