Йўл ҳаракатининг биз билмаган қоидалари
Тошкент шаҳрида 2019 йилнинг дастлабки 3 ойида 201та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 18 киши ҳаётдан кўз юмган, 234 киши турли даражада тан жароҳатлари олган. ЙТҲ сони ўтган йилгига нисбатан 35 фоизга камайган. Ҳалок бўлганлар сони ўтган йилгига нисбатан 51,4 фоиз, жароҳатланганлар сони эса 38,7 фоизга пастлаган, дея хабар берди Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати бошлиғи Акмал Юнусов Kun.uzʼга берган интервьюсида.
3 ой ичида 18 киши ҳаётдан кўз юмган бўлса, бир йилда бу кўрсаткич қанчани ташкил қилади? Хўш, бу ҳолатга нима сабаб бўлмоқда? Ўлим кўрсаткичини кескин камайтириш имконияти борми? Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун пиёда ва ҳайдовчилар қандай чораларни кўришлари керак? Шу ва шунга ўхшаш бошқа бир қатор саволларимизга Акмал Юнусовдан батафсил жавоб олишга ҳаракат қилдик.
Пиёдалар учун зарурий қоидалар:
Энг аввало ҳушёр бўлиш. Чунки, кўчага чиққан ҳар бир пиёда бевосита йўл ҳаракати иштирокчисига айланади. Шунинг учун атрофдаги воқеа-ҳодисаларга нисбатан эътиборли бўлиш талаб этилади. Йўлни кесиб ўтаётганда ёки унинг қатнов қисмида ҳаракатланаётганда қулоқчин тақиб мусиқа тинглаш, видео томоша қилиш, китоб ўқиш қатъиян тақиқланади. Бунга нима учун амал қилиш керак? Светофор қизил чироғини кўрган ҳайдовчи ўз-ўзидан тўхтайди-ку, дегувчилар бор. Аммо бундай фикрловчилар шуни унутмасинларки, кўча доимо тасодифларга тўла бўлади. Бундан ташқари, қоидаларга амал қилмайдиган ҳайдовчилар, чорраҳалардан тўсиқсиз ўтиш ҳуқуқига эга бўлган транспорт воситалари ҳам бор. Шу сабабли ҳушёрлик ҳар икки тарафдан бўлса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Ёрқин кийим. Кечқурунлари ҳайдовчилар пиёдаларни пайқамай қолишади. Бу ҳам ЙТҲ содир бўлишига олиб келади. Айниқса, мактаб ўқувчиларига нур қайтарувчи элементлари бор ёрқин рангли кийимларни кийиш тавсия этилади. Шунда ҳайдовчи узоқдаги пиёдани кўра олади ва тезликни камайтириб эҳтиёт чораларини кўради.
Жамоатчилик назорати. Ён-атрофда йўл қоидасини бузаётган пиёда ва ҳайдовчиларни кўрганда бу нотўғри эканлигини қоидабузарнинг ўзига айтиш ёки ҳуқуқ органларига хабар қилиш керак. Жамоатчилик назоратининг етарли даражада эмаслиги, бўлаётган воқеа ва ҳодисаларга бефарқлик қоидабузарликлар кўпайишига, охир-оқибат ЙТҲга олиб келиши мумкин. Шунингдек, истеъмолчи сифатида жамоат транспортидан, такси хизматидан фойдаланаётганда ҳайдовчидан йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш, тезликни меъёридан оширмаган ҳолда ҳаракатланишни талаб қилиш керак. Ҳаракатланишдан олдин хавфсизлик камарини тақишни одат қилиш орқали ўз хавфсизлигимизни таъминлаган бўламиз.
Шахсий намуна бўлиш. Ҳар бир фуқаро кўчада ўз хатти-ҳаракатини назорат қила олиши лозим. Фарзандлари билан автомобилда ёки пиёда кетаётган фуқаро ҳимоя камарини тақмаса, кўчанинг белгиланган жойидан ҳаракатланмаса, бу ҳолатлар яна давом этаверади. Катталар ёшларга намуна бўлиши керак.
Ҳуқуқий онг. Йўл ҳаракати қоидаларини ўрганиш, уни такрорлаб бориш зарар қилмайди. Соҳада бўлаётган янгиликлар, ўзгаришлардан бохабар бўлиш ҳар томонлама фойдали.
Шу ўринда ҳайдовчиларнинг мажбуриятларини яна бир карра эслатиб ўтамиз:
Йўлга чиқишдан олдин автомобилнинг техник созлигини текшириш зарур.
Автомобиль салони тўлиқ жиҳозланган (тиббиёт қутиси, нур қайтаргичли камзул ва бошқа керакли буюмлар) бўлиши лозим. Турли сабаблар билан тунги вақтда йўлда автомобиль бузилиб қолганда нур қайтаргичли камзул кийиб олиш ҳайдовчини хавфдан сақлаб туради.
Йўл шароити ва об-ҳавони ҳисобга олган ҳолда ҳаракатланиш жоиз.
