Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашида Германия Федерациясининг Халқаро ҳамкорлик бўйича жамғарма кассалари фонди (Sparkassenstiftung) Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, «Агробанк» акциядорлик тижорат банки, «Халқ банки» акциядорлик тижорат банки, «Микрокредитбанк» АТ банклари ўртасида ўзаро ҳамкорлик келишуви имзоланди.

Ўзбекистон аграр секторини ривожлантириш ҳамда ёш фермерлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, экологик муаммоларни бартараф этиш, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини ошириш ва фермерларнинг даромадларини яхшилаш учун керакли модернизация қилиш тадбирларини молиялаштириш масалалари муҳокама қилинди. 

— БМТнинг маълумотига кўра, 2061 йилда Ўзбекистон аҳолиси 42 миллионга етади ва унинг 67 фоизини ёшлар ташкил қилади, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси биринчи ўринбосари Алишер Саъдуллаев. — Ёшлар бандлигини таъминлаш, мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш учун ҳам бугунги ҳамкорлик тузилмоқда. Ёш фермерлар учун имтиёзли кредитлар, солиқ имтиёзлари ва ерлар ажратилмоқда, аммо биринчи навбатда ёшларнинг молиявий билим ва кўникмаларини шакллантирмасак, ажратилган кредитларни мақсадли йўналтиришга ўргатмасак, уларнинг фаолиятида инқироз келиб чиқиши мумкин. 

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи делегацияси Германия Федератив Республикасидаги хизмат сафарида Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш федерал вазирлиги билан бир қатор лойиҳалар бўйича музокаралар олиб борган эди. Дунё бўйича 200дан ортиқ лойиҳаларга ҳамкорлик қилган Халқаро ҳамкорлик бўйича Жамғарма кассалари фонди 2003-2015 йилларда Ўзбекистонда ҳам бир қатор лойиҳаларни амалга оширган. Мазкур келишув    эса икки мамлакат ҳамкорлигининг бардавомлигига кўприкдир.

Келишув орқали Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш федерал вазирлиги (BMZ) ҳомийлигида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги секторини мустаҳкамлаш ва етарли молиявий хизматлар кўрсатиш орқали Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ривожлантирилади. Тадбиркорлик ва фермерлик фаолиятини ривожлантириш ёки бошлашни мақсад қилган ёшларнинг 90 фоизи имтиёзли равишда кредит олишни истайди. Банкларда имтиёзли кредит олиш учун етарли даражада ресурслар мавжуд, лекин ёшларнинг кредитлаш жараёнида билимлари етарли бўлмагани сабабли бизнес режа тузиш, ҳужжатлар тўпламини тўлиқ шакллантиришда қийинчилик юзага келади.