Тўтиқуш жако — сайёранинг ақлли тўтиқушлари орасида энг «гапдони»
Тўтиқушларнинг айрим турлари гапиришни билади, бироқ бу кўпчилик ўйлаганидек ҳар доим ҳам тинглаган нарсасига кўр-кўрона тақлид қилиш эмас. Жако тўтиқушлари ўзининг сўзлаша оладиган қариндошларидан анча илгарилаб кетган. Биринчи навбатда онгли тарзда диалог олиб бориш жиҳати билан. Жако бежиз энг ақлли тўтиқуш саналмайди, ахир улар нафақат бир неча ўнта сўзни ёд олади, балки уларни онгли тарзда ишлата олади.
Жако тўтиқуши ёки кулранг тўтиқуш Ғарбий Африканинг экваториал ва тропик ўрмонларида учрайди. У иккита турдан иборат: экваторбўйи туманларида яшайдиган қизил думли жако ва жануброқда Ангола ва Танзания ўрмонларида яшайдиган қўнғир ранг думли жако.
Қизил думли жако (Psittacus erithacus erithacus)
Қўнғир ранг думли жако (Psittacus erithacus timneh)
Унинг тарқалиш ҳудуди асосан ёғли пальма ўсадиган жойларга тўғри келади, чунки бу ўсимлик кулранг тўти учун муҳим озуқа манбаи саналади. Бундан ташқари, тўтилар мева, дарахт уруғларини завқ билан ейди. Жако анча йирик қуш бўлиб, 30-35 сантиметргача ўсади ва 50 йил, баъзида эса ундан ҳам кўпроқ яшайди.
Жаконинг патлари ўта ёрқин эмас. Бошқа тўтилар билан таққослаганда анча сипо. Бироқ у киши кўнглини бошқа жиҳати билан забт этади. Тўғри тарбияланса, жако ақлли суҳбатдошга айланиши мумкин. Жако тўтилари суҳбат давомида 300 тагача сўзни қўллаши белгиланган. Илмий тадқиқотларда иштирок этган энг таниқли тўти Алекс лақабли жако тўтиси эди. Ўтган асрнинг 80-йилларида америкалик олимлар йирик тадқиқот ўтказиб, жакода қушлар учун ғаройиб саналган тилни ўзлаштириш қобилиятини аниқлашда ёрдам беришди. Тўти Алекс доктор Ирэн Пепперберг раҳбарлиги остида махсус ўқитиш курсини ўтди. Натижада нутқида предмет, материал, ранг, шакл каби турли категориялардаги бир неча ўнлаб сўзларни талаффуз этиш ва қўллашни ўрганди. Жако Алекс кўплаб тест саволларига тўғри жавоб берди ва буюмларнинг умумий белгиларини ажрата олди. Бундан ташқари, Алекс доктор Пепперберг билан бемалол суҳбатлашиб, ўз истак ва илтимосларини баён этди.
Албатта, Алекс олимлар назорати остида махсус ўргатилган етук тўти эди. Бироқ бошқа жаколар билан ҳам эрта ёшидан шуғулланилса, улар ҳам ўзларининг сўзлашув қобилиятлари билан кишини ҳайратга солишга қодир. Бугун ушбу тўтилар уйда боқиладиган қушлар сифатида ҳам анча таниқли.