Ҳайдовчи ҳаракатланишни бошлашдан олдин йўловчилар транспорт воситасида жойларини эгаллаганига, транспорт воситаси эшиклари ёпилганига ишонч ҳосил қилиши, ҳаракатланаётган вақтда автомобиль салонидан тана қисмларини (қўлдан ташқари) чиқариш тақиқлангани, транспорт воситаси ҳаракатланишни бошланишидан олдин хавфсизлик камарини тақиб олиш шартлиги ҳақида йўловчиларни огоҳлантириши шарт.
Ҳуқуқий билимни ошириш ҳам турли кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олади. Ҳар бир ҳайдовчида йўл ҳаракати қоидалари китобчаси бўлса, фойдадан холи бўлмайди. Қонунчиликка киритилаётган ўзгартишлардан ҳам хабардор бўлиб туриш лозим.
Тезликни меъёрида сақлаш. Ҳозир аҳоли яшаш пунктларида тезликни соатига 70 километрдан оширган ҳолда ҳаракатланиш тақиқланган. Ҳайдовчи пиёдалар йўлакчаси ва серқатнов, аҳоли гавжум жойга етиб келганида вазиятга қараб тезликни пасайтириши керак. Ҳисоб-китобларга кўра, соатига 70 км. тезлик билан келаётган автомобиль ҳайдовчиси бирор хавфни кўриб, тормоз педалини босгандан то тўлиқ тўхтагунигача автомобиль 56 метр йўлни босиб ўтар экан.
ЙТҲ сонини қисқартириш учун нима қилиш керак?
Таълим. Афсуски, бу соҳада камчиликлар талайгина. Ҳозир фақат биринчи синфларга йилига 17 соатлик йўл ҳаракати дарслари киритилган. 2018 йил 30 августда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг 701-сонли қарорига асосан, мактабгача таълим муассасаларида йўлларда, чорраҳаларда ва пиёдалар ўтиш жойларида ҳаракатланиш асосларини назарий-амалий ва кўргазмали тарзда ўқитиш, умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчиларга йўл ҳаракати қоидалари, ёнғинларнинг олдини олиш, ёнғинлар пайтида, шунингдек, фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш бўйича назарий-амалий кўникмаларни сингдириш ва мустаҳкамлаш мақсадида «Ҳаётий фаолият хавфсизлиги» мажбурий фанини жорий этиш, дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда тасдиқлаш вазифаси юклатилган эди. Қарор чиққанига 8 ой бўляпти, лекин мутасадди ташкилотлар жим.
Боғча, мактаб ёшидан бошлаб йўл ҳаракати қоидаларини ўргатилмаса, қилинаётган ишлар самара бермайди.
Тарғибот. ОАВ билан ҳамкорлик қилиш, бўлаётган ишлар тўғрисида аҳолига ахборот етказиш, таълим муассасалари, корхона-ташкилотларга бориб тушунтириш ишлари олиб бориш, қўлланма, варақаларни тарқатиш. Бу йўналишга молиявий томондан ёрдам берилаётгани туфайли анча жонланиб қолди.
Ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш. Бунда йўлларга етарлича кузатув камералари, фоторадарлар ўрнатиш, йўл патрул хизмати ходимларига хизмат вазифасини тез ва осон бажаришлари учун керакли технологиялар билан таъминлаш кўзда тутилган.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 майдаги «Ўзбекистон Республикаси йўл хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 377-сонли қарори билан тасдиқланган концепция ва ушбу концепцияни амалга ошириш бўйича йўл харитаси ижросини таъминлаш мақсадида, ўтган давр мобайнида 3та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, битта қонун 2018 йил 23 октябрда кучга кирди. Унда айрим қўпол қоидабузарликлар учун жарималар миқдори оширилди, жазо турлари кучайтирилди. Масалан, олдинги қонунчиликка кўра, спиртли ичимлик истеъмол қилиб автомобилни бошқарган фуқаро суд идоралари томонидан бир йилу олти ойдан уч йилгача ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлса, энди унга қўшимча равишда янги киритилган ўзгартиришга кўра ЭКИҲнинг 25 баравари миқдорида жарима ҳам ундирилади.
Хулоса қилиб айтганда, йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлишида кичик хато ҳам катта талафотларни келтириб чиқариши мумкин. Энг, аввало, ҳар биримиз онгли равишда йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилган ҳолда ҳаракатланишимиз, қоидабузарликларнинг ҳар қандай кўринишига қарши курашишимиз, бу борада ўз фуқаролик позициямизни кўрсатмоғимиз зарур. Ислоҳотни ўзимиздан бошлашимиз лозим.
Муҳаббат Маъмирова суҳбатлашди
Мавзуга оид
17:51 / 06.10.2024
Йўлларда авариялар кўпайди, тезлик ҳайдовчиларни қотилга айлантирмоқда
14:49 / 05.10.2024
Самарқандда бошқа машинанинг рақамини тақиб 76 марта қоида бузган ҳайдовчи ушланди
11:06 / 28.09.2024
Юнусободда Жентра ҳайдовчиси дрифт қилиб, авария ҳолати юзага келтирди. Чора кўриладими?
20:45 / 10.09.2024