Аввалроқ “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Ўзбекистонда маълум бир тилга давлат тили билан бир қаторда расмий тил мақомини бериш ҳақидаги мунозаралар юзасидан ўз позициясини билдирганди. Шундан сўнг ҳаракат уларни умумлаштириб, аҳолининг барча қатламлари манфаатларини инобатга олган ҳолда, конструктив таклифлар ишлаб чиқишга қарор қилди. Бу ҳақда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати хабар бермоқда.
“Биз фуқароларга давлат тилининг мажбурий ўргатилиши тарафдори эмасмиз. Ўзбек тилини ривожлантириш ва янада бойитиш, уни ўрганишни истаганлар учун зарур шароит ва инфратузилмани яратиш лозим, деб ҳисоблаймиз. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати саводли, ўқимишли бўлиш, давлат тили ва бошқа хорижий тилларни эгаллаш жамиятда, айниқса ёш авлод орасида тренд бўлиши керак, деган фикрда”, - дейилади хабарда.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ўзбек тилини ривожлантириш ва аҳолининг имловий саводхонлигини ошириш юзасидан бир қатор таклифлар ишлаб чиқди ва жамоатчилик муҳокамасига ҳавола этди:
1. Ўзбек тилини ривожлантириш ва тил билиш даражасини ошириш концепциясини ишлаб чиқиш ҳамда яқин беш йил мобайнида уни амалга ошириш бўйича “йўл харитасини” тасдиқлаш.
Концепция қуйидаги вазифалар, чора-тадбирлар, амалга ошириш механизми, ижро муддати ва масъулларни ўз ичига олиши лозим:
· оилада тил саводхонлигини ривожлантириш ва шакллантириш учун қулай шароитлар яратиш;
· таълим муассасаларида давлат ва хорижий тилларни ўқитиш жараёнини танқидий жиҳатдан ўрганиш ва янада такомиллаштириш;
· давлат хизматчиларининг, айниқса давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг давлат тилини билиш даражаси ва саводхонлигини ошириш;
· жамиятда имловий саводхонлик даражасини ошириш учун инновацион усулларни жорий этиш;
· ўзбек тили тарғиботида оммавий ахборот воситалари ролини кучайтириш ҳамда жамиятда тил билиш нормалари даражасини ошириш;
· таълим тизимини ривожлантириш, ушбу йўналишдаги кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш;
· аҳолининг имловий саводхонлигини ошириш ва ўзбек тилини ривожлантиришнинг илмий асослари бўйича тадқиқотлар ўтказиш.
2. Ўзбек тилини ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи, тил нормаларига, шу жумладан, ахборот стендлари ва реклама материалларида талабларга риоя этилишини назорат қилувчи, соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш билан шуғулланувчи масъул давлат органини белгилаш.
















