Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик вафот этди
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик вафот этди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар қилмоқда.
Манба хабарига кўра, Тоҳир Малик шифохонада бўлган, ошқозон касаллиги билан боғлиқ оғир жарроҳлик амалиётидан сўнг ўзига келмаган. Билдирилишича, жаноза маросими бугун, 16 май куни аср намозидан кейин бўлиб ўтади. Ёзувчи «Кўкча» қабристонига дафн этилади.
Тоҳир Малик (Тоҳир Абдумаликович Ҳобилов) 1946 йил 27 декабрда Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзбек фантастикасининг асосчиларидан бири. Тошкент университетининг журналистика факультетини тамомлаган (1969).
Биринчи йирик асари — «Ҳикмат афандининг ўлими» (1972). «Заҳарли ғубор» (1974), «Фалак» (1975), «Сомон йўли элчилари» (1978), «Чорраҳада қолган одамлар» (1982), «Бир кўча, бир кеча» (1983), «Алвидо, болалик» (1989), «Сўнгги ўқ» (1990), «Ов» (1995) каби илмий-фантастик, саргузашт қиссалари машҳур.
«Шайтанат» романи ёзувчининг йирик асарларидандир. Асар асосида кўп серияли телефильм яратилган. «Жиноятнинг узун йўли» (2004) илмий-таҳлилий рисоласи, «Меҳмон туйғулар» (2003) номли хотира, ёднома, адабий мақолалар тўплами ҳам бор. Унинг «Амир Темур даври адабиёти» (1998), «Варахша», «Унвони инсон» (1999), «Соҳилсиз денгиз» (2000), «Зулмат салтанати» (2001), «Моштабиб» (2002) сценарийлари асосида ҳужжатли фильмлар ишланган.
Рус ёзувчиси Ф. М. Достоевскийнинг «Маъсума» қиссасини, шунингдек, жаҳон адабиёти намояндаларининг айрим асарларини ўзбек тилига таржима қилган.
Тоҳир Маликка Ўзбекистон халқ ёзувчиси унвони 2000 йилда берилганди.
Kun.uz таҳририяти марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор этади.
Мавзуга оид
09:00 / 18.05.2019
Шавкат Мирзиёев Тоҳир Малик вафоти муносабати билан таъзия билдирди
19:11 / 02.10.2018
«Шайтанат»нинг тўлиқ тўплами нашрдан чиқди
12:10 / 20.08.2018
Тоҳир Малик: «Мен тунги клубга бориб кўрганман. У жойларни ўз номи билан «бузуқлик клуби» дейлик»
20:31 / 28.04.2018