Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов 22 декабрь куни бўлиб ўтган Хотин-қизлар қўмитаси ҳисобот конференцияси доирасида барча вазирлик ва идоралар раҳбарларига раҳбарлик лавозимларига аёлларни тайёрлаш стратегиясини ишлаб чиқиш вазифасини топширди. Тадбирда қатнашган Kun.uz мухбири шу ҳақида хабар берди.

“Вазирликлар раҳбар лавозимларига номзодларни таклиф этади, бироқ рўйхатда 10 нафардан 1 тасигина аёл киши бўлади ёки умуман йўқ. Раҳбар кадрлар орасида хотин-қизлар улушининг ортиши ёш кадр сифатида етишиб келаётган қизларимизга ҳам яхши ўрнак вазифасини бажаради, раҳбар аёлларни кўргач, уларда ҳам шундай бўлишга хоҳиш ва иштиёқ пайдо бўлади. Албатта, оилада қиз бола туғилса, биринчи навбатда уни оилага тайёрлашга эътибор қаратамиз. Тўғри, у келин, она бўлиши, фарзанд тарбияси билан шуғулланиши керак, лекин биз унинг орзу-ҳавасларига етишишига, жамиятда ўз ўрнини топишига, етук кадр бўлиб етишишига кўмаклашишимиз керак эмасми?!“, - дейди Бош вазир.
Шу ўринда фаол аёллардан бирининг никоҳ ёшини қиз болалар учун ҳам, ўғил болалар учун ҳам 18 ёш этиб белгилашга оид таклифига эътибор қаратилди ва бунинг тўғри таклиф экани, бу масала тегишли идоралар томонидан кўриб чиқилиши қайд этилди.
Ҳар бир вазирлик ва идоралар раҳбарларига тизимда ишлаётган ташаббускор хотин-қизларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш бўйича ўз стратегияларини ишлаб чиқиш вазифаси топширилди. Бунда ҳар бир ташкилотда раҳбар лавозимларидаги хотин-қизларнинг улуши 30 фоиздан кам бўлмаслигини таъминлашга доир чораларни белгилаб олиш лозим.
“Халқаро тажрибага назар ташласак, Дания, Норвегия ва бошқа мамлакатларда раҳбарларнинг учдан бир қисми, Швецияда уларнинг ярмидан кўпини аёллар ташкил қилар экан. Ўзбекистон ҳозир раҳбар аёллар сони бўйича 130-ўринда, ваҳоланки Беларусь - 30, Қозоғистон - 59, Тожикистон - 106-ўринда. Бу Президентимиз юритаётган сиёсатга, уларнинг қўяётган талабларига умуман тўғри келмайди. Шунинг учун республикамизда аёллар фаоллигини ошириш бўйича олиб бораётган ишларни янада кучайтириш зарур“, - дея таъкидлади Абдулла Арипов.

Бундан аввал Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева ҳам ўз ҳисоботида аёл раҳбарларнинг камлиги масаласига эътибор қаратган эди. Унинг сўзларига кўра, 2014 йилги Парламент сайловларида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 24 нафар, Олий Мажлис Сенатига 10 нафар хотин-қизлар сайланган. Шу билан бирга, 1 400 нафарга яқин хотин-қиз турли соҳаларда раҳбарлик лавозимларида фаолият юритмоқда.
















