Аҳоли мурожаатлари қиш фаслида кўпайгандан кўпаяди. Водийга навбатдаги сафар давомида ўнлаб мурожаатлар ўрганилди.
Шундай мурожаатлардан бирини Андижон вилояти, Шаҳрихон туманидаги Сохиобод маҳалласи кишилари йўллаган эди. Унда қишлоқда кундалик ҳаёт учун зарур нарсалар йўқлиги айтилганди. «Қишлоқда бир тун» лойиҳасининг навбатдаги сони шу ерда олинди.
Видео: Mover (tas-ix)
Видео: Youtube
Қишлоқ йўлининг ҳолати маймунлар йиғлагудек. Бизни мезбон Комилжон Аҳмедов кутиб олди. Бу хонадонда дастлаб ишни эрталабки машғулот – мол-қўйларга ем беришдан бошладик. Йўқса, «тўрт оёқли дўстлар» умуман тинчлик бермаслиги ҳақида огоҳлантиришди. Бу «муаммо»ни ҳал этганимиздан сўнг, энди ўзимизнинг энг асосий ғамимизни ҳал қилишга, яъни ўтин қилишга киришдик.

Ўтин қилиш жараёни – соғлиқ учун ҳам жуда фойдали машғулот бўлиб, вазн йўқотишда жуда қўл келар экан. Шаҳарларда бунинг учун махсус фитнесс клублар очишса, қишлоқларда бунга ҳожат йўқ, озиш учун барча «шароит»лар муҳайё.

Навбатдаги иш – ичимлик суви олиб келиш. Бу маҳаллада на сув қувури, на артезиан қудуғи бор эди. Бу ерда одамлар сувни ариқдан ичишлари маълум бўлди. Уларнинг ота-боболари ҳам ариқдан сув ичишган, шу сабабли ариқ суви жуда тоза сақланган деган тушунча мавжуд. Лекин аслида ариқ суви аждодлар давридагидек тоза эмасди. Мажбур бўлиб ариқ суви билан челакларни тўлдирдик.

Кеч тушмасдан ҳаётнинг кўп сабоқларини олишга улгурдик. Тунни шу ерда ўтказишимиз ҳақида оиламиздагиларни хабардор қилмоқчи бўлган эдик, қарангки, бу ерда мобил алоқа антенналари ҳам чиқмас экан. Шу пайт бизни кузатиб турган кишилардан бири «мухбир ака, биз замонавий Робинзонлармиз» деб қолди. Ҳа, бу ерда тараққиёт вакилиман дейиш учун керакли шароитларнинг лоақал бирортаси йўқ.




















