Жамият | 09:30 / 17.02.2019
48032
10 дақиқада ўқилади

«Биз учун бошқа ватан йўқ!» – Ўқитувчи нега фуқаролигидан ажралди?

Ҳаётда адолатсизликлар кўп. Бироқ фуқароликни олиб қўйишдек адолатсизлик ҳар қандай кишининг қаддини букади. Қашқадарёлик ўқитувчи Нурбек Фармоновнинг ҳам бошига ана шундай ташвиш тушган. У Ўзбекистон Республикаси фуқароси сифатида мактабда, лицейда, университетда аъло баҳоларга ўқиди. Ўқитувчилик касбини эгаллаб, ёшларга таълим-тарбия берди. Аммо унинг қарийб 10 йилдан буён шахсини тасдиқлаб келаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспорти ўрнига фуқаролиги бўлмаган шахс ҳужжати берилди. Шундан кейин унинг ҳаётида муаммолар бошланди...

Таҳририятга ҳаёти ва фаолиятидаги муаммо-ю масалаларни ҳал этиш учун ёрдам сўраб келувчилар кўп. Хонамизга киришидаёқ Нурбекнинг маъюс кўзлари диққатимизни тортди. У «Эл-юрт умиди» жамғармаси томонидан ташкил этилган танловда иштирок этиш учун келгани, бироқ ҳаётидаги навбатдаги адолатсизликка дуч келгани ҳақида куюниб гапира бошлади. Ёш педагогни тинчлантириб, нима бўлганини бир бошидан суриштирдик.

— 1987 йили Тожикистоннинг Вахш туманида туғилганман. Асли ота-боболарим қаршилик, — дейди Нурбек Фармонов. — Оиламиз 1983 йили онамнинг соғлиғидаги муаммолар туфайли тоғли Вахшга кўчиб бориб, яшашга мажбур бўлган. 9 йилдан сўнг, яъни 1992 йили яна Қашқадарё вилоятига — уйимизга қайтганмиз. Ота-онам кўчиб келган йилиёқ Ўзбекистон фуқароси сифатида паспорт олди. Отам кўп йил мактабда директор бўлиб ишлади. Онам ўқувчиларга тарих фанидан дарс берди. Вояга етганидан сўнг ака-опаларимга ҳам Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик паспорти берилди. Икки акам Ички ишлар вазирлигига қарашли ёнғин хавфсизлиги бўлимида ишлаган. Опаларим ҳам олий маълумотли — ота-онам изидан бориб, ўқитувчилик касбини эгаллади.

1—5-синфни Қарши шаҳридаги 21-мактабда ўқидим. 5—9-синфларда Қаршидаги энг намунали таълим муассасаси — 1-мактаб-интернатда таълим олдим. Интернатни битирганимдан сўнг Қарши давлат университети қошидаги лицей-интернатда ўқишни давом эттирдим. 2005 йили Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг инглиз филологияси факультетига давлат гранти асосида ўқишга кирдим. Бакалавриатни тамомлаганимдан сўнг икки йил магистратурада ҳам ўқидим. Дастлаб пойтахтимиздаги 319-мактабда иш бошладим. Икки йил ўқувчиларга инглиз тилидан дарс бердим. Кейин тил бойлигимни ошириш мақсадида чет элга чиқдим. Дубайдаги меҳмонхонада ишладим. 2012 йили Ўзбекистонга қайтиб, паспортимни алмаштириш учун Қарши тумани ички ишлар бўлимига борсам «Сиз ва оилангизга Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспорти нотўғри берилган», деб ҳаммамизнинг фуқаролик паспортимиз йиғиб олиниб, ўрнига фуқаролиги бўлмаган шахс ҳужжати берилди. Ўша пайтдаги аҳволимизни кўрсангиз эди...

