Жамият | 14:13 / 31.03.2019
58074
4 дақиқада ўқилади

Қувалик 3 эгизакни боқишнинг ўзига хос машаққатлари. Уларга ҳеч қандай кўмак берилмайдими?

Kun.uz таҳририятига навбатдаги мурожаат қизиқ мавзуда йўлланган эди. Бу мурожаат на бир долзарб муаммога ва на хайрияга ўхшарди.

Мурожаат мазмуни ёш оилада туғилган 3 эгизак ҳақида эди. Кейинги вақтларда ОАВда республикамизнинг кўплаб минтақаларида туғилган 3 эгизаклар ҳақида тез-тез хабарлар берилмоқда. Кимгадир «Спарк» берилса, яна бири бошқача иззатда. Қувалик бу оилага эса моддий ёрдам пули ҳам йўқ экан..

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

«2018 йил 19 октябрда 3 эгизак фарзандли бўлдик. Исмларини Иқболжон, Исломжон ва Имронжон деб қўйдик. Парвариш қилишнинг ўзига яраша машаққати ҳам бўлар экан. Бир ойлик бўлишгандан сўнг, сунъий овқатланишга ўтишга мажбур бўлдик. Кунига 10тага яқин таглик (памперс) ишлатамиз. Иккинчи фарзандим инжиқроқ, бешикка ётмайди. Юрагида нуқсони бор. Ҳозир порошоги бор. Шуни ичади. Баҳордан аппаратга тушириш керак экан. Бир марта аппаратга тушириш ҳам 200 минг сўм пул бўлади. Ёрдам сўраб кўрдик. Маҳалла фуқаролар йиғинидан хабар олгани ҳеч ким келмади. Болалар пулидан ёрдам қилайлик дейишмади. Ўзимиз кутдик. Мезонга тушмаяпсизлар дейишди. Халқ қабулхонасига ҳам бордик. Фойдаси бўлмади. Хўжайиним оддий ишчи, мебел цехида ишлайди. У киши ҳам қийналиб кетди. Кечқурунлари ҳам ишлаб келяпти. Суюнчи пули яқинда чиқди. Болаларим 4 ойлик бўлишди. Шунча ҳаракат қилдик. Ҳокимиятга ҳам бордик. Ҳоким билан учрашишга қўйишмади», дейди 3 чақалоқнинг онаси Одинахон Жумаева.

Одинахон Жумаева

Маҳалла масъул котиби Икромжон Маннопжоновдан вазиятни ойдинлаштирмоқчи бўлдик.

«Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 15 февралдаги 44-сонли қарорининг Низомига асосан иш олиб борилган. Буларда белгиланган мезонга мос эмас, хонадонларида «Матиз» русумли автомобиль бор. Бу моддий бойликка киради. Ёрдам қилмоқчи бўлдик. Лекин, уларнинг даромадлари белгиланган миқдордан ошиб кетди. Ҳеч қаерда ишламаганларга энг кам ойлик иш ҳақининг икки баробари миқдорида ойлик белгиланади. Бу миқдорда белгиланган мезондан ошиб кетиб баҳоланади ва нафақа рад этилади», дейди масъул котиб.

Маҳалла масъул котиби Икромжон Маннопжонов

Қизиқ ҳолат. Бирор жойда ишласангиз, йўқ деганда 1 миллион сўм миқдорда ойлик оласиз – бу мезондан юқори дегани. Хўп, буни тушунамиз. Бу ҳолда болаларга моддий ёрдам бериш рад этилади. Агар ҳеч қаерда ишламасангиз, унда сизнинг даромадингиз энг кам ойлик иш ҳақининг икки баробарида ҳисобланади. Бу ҳам мезондан баланд деб олинар экан.

Хўш, ўз-ўзидан бир савол туғилади. Унда ким олади бу пулни? Ишласанг, ишлашинг пеш қилинса, ишламасанг бундай ҳисоб-китоб. Қонунчиликда бу масалага бир танқидий ёндашиб чиқилса фойдадан холи бўлмас эди. Натижада шундай оилаларга оз бўлса ҳам мадад бўлармиди?

Мухбир - Баҳодир Аҳмедов
Тасвирчи - Муҳаммаджон Ғаниев

Мавзуга оид