Янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар юзасидан айрим қарорларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси ҳукумат порталига жойлаштирилган. Шу кунларда қарор лойиҳаси муҳокамаси қизғин давом этмоқда ва фуқароларнинг таклифлари ўрганилмоқда.
Мазкур қарор лойиҳаси билан амалга киритиш таклиф қилинаётган янгиликлар юзасидан маълумот олиш мақсадида АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” Қишлоқ қурилишини кредитлаш департаменти бошлиғи Зулайҳо Жўраева ва Юридик департамент бошлиғи Эркин Атабаевларга мурожаат қилдик.
- Намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойларга доир қабул қилинган Ҳукуматнинг айрим қарорларига қандай ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф қилинмоқда?

Э.Атабаев: Ҳукумат қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар 2018 йил давомида Президентимизнинг ушбу соҳадаги қарорлари ижроси юзасидан қабул қилинаётган бўлиб, улар асосан 4 та йўналишни ўз ичига олади.
Муҳим жиҳатлардан бири бу - “арзон уй-жой” тушунчасининг ўзгариши. Агарда эътибор қилсангиз, 2017 йилдан бошлаб Дастур доирасида қурилаётган қишлоқ жойдаги 2 хил тоифадаги уй-жойлар, яъни икки ва уч қаватли кўп қаватли уйлардаги квартиралар ва 0,02 га ўлчамли ер участкаларида бир қаватли уйлар арзон уй-жойлар тоифасига киритилган эди.
Киритилаётган ўзгартиришларга кўра, Дастур доирасида қурилаётган бошқа уй-жойлар, жумладан, 4 ва 6 сотихли ер участкаларида қуриладиган уй-жойлар ҳам эндиликда (расман 2018 йилдан бошлаб) арзон уй-жойлар ҳисобланади. Бунинг сабаби, бу уй-жойларнинг қурилишини амалга оширишнинг бутун босқичлари ва қоидалари, жумладан, улардаги иштирокчиларга қўлланадиган солиқ ва божхона имтиёзлари, ажратиладиган кредитларнинг муддатлари ва фоиз ставкалари бир хил ҳисобланади.
Шунга мувофиқ, Қарор лойиҳасида “арзон уй-жой” тушунчасига доир ўзгаришлар таклиф қилинмоқда.
З.Жўраева: Қарор лойиҳасидаги янгиликлардан яна бири бошланғич бадал суммаларининг ўзгаришидир. Дастур доирасида қурилаётган икки, уч, тўрт, беш қаватли кўп хонадонли (2 ва 3 хонали) уй-жойлар, 0,02 га ўлчамли ер участкаларида жойлаштириладиган 2, 3 хонали бир қаватли арзон уй-жойлар учун бошланғич бадални уй-жой смета қийматининг камида 15 фоизидан камида 10 фоизигача камайтириш назарда тутилмоқда.
















