Кактусларнинг ҳамма тури ҳам гултувакка сиғмас экан. Уларнинг орасида баландлиги 20 метрга етадиган ва ҳатто қушлар яшайдиган жой вазифасини бажарадиган ҳақиқий гигантлар ҳам бор. Айнан шундай кактуслар Шимолий Американинг Сонора саҳросида ўсади ва давлат томонидан қўриқланади. Бу ўсимликни йўқ қилган ёки унга зарар келтирган шахс қонунни бузгани учун 25 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилади.

Фото: TravelAsk

Сонора саҳроси Мексика ва АҚШ ҳудудидаги Калифорния бўғозидан шимолда жойлашган. Бу қум-тошли саҳро 300 минг кв.км майдонни эгаллайди ва Шимолий Америкадаги ёғингарчилик энг кам бўлган жой ҳисобланади. Бироқ ўта юқори ҳарорат ва ёғингарчиликларнинг кам миқдорига Сонорадаги ўсимликларнинг 2 мингга яқин ва жонзотларнинг 500 та тури мослаша олди. Саҳронинг энг машҳур ўсимлиги улкан кактус — сагуаро ёки гигант карнегия ҳисобланади. Кактуслар оиласининг ушбу вакили Сонора эндемики саналади, яъни фақат айнан шу саҳрода ўсади ва дунёнинг бошқа ҳеч бир ерида учрамайди. Шунинг учун кактуснинг айнан шу тури ва Сонора саҳро экотизимини қўриқлаш мақсадида чўлнинг Америка қисмида Аризона штати ҳудудида Сагуро миллий боғи ташкил этилган.

Фото: TravelAsk
Фото: TravelAsk
Фото: TravelAsk

Гигант карнегия (лотинча — Carnegiea gigantea)нинг баландлиги 15–20 метрга етиши мумкин. Поясининг диаметри эса 65 сантиметр. Тиканларининг узунлиги ҳам ўзига мос — 7 сантиметргача. Расмий қайд этилган рекорд — баландлиги 24 метр бўлган сагуаро кактуси. Афсуски, у ҳозирда мавжуд эмас — ўсимлик ўтган асрнинг 70-йилларидаги тўфонда нобуд бўлган.

Вақт ўтгани сайин сагуро пояси қандил шаклига киради. Саҳронинг барча кактуслари каби катта сагуролар йилда бир марта ёмғир мавсуми келганида гуллайди. Ҳолдан тойдирувчи қурғоқчиликдан кейин саҳрога узоқ кутилган намлик келиши билан сагуро маркази сут рангидаги ўнлаб оқ гуллар билан қопланади. Унинг кўриниши кишини ҳайратга солади. Оқиш ранг билан биргаликда сариқ ва қирмизи рангдаги гуллар ҳам учрайди.