Самарқандда хорижга чиқиш паспорти олган фуқаролар сони саккиз мингдан ошди
Самарқанд вилоят Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси маълумотларига кўра, 2019 йил 1 январдан бошлаб хорижга чиқиш паспорти расмийлаштириш учун ҳозирга қадар 12.500 киши мурожаат қилган. Шу кунгача 8970 та хорижга чиқиш паспорти келган бўлиб, 8000 тадан зиёди ҳозиргача фуқароларга топширилган.
Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи Даврон Норчаевнинг Kun.uz’га маълум қилишича энди талабномаларни расмийлаштириш ва паспортларни эгаларига топшириш қарийб икки баравар тезлашади:
— Шу вақтгача вилоят бўйича битта қурилма билан аҳолига хизмат кўрсатилаётганди, — деди у. — Талабномаларни расмийлаштириш учун юзага келаётган навбат ҳам шу билан боғлиқ эди. Энди вилоятнинг Тойлоқ туманига яна битта қурилма ўрнатилди. Бу ерда Тойлоқ, Ургут, Жомбой, Булунғур туманларидан ҳар куни 180-200 та талабнома шакллантирилади.
2019 йилнинг июнь ойидан бошлаб хорижга чиқиш учун биометрик паспортини бериш вилоятнинг барча туманларида йўлга қўйилади.
Ҳозирга қадар янги паспорт борасида аҳолидан энг кўп тушаётган саволлар хорижга чиқиш паспорти олгандан сўнг, ФҲДЁ органларининг никоҳ ҳақидаги қайди ва прописка муҳрлари борасида бўлмоқда. Мазкур турдаги ҳужжатда бундай муҳр ва маълумотлар жойлаштирилмайди. Фақатгина 16 ёшга тўлмаган болаларнинг ҳамроҳ қилувчи шахси ҳақидаги маълумотни шу ерда бирдан паспортга қайд этиб бермоқдамиз.
Эслатиб ўтамиз, хорижга чиқиш учун алоҳида паспорт республика президентининг 2017 йил 16 августдаги «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартибини такомиллаштиришга доир муҳим чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони асосида жорий йил 1 январидан бошлаб жорий этилган.
Янги тартиб бўйича Ўзбекистон Республикаси фуқароси чет элга чиқиши учун «хорижга чиқиш учун биометрик паспорти» билан ҳужжатлаштирилган бўлиши ҳамда ушбу ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази томонидан 10 иш куни давомида тайёрланиши белгиланган.
Янги тартиб бўйича, фуқаро хорижга чиқиш учун биометрик паспорт билан ҳужжатлаштирилиши учун бир нусхадаги иш жойи, ўқиш маскани ёки ҳудудий ўзини ўзи бошқариш органи томонидан муҳр билан тасдиқланган ариза-анкета топшириши, унга қўшимча равишда 3,5 см х 4,5 см ҳажмдаги бир дона фотосурат, паспорт нусхаси, ҳудудий Мудофаа ишлари бўлими маълумотномаси (агар ҳарбий хизматга мажбур бўлса) ҳамда энг кам иш ҳақининг 120 фоизи миқдоридаги (вояга етмаганлар учун ЭКИҲнинг 80 фоизи — миқдорида) давлат божи ундирилиши ўзда тутилган бўлиб, чет элга бориш учун рухсат бериш ёзувининг ёпиштириладиган стикер хорижга чиқиш паспортига ёпиштирилмайди.
Хорижга чиқиш учун биометрик паспорт чақалоқларга 2 йил, вояга етмаган болаларга 5 йил, вояга етган фуқароларга 10 йил муддатга берилади.
Мавзуга оид
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
21:44 / 01.11.2024
Самарқандда автобус салонини аёллар ва эркаклар учун ажратган ҳайдовчига чора кўрилди
11:44 / 31.10.2024