15:50 / 23.04.2019
36625

Блогер Дима Қаюм нигоҳидаги воҳа манзаралари

Воҳа халқи, асосан, деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланади. Республиканинг бошқа ҳудудларига янги картошка, пиёз ва бир қанча баҳорги полиз экинларини етказиб беради. Лекин экин ер майдони жуда катта, уларга кўпроқ ишчи кучи зарур, дея ўз таассуротларини Kun.uz'га билдирди блогер Дима Қаюм.

Апрелнинг иккинчи ўн кунлигида Ўзбекистоннинг турли вилоятларида бўлиб қайтган риштонлик ҳунарманд, блогер ва «Рошидоний» халқ кутубхонаси асосчиси Дима Қаюм саёҳати давомида Ўзбекистоннинг кўпчиликка номаълум, сирли гўзаллиги ва ижтимоий масалаларни суратлар орқали эълон қилиб борди. 

«Термизда 3 кун яшадим, вилоят марказида муаммолар унча кўзга ташланмайди. Шаҳар янада чирой очмоқда, ҳар жойда қурилиш ва бунёдкорлик. Термиз шаҳридан Қашқадарёга етиб боргунча йўлнинг сифати аъло даражада, атрофда сайёҳлар кўп. Уларнинг кўпчилиги Ҳиндистон, Покистон, Афғонистондан келган мусулмон сайёҳлардан иборат»,  — дея қайд этган у.

Блогернинг таърифлашича, одамлари меҳмондўст, баланд тоғлар қуршовидаги Бойсун туманида тоза ҳаво ва табиат гўзаллигидан завқланиш мумкин.

«Мачай қишлоғида эса, электр энергияни инобатга олмасак, аҳвол 15 асрни эслатади. Маҳаллий аҳоли асосан чорвачилик билан шуғулланади. Асосий транспорт тури  —  эшак. Халқнинг ёрдами билан иккита мактаб, иккита масжидга 120тадан ортиқ китоб ҳадя қилинди»,  — дейди у.

Риштонлик Дима Қаюм маҳаллий аҳолининг даромади кўп бўлмаса-да, 200 килогача ош дамлаб, 2-3 бош мол, қўй сўйиб тўй қилиши ҳақида гапирди. Шунга қарамай, қишлоқ жойларда, айниқса марказий аҳоли яшаш пунктларида замонавийликка интилиш юқорилигини алоҳида эътироф этди.

Суратлар муаллифи Дима Қаюм

Top