Вилоят марказидан бор-йўғи 15 километр йўл босиб худди 100 йил ортга мозийга қайтгандек бўлдик.

Андижон вилояти, Андижон тумани, Отчопар МФЙ, Боғи Эрам маҳалласидан тушган мурожаатни ўргангани бориб зўр “кашфиётлар” гувоҳи бўлганимиз рост. “Боғи Эрам”га автомашинада “йўл излаб” бориш осон кечмади. 15 километр ўнқир-чўнқир сўқмоқни босиб ўтиб, мазкур йўлни охирги 30 йилда ҳеч ким таъмирлаш кераклиги ҳақида бош қотирмаганини сезасиз.

Адирлар тепасида жойлашган Боғи Эрам қишлоғидаги ҳолат бизни бутунлай ҳайрон қолдирди.

Ҳолат маҳалла аҳли ўз мурожаатида келтирганича бор экан. 100дан ортиқ хонадонда 600 нафарга яқин аҳоли яшайдиган ҳудудда муаммолар “болалаб” кетган. “Улардан энг каттаси -ҳокимлик органлари томонидан ушбу ҳудудга бўлган эътиборсизлик”, десам ростини айтган бўламиз.

Бундай дейишнинг асл сабабига эса мақоламиз сўнгида тўхталамиз.

Тасаввур қилинг, 100дан зиёд хонадон охирги 30 йил давомида ичимлик суви ва ишсизлик муаммолари гирдобида яшамоқда.

Шу пайтгача бирор оммавий ахборот воситаси қишлоққа қадам босмаган экан. Бизни келганимизни билгач, хонадон эгалари кўчага оқиб чиқа бошлади. Уларнинг дардларини тинглаш эса жуда оғир кечди.

Ихтиро”ми ёки чорасизлик?

Кўча айланиб, бизни ҳайрон қолдиргани томларнинг тарнови остига ўрнатилган турли қурилмалар бўлди. Бунақасини ҳеч қаерда кўрмаган эдик... Уйларга кирсак ҳам худди шундай ускуналар. Аҳоли вакиллари “ноёб қурилмалар” сирини аста-секинлик билан тушунтириб беришди.

Турли ўлчамдаги елим қувурлар тарнов орқали турли катталикдаги идишларга ёмғир сувини тўплаш учун уланган экан!  Бир хонадонда шудгорда ётган бетон идишга томнинг турли қисмларидан беш-ўнта қувурлар келиб уланибди. Уй эгасига “Бу нима учун?” дея савол берамиз. У, “Ёмғир ёққанида мол-қўйларни суғоргани сув йиққани”, дея жавоб берди.