Жаҳон | 15:33 / 01.04.2019
44444
8 дақиқада ўқилади

Янги Кариб инқирозими? Россия ва АҚШ муносабати кескинлашмоқда

Фото: AFP/Getty Images

1962 йилдан буён Россия ва АҚШ муносабатида тўғридан-тўғри таҳдидлар кузатилмаганди. СССРнинг ҳақиқий вориси Россия ва НАТО етакчиси АҚШ ўртасида яна нима юз берди?

Фикр алмашинуви

23 март куни Каракасга қўнган Россия космик-ҳаво кучлари ҳарбий самолёти бортида Қуруқликдаги кучлар бош штаби бошлиғи, генерал-полковник Василий Тонкошкуров бошчилигидаги 99 нафар ҳарбий аскар бор эди. Вашингтон дарҳол энг юқори минбардан Москвани эслашни унутмади.

АҚШ Давлат департаменти котиби Майк Помпео россиялик ҳамкасбига қўнғироқ қилиб, «Венесуэлага етиб келган рус ҳарбийлари вазиятни чигаллаштириб, муносабатлар кескинлигини оширишга хизмат қилади», дея фикр билдирди. Майк телефон суҳбатда «Венесуэла халқининг қийналиши ва инқирозни кенг қулоч очишига сабаб бўлаётган Россиянинг Мадурога кўмагига АҚШ жим қараб туролмаслиги»ни айтган. Лавровннинг жавоби жуда оддий бўлди: «вазиятни оғирлаштираётган АҚШнинг ўзи, у мамлакатда давлат тўнтаришини амалга оширмоқчи».

27 март куни АҚШ президенти Дональд Трамп рус ҳарбийларидан Венесуэлани тарк этишни сўради, расмий Москва эса Мадуро режимини қўллаб-қувватлашни бас қилсин. Вице-президент Майк Пенс Россиянинг Венесуэладаги ҳаракатини «провокация» деб атади. Москва яна хотиржамлик билан жавоб қайтарди: «Бу ҳақда кўп қайғурманг», деган РФ президенти маслаҳатчиси Юрий Ушаков.

Унинг айтишича, рус ҳарбийлари мамлакатга расмий ҳукумат рухсати билан етиб борган. Улар маҳаллий армияга техник хизмат кўрсатиш ва ҳарбий машғулотларда кўмак бериш учун ҳозир бўлган.

29 март куни АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон «халқаро ҳамжамиятга тўғридан-тўғри таҳдид солаётган вазиятни ҳарбий амалиёт билан ҳал этиш масаласи ҳар томонлама ўрганилаётгани» ҳақида маълумот берди. У Каракасда рус ҳарбийлари сони оширилса, АҚШ Қуролли кучлари хизматидан фойдаланишга мажбур бўлишини эслатиб қўйди, холос.

Давлат департаментининг Венесуэла бўйича махсус вакили Элиот Коэн Россиянинг ҳаракатига муносиб жавоб қайтариш, жумладан янги санкцияларни ўйлаб кўришни тавсия этди. Кремль Путин иштирокида ўтган Хавфсизлик кенгаши йиғилиши бўйича хабар тарқатиб, сўнгги сўзни айтди: «Россия Венесуэла ички ишига бир қатор давлатлар томонидан аралашув ҳақидаги таҳдидлар очиқ янграётганидан хавотирда».

Икки давлатлар вакиллари мулоқот қилишга ҳаракат ҳам қилмади, деб бўлмайди. 19 март куни америкаликлар ташаббуси билан Рим шаҳрида Венесуэла масаласида икки томонлама маслаҳатлашуви бўлиб ўтди. Афтидан музокаралар ҳали якунланмади.

Аслини таҳлил қилсак, Россия ҳеч қандай ҳуқуқ нормасини бузмади, у Венесуэла мустақиллигини тан олади. Аммо мамлакат ичида давом этаётган инқироз фонида катта тажрибага эга рус генерали бошлиқ десантуранинг Каракасда пайдо бўлиши дов учун қиймат ўзгарганини билдиради. Расмий хабарда айтилганидек, улар армияга техник хизмат кўрсатиб қолмай, жанговар амалиётлар режасини ҳам тузишга қобилиятли ҳисобланади.

Сурия ё Куба?

АҚШ кўз ўнгида 2015 йилги «Сурия сценарийси» такрорланмоқда. Ўшанда ҳам Россия космик-ҳаво кучлари қўшини Суриядаги АҚШнинг ҳаракатланишини чеклаб қўйганди. Аслида АҚШ Сурияда фақат ИШИДга қарши ҳарбий кучни ишлатди, улар президент Асадни мухолифат билан музокара олиб боришини истарди.

Венесуэлада вазият сал бошқача: РФ ҳарбийлари АҚШ босими остида ҳокимиятни Гуайдога топшираётган Мадурони тўхтатиб қолиши мумкин. Шунга қарамай, АҚШ президенти «ҳар қандай танлов бўйича пухта ишлаб чиқилган режалар столида»лигини айтиб, ҳарбий интервенсияни ҳам назарда тутган.

