Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 14 май куни қурилиш материаллари ишлаб чиқариш саноатини янада ривожлантириш бўйича устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.
Кейинги йилларда мамлакатда бунёдкорлик кўлами янада кенгайиб, юзлаб уй-жойлар, йирик саноат корхоналари, маданият ва спорт масканлари, йўлу кўприклар барпо этилди.
Рақамлар билан айтганда, кейинги икки йилда қурилиш ишлари ҳажми 1,7 баробар ошган. Уларда асосан юртимизда ишлаб чиқарилган материаллардан фойдаланилган. Шу билан бирга, керамик ва ёғоч-қипиқ плиталар, ойна, гулқоғоз ва бошқа материаллар импорт қилиб келинмоқда. Аслида, Ўзбекистонда замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш, импорт ўрнини қоплаш учун катта имкониятлар мавжуд.
– Мамлакатимизда бунёдкорлик ишлари тобора ортиб бораётган бугунги кунда қурилиш материаллари иқтисодиётнинг етакчи тармоғига, ўсиш нуқталаридан бирига айланиши керак. Корхоналарда энергия самарадор технологияларни жорий этиш орқали табиий бойликларимизни тежаш, материаллар нархини тушириш мумкин, – деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари қурилиш материаллари соҳасида ишлаб чиқаришни келгуси беш йилда камида икки баробар ошириш бўйича долзарб вазифаларни белгилаб берди.
Норуда конлар захираларини ошириш, саноат усулида қайта ишлашни кенгайтириб, қурилиш материаллари соҳасини диверсификация қилиш зарурлиги таъкидланди.
Президент соҳа корхоналарини барқарор ва камхарж энергия билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Кўмир ишлатиладиган биргина ғишт заводи мисолида маҳсулот нархини 50 фоизгача тушириш мумкинлигини кўрсатиб ўтди. Шу каби замонавий технологияларни қўллаш катта миқдорда табиий газни тежаш, маҳсулотларни арзонлаштиришга хизмат қилиши таъкидланди. Бу ҳам тадбиркорга, ҳам халққа, ҳам давлатга фойда келтиради.
Шу боис қурилиш материаллари тармоғида энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш орқали таннархни камайтириш бўйича топшириқлар берилди.
Мамлакат қурилиш материаллари саноатининг экспорт салоҳияти ҳам юқори. Лекин автотранспорт харажатларининг кўплиги уларнинг нархига таъсир кўрсатмоқда. Шу боис экспорт товарларини ташиш харажатларини субсидиялаш таклифи билдирилди.
Жорий йилда Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Андижон ва Навоий вилоятларида ҳар бири 2 миллион тонна қувватга эга 4 та цемент корхонаси ишга туширилди.
