Шу гапни айтгач, Нурбек чамаси икки-уч дақиқа жим бўлиб қолди. Сўнг узр сўраб, хонадан чиқди ва бироз ўтиб қайтиб кирди. Унинг кўнглидан ўтаётган кечинмаларини англаш қийин эмасди. Ахир, неча йиллардан буён шахсини тасдиқлаб келаётган фуқаролик паспортидан бир кунда маҳрум бўлиш асаби бақувват инсонни-да довдиратиб қўйиши тайин.

— 7 йилдан буён фуқаролигимизни қайтариш учун ҳаракат қиляпмиз, — дея суҳбатни давом эттирди Нурбек. — 2010 йиллари чет элга чиққан киши ойлаб текшириларди. Тожикистон билан муносабатларда мураккаблик бўлгани учун қўшни давлат билан алоқаси бор ҳар бир кишига бошқача қаралар эди. Шу боис, барча хўрликларга чидаб, дардимизни ичга ютиб яшайвердик. Арз-ҳолимизни ҳеч ким тингламасди. Отам адолатсизликларни кўтара олмади, оғир касал бўлиб ётиб қолди. Кўп йиллар касбига садоқат билан ишлаган акаларим сабабсиз ишдан бўшатилди. Ишга жойлашиш учун бирор ташкилотга борсак, «Тожикистонда туғилган экансиз, фуқаролигингиз ҳам йўқ экан», дея ортга қайтарарди. Ўша пайт ёш оиласи билан ишсизликдан қийналиб қолган акаларимни кўриб, «Қаердан ҳам паспортимни алмаштирдим. Ўзбекистон фуқаролигидан чиқиб кетсам ҳам майли эди», дея ҳар куни эзилардим. Эртанги кунга ишончимиз батамом сўнганди. Сўнгги йилларда юртимизда амалга оширилган улкан ислоҳотлар оиламизда умид уйғотди. Давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида»ги фармонини эшитиб, яна фуқаролигимизни қайтариб олиш имкони пайдо бўлганидан беҳад суюндик. Фуқаролик олиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти номига ариза (илтимоснома) билан мурожаат қилдик. Ака, опаларим — барчамиз давлат идора ва ташкилотларига бирин-кетин ишга кирдик. Ўзим Қарши давлат университетида инглиз тилидан дарс бера бошладим. Чет тили мутахассиси ҳақиқий малакани хорижда оширади. Шу боис, хорижда ўқиш учун ташкил этилаётган лойиҳаларга қизиқаман. 2018 йили «Эл-юрт умиди» жамғармаси эълон қилган стипендиялар танловида қатнашиш учун жамғарма расмий сайтида сўралган барча ҳужжатларимни тақдим қилдим. Биринчи босқичда ҳужжатларимиз обдан текширилди. Танлов талабларига жавоб берган номзодлар қаторида мен ҳам бор эдим. Иккинчи босқичда ҳар бир иштирокчи ўз мутахассислиги бўйича суҳбатдан ўтди. Инглиз тили мутахассиси бўлганим боис, суҳбат чет тилида бўлди. Синов жараёнида инглиз тилини билиш даражамиз, ишлаб чиққан дастур ва чет элда ўқишдан мақсадимиз аниқланди. Иккинчи босқичдан ҳам муваффақиятли ўтдим. Астойдил тайёргарлик билан учинчи босқичда иштирок этиш учун келдим. Шу жойда танлов ташкилотчилари «Фуқаролигингиз йўқ экан-ку, сиз танловда қатнаша олмайсиз», дея танловдан четлатишди. Ваҳоланки, учинчи босқичга тавсия этилганлар рўйхатида бор эдим. Учинчи босқич натижаларини кўрсам, мени «КЕЛМАДИ», деб ёзиб қўйишибди!

Президентимиз ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳақида куюниб гапиради. Мутасадди раҳбарларга халқни рози қилиш, адолатни қарор топтириш борасида топшириқлар бермоқда. Аммо юқоридаги каби ҳолатлар гирдобида жабр чекаётган кишиларни тинглайдиган, уларнинг муаммосини ҳал қилиб берадиган мутасаддилар неча йиллардан буён фуқаролигини қайтариб ололмаётган юртдошларимизга наҳот ёрдам бермаса?! Ўқийман, ўрганаман, чет элда таҳсил олиб, хорижнинг илғор тажрибаларини юртимизда қўллайман, деган Нурбек Фармонов каби ватандошларимизни шунчаки йўққа чиқариб қўйсак, қачон тараққий этамиз?!

