Ўзбекистон | 23:39 / 03.01.2019
12615
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда чегараолди савдо марказларини ташкил этиш кўзда тутилмоқда

Республикада экспорт ҳажмини оширишга хизмат қиладиган чегараолди савдо марказларини ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Бу «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастури лойиҳасида белгиланган.

Унда кўрсатилишича, дастур доирасида норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Лойиҳада:

чегараолди ҳудудларда дилерлик марказлари, меҳмонхоналар, умумий овқатланиш жойлари ҳамда бошқа турдаги маиший хизмат кўрсатиш объектларидан ташкил топган савдо мажмуаларини барпо этиш;

визасиз тартиб жорий қилинмаган хорижий давлат фуқароларига 7 кун давомида савдо мажмуалари ҳудудига тегишли визани расмийлаштирмасдан туриб ташриф буюришларига рухсат бериш назарда тутилади.

Шунингдек, божхона тартиботларини соддалаштириш ҳамда соҳага давлат-хусусий шериклиги асосида тадбикорларни жалб қилиш мақсадида чора-тадбирлар режаси тузилади.

Бунда барча ҳудудларда замонавий талабларга жавоб берадиган, “ягона дарча” тамойили асосида фаолият кўрсатадиган божхона комплексларини барпо этиш мақсадида:

янги замонавий чегарадан ўтказиш терминалларини давлат-хусусий шериклиги асосида барпо этиш учун техник ва молиявий шартларни тайёрлаш;

2019–2021 йиллар давомида камида 8 та, шундан 2019-2020 йилларда 4 та давлат-хусусий шериклиги асосида ўтказиш терминалларини барпо этиш;

чегара божхона постларида назорат тартиботларини бажаришда санитария-эпидемиология, фитосанитария ва ветеринария назорати органлари фаолиятининг самарали ва оператив мувофиқлаштирилиш;

республиканинг барча чегара-божхона постлари инфратузилмасини ўрганиш ва уларни тегишли миқдорда замонавий инспекцион-кўрик мажмуалари (сканерлар) ва божхона назоратининг бошқа техник воситалари билан жиҳозлаш назарда тутилади.

Экспорт қилинаётган маҳаллий маҳсулотлари хорижий давлатлардаги расмийлаштирув вақтини қисқартириш бўйича чора-тадбирлар дастурига мувофиқ:

экспорт қилинаётган маҳсулотлари чет давлатлари ҳудудига етиб боришидан олдин рухсат этувчи (мувофиқлик ва ветеринария сертификатлари, карантин рухсатномаси ва бошқалар) ҳужжатларни реал вақт режимида алмашиш, шунингдек уни ваколатли органлар ўртасида интеграциялаш бўйича дастурий таъминот ишлаб чиқиш;

асосий экспорт қилинадиган ҳамда экспорт салоҳияти мавжуд давлатлардаги ваколатли органлари билан ўсимликлар карантини, санитар-эпидемиологик назорат, стандарт ва ветеринария соҳасида халқаро шартномалар тузиш ҳамда мавжудларини қайта кўриб чиқиш орқали назоратини соддалаштириш назарда тутилади.

Мавзуга оид