Рус жамоатчилик фикрига кўра, Венесуэла инқирози орқали янги «Кариб инқирози»ни пайдо қилиш Россияга яхши имконият беради. Яъни у империалистик қудратга эга давлат сифатида АҚШ билан тенгма-тенг музокара олиб бориш, орани очиқ қилишга имкон пайдо бўлади. Соддароқ қилиб айтганда, янги инқирозни яратиш керак, аммо уруш учун эмас.

Лекин Москванинг Венесуэла томон ҳарбий қурол юбориши Вашингтонда ҳеч хуш кўрилмайди, шу билан бирга америкаликлар ўз диёрида бунга йўл қўймаслик учун дадил қадам ташлашга тайёр. Буни Москва ҳам билади. «Тўқнашувдан қочиб бўлмаса, биринчи зарбани бериш» Россияга ҳам хуш ёқмайди.

Сурия сценарийси ҳам иш бермайди, негаки Венесуэлада фуқаролик уруши бўлмаяпти, у ерда хавфли террорчилар гуруҳи макон топмаган. Минтақада Эрон сингари содиқ иттифоқчилар ҳам топилмайди. Агар АҚШ Венесуэлани сувдан блокада қилиб, унинг ҳаво кенглиги тўсиб қўйилса, ёрдамга ошиққан Россия самолёти билан тўқнашув муқаррар бўлади.

Никарагуа!

Москвада бошқа тайёр режа бўлиши мумкин. Бу — 1980-йиллардаги «Никарагуа сценарийси». У пайтда СССР Никарагуадаги марксист ҳукумат ва Даниэл Ортега бошчилигидаги Сандинистлар миллий озодлик фронти қўллаб-қувватлаганди. АҚШ эса Никарагуа қўшниси Гондурасда штаб яратган коммунистларга қарши «контрас» ҳаракатини қўллаган. Айтмоқчи, «контрас» сиёсати меъмори айнан Элиот Коэн эди.

Советлар Никарагуани, биринчи галда, иқтисодий-ижтимоий қўллаб-қувватлашни устун билган. Шунга қарамай, армияни қайта тайёрлаш, қурол етказиб бериш ишида ҳам СССР фаоллик кўрсатган. Москва тарихда бўлганидек, АҚШнинг тўғридан-тўғри ҳарбий интервенсиясини кутмаяпти, Вашингтон Венесуэлага яқин жойда мухолифатни ҳарбий тайёргарликдан ўтказиши, қуроллантириб, жангга юбориши мумкин. Агар Москванинг тахминий режаси амалга ошса, улар қуруқлик, сув ва ҳаво йўллари орқали Венесуэлага четдан қурол киритилишини олдини олиши керак. СССР каби Россия ҳам «Роснефть» кўмагида Венесуэлага иқтисодий ёрдам бериши мумкин. Ҳарбий кўмак эса рамзий маънода кўрсатилиши тайин.

Москва нимани хоҳлаяпти?

Дангал айтиш керакки, Россия хавфсизлиги ва суверенитетини сақлашда Суриядан ҳам, Венесуэладан ҳам манфаат топмайди. Венесуэла мисолида таҳлил қилинса, 2012 йилдан буён 9 миллиард доллар маблағини нефть ботқоғига тиқиб қўйган «Роснефть» айни вазиятдан катта манфаатдор. У «давлат жуни ва шахсий жунини аралаштириб» юборган.

Балки Москва Венесуэладан туриб, бошқа давлатларга ҳам глобал гегемон сифатида ўзлигини намоён қилишни истар, ким билсин. Ахир бу обрў-эътибор, кўп қутбли дунёнинг бир бўлаги бўлишни англатади. Шунга қарамай, Москва амбициоз ғояларини амалга оширмоқчи бўлса, унга иттифоқчилар, маслак бўла оладиган кучли давлатлар зарур.

Ё Москва демократияни куч билан қуриб, ҳокимиятни ағдариб ташлаш мумкин эмаслигини исботламоқчими? Бу билан эндиликда ҳар қандай ҳокимиятни ағдаришга уриниш жавобсиз қолмаслигини кўрсатмоқчими? Кремль истаган Америка-Россия муносабатларининг modus operandi шудир, балки. Венесуэла эвазига Украина эса мантиққа тўғри келмайди.

Энг тўғри хулоса шундаки, Россия ташқи сиёсатда мағлуб бўлмаслик маҳкумига айланди, акс ҳолда мамлакат ички сиёсатида норозилик кайфияти пайдо бўлиши мумкин. “Қрим баҳори”дан сўнг, Россия ташқи сиёсатдаги муваффақияти эвазига ички барқарорликни сақлашга эришмоқда. Демак, унга янги Кариб инқирози ҳам керак эмас.​

Мавзуга оид