«Хорижда таълим олиш учун номзодларни танлов асосида танлаб олишни ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низомда хорижда магистратура ва докторантура дастурлари бўйича таълим олиш, малака ошириш ва стажировка ўташга қабул қилиш фақат Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун ҳамда қабул ва танлаб олишнинг ягона қоидалари асосида амалга оширилиши белгилаб қўйилган. Шундай экан, Нурбек Фармоновнинг «битаётган ярасига туз сепмасдан» танловнинг биринчи босқичи — номзодларнинг ҳужжатларини текшириш жараёнида унга танловда қатнаша олмаслиги ҳақида тўғри тушунча бериш лозим эди.

Нурбек Фармонов фуқаролиги йўқлиги боис, адолатсизликлардан кўп жабр чеккан. У айтган воқеа-ҳодисаларни бирма-бир қоралашга анча вақт керак. Шу он хаёлга бир савол келади: нима учун бу оиланинг муаммоси шунча йилдан буён ҳал этилмаяпти? Саволни унинг ўзига бераман.

— Қашқадарё вилоят ички ишлар бошқармасига ҳам, Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонасига ҳам бир неча бор мурожаат қилдик, — дейди у. — Бугун ўз ишига масъулиятсиз ёндашаётган ташкилот ёки раҳбар устидан шикоят қилинса, мурожаат жавоби ўша ташкилот ёки мансабдор шахс орқали шикоятчига қайтади. Шунинг учун сўнгги пайтларда одамларнинг Халқ қабулхоналарига бўлган ишончи пасайиб кетгандир, балки. Лекин умидимиз сўнгани йўқ. Чунки бизнинг Ватанимиз Ўзбекистон! Биз учун ундан бошқа Ватан йўқ!

«Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонун талабларига кўра, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ўз илтимосномаларига кўра келиб чиқишидан, ирқи ва миллатидан, жинси, маълумоти, тилидан, динга муносабатидан, сиёсий ва бошқа эътиқодларидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиниши мумкин. Бунинг учун сўнгги 5 йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаётган хорижий фуқаро ёки фуқаролиги бўлмаган шахс доимий истиқомат жойидаги ички ишлар органлари орқали Президент номига фуқароликка қабул қилиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилади. Хўш, кўп йиллар Ўзбекистон Республикаси фуқароси сифатида яшаган, кейин 20 йил аввалги қандайдир ҳужжатлар рўкач қилиниб, фуқаролигидан айрилган кишилар-чи? Улар кимга, қайси ташкилотга мурожаат қилсин?!

Мазкур қонунга кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги қуйидаги ҳолларда бекор қилинади: шахс чет давлатда ҳарбий хизматга, хавфсизлик хизмати идораларига, полицияга, адлия идораларига ёки давлат ҳокимияти ва бошқарувининг бошқа идораларига ишга кирса; чет элда доимий яшовчи шахс беш йил давомида узрли сабабларсиз консуллик ҳисобида турмаган бўлса; Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги ёлғон маълумотлар ёки сохта ҳужжатлар тақдим этиш натижасида олинган бўлса, бундай шахслар Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигидан мамлакат Президенти фармони асосида, фармон чиққан кундан бошлаб чиқарилади. Нурбек Фармонов ва унинг яқинларининг фуқаролик паспорти эса «20 йил аввал ҳужжат нотўғри берилган», дея бекор қилинган. Бутун бошли катта оиланинг дардини тингламасдан, тайинли жавоб бермасдан уларнинг фуқаролигини олиб қўйиш нечоғлик тўғри экан?!

Ҳасан МЎМИНОВ, «Маърифат» мухбири

Мавзуга оид