Жамият | 14:37 / 14.01.2019
20554
5 дақиқада ўқилади

«Майнанинг ўлими» – юраклар рангини ажратолмаган болалар қиссаси

«Майнанинг ўлими» АҚШнинг деярли барча бошланғич мактабларида ўқитилади. Лекин менда бу асар билан таниш бўлган, уни мутолаа қилган ўртоқларим йўқ. Асар америкалик китобхонларнинг жон-у дили эканлигига яраша ўқишга арзийдими, деган саволга ҳам жавоб йўқ эди. Ҳар доимгидек китоб савдоси гавжум бўлмай, яккам-дуккам китобхонлар бориб турадиган «Кўк гумбаз» оралаб, «Майнанинг ўлими» асарига кўзим тушди. Вақт етиб келди. Аллақачон уни ўқишим керак эди. 

Очиғи, асардан катта ҳайрат кутмагандим, лекин уни тугатгач, кўксимда кучли оғриқ қолди. 

XX аср 30-йиллар ўртаси. Шимолий штатлардан фарқли ўлароқ ирқчилик масаласи ҳали ҳукм сураётган Алабама штати. «Ҳеч ким ҳеч қаерга шошилмайдиган» осуда Мейкомб шаҳарчаси.

Муаллиф Ҳарпер Ли сюжет калейдоскопини олти ёшли қизалоқ – Жин-Луиза Финчнинг қўлига тутқазади, калейдоскопни айлантириш жамиятнинг измига топширилади. Тасвирлар ранг-барангдек: қўшни болалар ибораси билан айтганда «тутуруқсиз принциплардан қочгани жой тополмаган», уйидан остона хатламайдиган Артур Редли, оқбилак қизнинг чиркин истагига нишон бўлган афро-американ Том Робинсон, отаси билан мақтанадиган, лекин унинг қаердалигини ҳам билмайдиган кичкина Дилл. Лекин уларни бирлаштириб турган нарса битта  – жамиятнининг моғор босган қонуниятлари: «оқсан-қорасан», «бойсан-камбағалсан», «шаҳарликсан-қишлоқисан»...

«Пулицер» мукофотига лойиқ кўрилган романда ўша давр жамиятининг, хусусан, ҳозиргача мавжуд хилма-хил муаммолари – афро-американ шахсларнинг ирқий камситилишидан бошлаб,  атроф-муҳитни англаш, тарбия масалаларигача баён этилган. Унда ирқий камситиш, меркантализм, зўравонлик ҳолатлари бадиий бўёқ билан тасвирланганига қарамай, у ўқувчини гоҳида кулдириб, гоҳ хуш кайфиятда мутолаани давом эттиришга ундайди. Энг камида сизни болаликнинг ширин хотираларига қайтаради.

Муаллифнинг болалигидаги воқеаларга асосланиб яратилган асарда ота ва фарзандлар ўртасидаги муносабатлар шунчаки оилавий алоқалар эмас, балки ҳақиқий дўстлик ва ишончга боғланган, устоз ва шогирд ришталари янглиғ тасвирланган. 

«Ҳар кимда омманинг истагига бўйсунмайдиган нимадир бор ва у – виждон». Виждон амрига бўйсунган Аттикус барчанинг фикрига қарши чиқиб, «гуноҳ» қилади – зўравонликда айбланаётган қора танлини судда ҳимоя қилади.

«– Балки, сен ҳақ эмасдирсан. 

– Нега? 

– Чунки барча ҳақиқатни айтяпмиз, дейди. Сен эса ундай эмас...

– Шундай фикрлашга уларнинг ҳаққи бор ва уларнинг фикрини, сўзсиз, ҳурмат қилишимиз лозим». 

Тўғри, Аттикус судда енгилди, суддан топилмаган адолатни қидириш йўлидаги сўнгги умидини йўқотмаган Том эса ўлди. У ирқий адоватлар, суднинг ноҳақ қарори, энг ёмони – бефарқларнинг касрига вафот этди. 

Ҳақиқатни қидирган, лекин яккалиги панд берган Аттикус жамиятдаги хатоларни кўрадиган, лекин ҳеч нарса қилолмайдиганларни эслатади. Лекин уни ҳам айблолмаймиз. Ахир «кишини ҳақиқатан тушуниш учун унинг ўрнида яшаб кўриш керак».

Қуролдан отишни ўрганаётган Аттикусга отаси бир вақтлар шундай деганди: «...асло майнани нишонга олма. У беозор қуш, бизнинг кайфиятимиз чоғ бўлиши учун сайрайди. Уни отиш гуноҳ бўлади...».

Сайроқи, кайфиятни хуш этувчи, оғирни енгил қилувчи қуш тимсолида тасвирланган, балки Том ёки энг долзарб лаҳзада болаларнинг ҳаётини сақлаб қолган Артур, шахслар яшашга доимо ҳақли. Лекин гуноҳ барибир содир бўлди. Беозор инсон оқ танлилар қарашларининг қурбони бўлди.

Ирқчилик, маҳаллийчилик кеча ёки ўтган асрда пайдо бўлган муаммо эмас. У инсоният яралгандан буён мавжуд. Ва у қора танли одам АҚШнинг 44-президенти бўлгани билан ечим топмайди. Жамият кимнидир рангли териси учун, кимнидир чўнтаги қаппаймагани учун, кимнидир чеккароқ ҳудудда туғилгани учун сафдан турткилаб чиқарса, узоққа бормаслигини тушуниб етгандагина муаммога ечим топиш мумкин.

Жамият эса ким? Жамият мен, сиз, у, биз...

Китобхон
Ҳарпер Ли, «Майнанинг ўлими»