Жамият | 22:59 / 17.04.2019
13240
4 дақиқада ўқилади

Интернат уйидаги меҳр-мурувватдан баҳраманд қалблар

Ёнимизда, орамизда шундай инсонлар яшайдики, улар доимо эътиборга, мурувватга муҳтож.

Юртимизда ана шундай инсонлар учун «Мурувват» ва «Саховат» интернат уйлари ташкил этилган.

Шундай муассасалардан бири Қарши шаҳрида жойлашган. Мазкур муассаса 1976 йилдан буён фаолият кўрсатмоқда. 2018 йил 23 декабрда ногиронлиги бўлган болаларга мўлжалланган «Мурувват» интернат уйи капитал реконструкциядан сўнг қайта очилди. 

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Реконструкция давомида эски корпуслар бузилиб, ўрнига янги ошхона ва янги бинолар қурилди. Болалар ва ходимлар қулайлиги учун касалхона лифти, барча хоналарда ҳавони кондиционерлаш ва шамоллатиш тизимлари ўрнатилган. Янги жиҳозлар билан таъминланиб, ён-атрофи тўлиқ ободонлаштирилган. 

Бу масканга кириб борар эканмиз, турли даражадаги ногиронлиги бўлган жажжи болалар эътиборимизни тортади. Улар бизни қизиқиш билан кузатишади.

Маълум бўлишича, «Мурувват» интернат уйида оғир ва чуқур даражадаги ақлий заифлик, гемипарез, парапарез ва тетрапарез асоратлари бўлган мўътадил даражадаги ақлий заиф болалар церебрал фалажи, интеллектнинг оғир бузилишига олиб келган шизофрения, мўътадил даражадаги ақлий заифликка олиб келган (ҳар ойда кўпи билан беш марта хуруж қиладиган) тутқаноқ, бош мия шикастланиши оқибатидаги мўътадил даражадаги ақлий заифлик ва шу каби касаллиги бўлган вояга етмаганлар тарбияланади.

Маскан билан танишиш жараёнида фарзандларини кўриш учун келган ота-оналар билан ҳам суҳбатлашдик. Улар ҳам бу ерда яратилган шарт-шароитлардан мамнун эканликларини билдиришди.

Дарҳақиқат, бу ерда тарбияланаётганлар учун барча шароитлар яратилган. Тарбиячилар уларга ғамхўрлик билан қарашмоқда. Тарбияланувчилар махсус дастурлар асосида таълим олишмоқда. Улар доимий тиббий назоратда.

Интернат уйи директори Рўзиқул Хўжаевнинг таъкидлашича, маскан болаларни мослаштириш бўйича ишларни амалга ошириш, уларга тиббий хизмат кўрсатиш ва ривожлантириш учун замонавий шарт-шароитларга эга. Ушбу комплекс инновацион услубларни қўллаш борасида ҳам янги имкониятларга йўл очмоқда. Интернат уйининг тарбияланувчиларига иккита пони от совға қилинган, болалар бундан беҳад хурсанд. Болаларни соғломлаштириш мақсадида от устида сайр қилдириш ва жониворлар билан мулоқот қилиш йўли билан реабилитация қилиш «иппотерапия» деб аталади. Бу усул ўзининг таъсирчанлигини исботлади ва болаларда муҳим туйғуларни ривожлантириш, ташқи муҳитга тезроқ мослашиш имконини беради.

Интернат уйи директори Рўзиқул Хўжаев

Айни вақтда интернат уйи 300 нафар болага мўлжалланган ва ҳозирда бу ерда 4 ёшдан 18 ёшгача бўлган 285 нафар ақлан заиф ва ногиронлиги бўлган болалар истиқомат қилади. Шундан 130 нафари қиз, 155 нафари ўғил болалар. 293 нафар ходим тарбияланувчиларга ижтимоий ва тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.

Маскан билан танишиш давомида тарбияланувчилар билан ҳам суҳбатлашдик. Улар бу ердаги шароитлардан мамнунлигини айтишди. Болажонлар сўзларидан ҳамиша эътиборда эканлигини ҳис қилиб яшаётганлигини англаш қийин эмасди. Муҳими ҳам шу, улар доим халқимиз ардоғида, эътиборида, ҳеч кимдан кам бўлмай яшайверади.  

Бардошбек САМАД ўғли,
«Kun.uz» мухбири.

Мавзуга оид