Ўзбекистон | 16:47 / 27.02.2019
8090
2 дақиқада ўқилади

Улуғбек Рўзиқулов АСEАН бош котибига ишонч ёрлиғини топширди

Фото: Ўзбекистоннинг Жакартадаги элчихонаси

2019 йилнинг 27 февралида Жакарта шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Индонезиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Улуғбек Рўзиқулов Жануби-шарқий Осиё мамлакатлари уюшмаси (АСEАН) бош котиби Дато Лим Жок Хойга ишонч ёрлиғини топширди. Бу ҳақда Kun.uz’га Ўзбекистоннинг Жакартадаги элчихонасидан хабар беришди.

Учрашув давомида бош котиб Ўзбекистоннинг комплекс ривожланиш жараёнини қизиқиш билан кузатиб бораётганлигини таъкидлади. Унинг фикрича, Ўзбекистон Президенти томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Шу жумладан, мамлакатнинг турли халқаро рейтингларга кириши, инвестициялар ва ташқи савдони ўсиши хамда, жаҳон ҳамжамияти, хусусан, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларининг Ўзбекистонга қизиқиши тобора ортиб бораётганлиги бунга мисол бўла олади.

Дато Лим Жок Хой 19-20 февраль кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Владимир Норовнинг Жакартага қилган ташрифини алоҳида таъкидлаб ўтди. Унда АСEАН ва ШҲТ ўртасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини, шунингдек, ушбу ташкилотга аъзо мамлакатларнинг ўзаро муносабатларини янада мустаҳкамлаш тўғрисида музокаралар олиб бордилар. 

Ўзбекистон ва АСEАН ташкилотининг ҳамкорлиги ва мавжуд халқаро ташаббусларни ҳисобга олган ҳолда, бош котиб Ўзбекистоннинг уюшмага аъзо мамлакатлар билан транспорт, савдо ва инвестицион алоқаларини кенгайтириш учун имкониятлар мавжудлигини таъкидлади. Шунингдек, бу жараён Ўзбекистон АСЕАН ўртасида ўзаро савдо-сотиқ кўламини кенгайтириш имконини беради.

Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари ассоциацияси (АСEАН) Жануби-Шарқий Осиёда жойлашган 10 давлат (Бруней, Вьетнам, Индонезия, Камбоджа, Лаос, Малайзия, Мьянма, Сингапур, Таиланд, Филиппин)нинг минтақавий ҳукуматлараро ташкилоти бўлиб, 1967 йил 8 августда Бангкокда "Бангкок декларацияси"ни имзолаш орқали ташкил этилган. 2018 йил якунида ташкилотга аъзо давлатларнинг аҳолиси 651 миллион кишидан ошди, ЯИМ 3 триллион доллардан, ташқи савдо айланмаси эса 2,3 триллион доллардан ошган.

Мавзуга оид