Ўзбекистон | 10:25 / 26.02.2019
14138
3 дақиқада ўқилади

ДХШ тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди

Фото: Shutterstock

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида "Давлат-хусусий шериклик тўғрисида"ги қонун лойиҳаси жойлаштирилди. Ҳужжат Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган.

Ўзбекистон Республикасининг давлат-хусусий шериклик соҳасидаги қонунчилиги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига асосланади ва Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, ушбу Қонун ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган халқаро шартномада ушбу Қонунда назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, унда халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

«Давлат харидлари тўғрисида» ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни нормалари хусусий шерикликни аниқлаш, давлат-хусусий шериклик битимини тузиш, бажариш ва тугатиш, шунингдек, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ товарлар, ишлар ва хизматлар истеъмоли билан боғлиқ муносабатларга нисбатан қўлланилмайди.

Ушбу Қонун талаблари Қонуннинг қабул қилинишидан аввал Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати алоҳида қарорлари қабул қилинган ва (ёки) давлат дастурлари асосида амалга ошириладиган ДХШ лойиҳаларига тааллуқли эмас,

ДХШнинг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистон Республикаси иқтисодий ўсишини ва барқарор ривожланишини рағбатлантириш;

янги ижтимоий инфратузилмани яратиш талабини қондириш;

мавжуд ижтимоий инфратузилмани тиклаш, эксплуатация қилиш, қўллаб-қувватлаш;

ижтимоий инфратузилманинг ишлаш ва хизмат кўрсатиш сифатини ошириш;

давлат хизматлари сифатини ошириш ва улардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш;

хусусий сектор, жумладан, хорижий инвестицияларни жалб қилиш;

давлат ва хусусий сектор ўртасида хатарларни самарали ва тўғри тақсимлаш;

малака даражасини ошириш;

ишлаб чиқаришда маҳаллийлаштириш даражасини кўпайтириш;

инфратузилмани ривожлантириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тажриба, технология, ноу-хаудан фойдаланиш;

бюджет тизими бюджетларидан самарали фойдаланиш.

ДХШ қуйидаги мезонларга мувофиқ бўлиши керак:

узоқ муддатли характерга эга;

ижтимоий инфратузилмани лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, ривожлантириш, бошқариш, эксплуатация қилиш, техник хизмат кўрсатишни ўз ичига олган хусусий шерик мажбуриятларни бажариш;

хусусий шерик томонидан ДХШ лойиҳасини молиялаштиришни назарда тутиш;

давлат ва хусусий шериклар ўртасида хатар ҳамда масъулиятни тақсимлаш.

ДХШ тўғрисидаги шартноманинг амал қилиш муддати камида беш йил бўлиши ва 49 йилдан ошмаслиги керак.

ДХШ тўғрисидаги битим томонлари ДХШ тўғрисидаги келишувда белгиланган ҳолатларда унинг амал қилиш муддатини узайтиришга рози бўлиши мумкин.

Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан қуйида танишиш мумкин.

Мавзуга оид