Ўзбекистон | 19:21 / 15.01.2019
19296
3 дақиқада ўқилади

Адлия вазирига ўринбосарлар тайинланди

Фото: Адлия вазирлиги

Ўзбекистон президенти қарори билан Махмуд Шуҳратович Истамов Адлия вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.

У бироз аввалроқ Давлат активларини бошқариш агентлигига бош директор бўлиб кетган Нодир Жўраев ўрнида иш бошлайди. 

Фото: Махмуд Шуҳратович Истамов

Махмуд Шуҳратович Истамов – 1979 йил 24 февралда Бухоро шаҳрида туғилган. Маълумоти олий, ҳуқуқшунос, 1-даражали адлия маслаҳатчиси. 2000 йил Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 2000 йилда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Идоравий меъёрий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш бошқармасининг катта маслаҳатчиси лавозимида бошлаган. Кейинчалик мазкур бошқармада бош маслаҳатчи, бўлим бошлиғи, бошқарма бошлиғи ўринбосари лавозимларида ишлаган.

2004-2005 йилларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш маркази раҳбари, 2005-2006 йилларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг  амалга оширилиши устидан мониторинг қилиш маркази бўлими бошлиғи, 2006-2011 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти девони Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Давлат маслаҳатчиси хизматининг Адлия ва суд идоралари фаолияти масалалари бўйича инспектори, 2011-2014 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти девони Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари фаолиятини мувофиқлаштириш хизматининг Адлия идоралари масалалари шўъбасининг етакчи инспектори, 2014-2017 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти девони Олий Мажлис, сиёсий ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш хизмати Сиёсий партиялар билан ҳамкорлик қилиш шўъбаси мудири, 2017 йил 14 августига қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти девони Сиёсий-ҳуқуқий масалалар хизмати Суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчилик шўъбаси мудири лавозимларида фаолият кўрсатган. 

У 2017 йил 14 августда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири ўринбосари лавозимига тайинланганди. 

Шунингдек, Худаёр Хуррамович Мелиев Адлия вазирининг ўринбосари этиб тайинланди. 

Фото: Худаёр Хуррамович Мелиев

Худаёр Мелиев Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. Меҳнат фаолияти давомида Адлия вазирлигида турли масъулиятли лавозимларда ишлаган. Ҳозирга қадар Адлия вазирлиги Қонунчилик бош бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритиб келаётганди.

Адлия вазирининг Махмуд Истамов ва Худаёр Мелиевдан ташқари яна икки ўринбосари бор. Булар Акбар Жўрабоевич Тошқулов ҳамда Есемурат Султамуратович Каньязовдир.

Мавзуга оид