Бугун Тошкент вақти билан соат 21:00да Осиё Кубоги гуруҳ босқичининг энг қайноқ ўйинларидан бири бошланади. Бу баҳсни гуруҳ босқичининг финали десак ҳам «ҳаққимиз кетмайди». «D» гуруҳида плей-офф йўлланмасини муддатидан олдин қўлга киритган Эрон ва Ироқ гуруҳ ғолиби аниқланадиган ўйинда майдонга тушишади. Кескин курашларга бой кечиши кутилаётган баҳсга ОФК кутилганидек қитъанинг энг яхши ҳаками Равшан Эрматовни тайинлади. Нега бу жамоалар ўртасидаги ўйинлар ўта кескин ўтади? Нега бу баҳс қитъанинг супердербиси номини олган?

«Қонли дерби»

1 599 километр умумий чегарага эга бу давлатлар ўртасидаги муносабат ўта мураккаб. Улар ўртасидаги сиёсий низонинг кучайишига кўпчилик Саддам Ҳусайнни айблайди. Айнан унинг Эрондаги нефть конларига қилган ҳужуми икки мамлакат ўртасида нақд 8 йил давом этган уруш бошланишига сабаб бўлади. Бу урушдан Саддам ҳеч нарсага эриша олмайди ва Ироқ иқтисодиётини оғир аҳволга келтиради. Турли маълумотларга кўра бу урушда икки томондан жами 400 мингдан 700 минггача киши ҳалок бўлган. 1,5 миллиондан ортиқ киши яраланган. Жангларда болалар ҳам қатнашган. Узоқ тарихга эга икки давлат ўртасидаги можаро спортга ҳам кўчган ва Эрон – Ироқ ўйини доимо ўта принципиал характерга эга бўлиб келади.

Эрон ва Ироқ ўзаро 22 марта тўқнаш келишган. Устунлик шубҳасиз Эрон томонида - 12-5-5. Лекин жамоаларнинг охирги ўйинида Ироқнинг қўли баланд келган. 2017 йил 18 март куни Теҳронда ўтказилган ўйинда Ироқ 1:0 ҳисобида ғалаба қозонади. Ўшанда хавфсизлик сабаб мухлислар стадионга қўйилмаган, жамоалар бўм-бўш «Озодий»да ўйин ўтказишганди.

Осиё Кубокларида ҳам жамоалар тез-тез тўқнаш келишади. Бугунги ўйин жамоаларнинг қитъа чемпионатидаги 7-тўқнашуви бўлади. Бу турнир миқёсидаги устунлик ҳозирча Эрон томонида – 4:2. Эрон ва Ироқ кетма-кет учинчи марта Осиё Кубогида тўқнаш келаётганларини ҳам таъкидлаш керак. 2011 йил Эрон гуруҳ босқичида амалдаги чемпион Ироқни 2:1 ҳисобида мағлуб этган бўлса, ўтган Осиё Кубогида жамоалар мусобақанинг энг зўр ўйинини ўтказиб беришганди.

Канберрадаги «триллер»

2015 йили Осиё Кубогида ҳам Эрон ғолиблик учун асосий даъвогарлардан деб қаралаётганди. Чунки Кейруш жамоаси мусобақага 3 йил давом этган мағлубиятсиз серия билан боради. Эронни Миржалол Қосимов мураббийлигидаги Ўзбекистон терма жамоаси 2012 йил ноябрда Теҳронда мағлуб этгани ёдингизда бўлса керак. Ўша мағлубият Эрон учун 2015 йилги Осиё Кубоги чорак финалигача охиргиси бўлиб туради. Гуруҳ босқичида форслар БАА, Қатар ва Баҳрайн қатнашган «ўлим гуруҳи»да катта устунлик билан биринчи бўлади. Ироқ эса Япония қатнашган гуруҳда иккинчи бўлиб чорак финалга чиқади.

Чорак финал доирасидаги Эрон – Ироқ ўйини Австралия пойтахти Канберрада ўтказилади. Учрашув олис «Яшил қитъа»да ўтказилганига қарамай, стадион мухлислар билан тўлади. Ўйинда ҳисобни Сардор Азмун очади. Ёш ҳужумчи ўнг қанотдан Вория Ғофури узатган тўпни бош билан дарвозага йўллаб жамоасини олдинга олиб чиқади – 1:0. 43-дақиқада эса ўйинда бурилиш ясаган воқеалардан бири содир бўлади. Рақиб жарима майдончаси ичида ўзини тута олмаган эронлик Меҳрдод Пўлади Ироқ дарвозабони Жалол Ҳасанни (у бугун ҳам асосий таркибда ўйнаса керак) тепиб юборади. Маҳаллий ҳакам Бенжамин Жо Уильямс эса Пўладига иккинчи сариқ карточкани кўрсатиб майдондан четлатади.