Light | 15:02 / 18.05.2019
14515
8 дақиқада ўқилади

Сайёрани қутқариш йўлида бутунлай ўзгарган 11 та шаҳар

Антарктидадаги музликлар қанчалик тез эригани сайин одамлар экология, ҳавонинг ифлосланиши ва глобал исиш ҳақида тобора кўпроқ бош қотиришмоқда. Олимлар ҳавонинг сифати чекишга қараганда кўпроқ одамни ўлдиришини айтишмоқда. Шунинг учун шаҳарлар маъмурияти ҳаётнинг бошқа суръатига мослашишга улгуриш ва бунга аҳолини ҳам ўргатишга интилмоқда.

Биз ўзгаришга бел боғлаган ва ўз натижаларини кўрсатишга шай бўлган шаҳарларни ўргандик. Улар орасида тоза ҳаво йўлида илк қадам қўяётганлари ҳам бор.

Ослода автоулов тўхташ жойлари велосипед йўлларига айлантирилган

Фото: © WOJTEK SZWEJ / Eastnews

Осло марказида кўчалардаги тўхташ жойлари велосипед йўлакчалари, ўриндиқлар ва шинам боғларга айлантирилди. 2019 йилнинг бошида шаҳарда яна 700 та тўхташ жойларини олиб ташлаш жараёнлари тугатилди. Урбанистлар эса электромобиллар учун қувват олдириш станцияларини қуришди ва ногирон-ҳайдовчилар учун тўхташ жойлари сонини кўпайтирдилар.

Буэнос-Айресҳукумати пиёда ва велосипедчилар хавфсизлиги учун йўлларга гуллар қўяди

Фото: © Fastcompany

Илгари 20 та ҳаракатланиш чизиғига эга бўлган Буэнос-Айресдаги улкан кўча бугун фақат автобуслар билан банд. Шаҳарда ўзгаришлар юз берганидан сўнг аҳолининг ишга бориш учун сарфлайдиган вақти кескин камайди.

100 га яқин кварталларни автомобиллардан бўшатиш ва уларни пиёдалар ҳудудларига айлантиришга эришилди.

Бундан ташқари,шаҳарнинг гавжум йўл кесишмаларига ёрқин белгилар ўрнатилади ва улар пиёда ҳамда велосипедчилар учун максимал даражада хавфсиз бўлиши учун гуллар солинган идишлар ўрнатилди. Шу тариқа ҳукумат одамлар тўпланадиган тайёр битган жойларда арзон таъмирлаш усули, яъни тактик урбанизм усулидан фойдаланди.

Лондон юриш қисмини пиёдалар фойдасига қисқартирмоқда

Фото: Instagram/london.picturebook

2003 йилда Лондон ҳукумати тирбандлик вақтида шаҳарга чиқиш учун тўловни йўлга қўйди. 2010 йилда гавжум магистралларда илк велосипед супермагистраллари очила бошланди. 2019 йилда эса ҳаво сифатини яхшилаш ва чиқиндиларнинг ноль даражасига эга автомобилларга ўтиш орқали шовқинни камайтириш бўйича янги транспорт стратегиясининг ишлаб чиқилиши якунланди.

Аҳоли сонининг ортиши билан боғлиқ ҳавонинг ифлосланиш муаммосини енгиш учун шаҳарда махсус режа ишлаб чиқилган. Унинг моҳияти кўчаларнинг ярмини автомобиль ҳаракатидан озод қилиш, транспорт эса пиёдага йўл бўшатиши ва соатига 15 миль тезликдан ошмаган ҳолда юришидан иборат. Асосий кўчаларнинг кўпчилигида ҳимояланган велойўллар қуриш режалаштирилган.

Сеул 2020 йилгача «зарарли» автоуловлардан бутунлай халос бўлишни режалаштирмоқда

Фото: © Depositphotos

2017 йилда Сеул Нью-Йоркдаги High Line (ерости боғи) каби автомагистрални пиёда йўли кўринишида қайта ташкил этишни якунлади. 10 миллиондан ортиқ киши бу янгиликдан фойдаланишга улгурди. Бу янгилик сабаб боғ ҳудудида бизнес йўлга тушди: савдолар 42 фоизга ортди.

2025 йилга келиб шаҳар ҳукумати 3 мингта электр автобусларни ишга тушириш, шунингдек, уларнинг маршрутларини яхшилашни режалаштирмоқда.

Мадрид ўзининг марказий туманини транспортдан озод этди

Фото: © Depositphotos

Агар Мадрид марказида яшамасангиз, у ерга шахсий автоуловингизда боролмаслигингиз эҳтимоли катта. 2018 йилнинг ноябрь ойида шаҳарнинг марказий қисмида атроф-муҳитни ифлослантирадиган транспортда юриш бўйича чекловлар белгилана бошланди. Қонунлар ишга тушгач, йўлдаги ҳаракат 32 фоизга камайди, бу жуда тез содир бўлди.

«Чиқиндилар даражаси паст ҳудудлар» лойиҳаси пойтахт марказидаги ҳавони тозалаш мақсадида ишлаб чиқилган. Муваффақиятдан ишти ёқ олган Испания ҳукумати бошқа шаҳар марказларида ҳам чиқиндиларнинг ноль даражасига эга бўлмаган ҳар қандай транспорт воситалари ҳаракатини маън этишни таклиф этди.

Пекинда автоуловлар ҳафтанинг муайян кунларидагина юра олади

Фото: © Depositphotos

Пекинда ҳайдовчиларга ўзларининг «зарарли» автоуловларида юришга рухсат берилса ҳам, улар юриш вақти ва рақами билан чекланган. Агар у муайян рақам билан якунланса, машинани ҳафтанинг муайян кунидагина бошқариш мумкин. Шаҳар маъмурияти ўзига белгиланган кунда автоуловни ҳайдамасликни маъқул кўрган кишиларга кичик молиявий рағбат ҳам таклиф этади. Янги туманларда эса ҳукумат электрокарлардан ташқари ҳар қандай хусусий автоуловларни маън этишга қарор қилган.

Париждаги гавжум трасса пиёдалар ҳудудига айлантирилди

Фото: Instagram/corner_plr

2017 йилда Сена яқинидаги трасса пиёдалар йўли ва автоуловларсиз боғга айлантирилди. Бу автоуловлар ҳаракатини камайтириш орқали ифлосланишни камайтириш борасида шаҳар томонидан олиб борилаётган доимий ишнинг бир босқичи. Шунингдек, иш кунларида атроф-муҳитни ифлослантирувчи эски автоуловларда чиқиш бўйича ҳам чекловлар мавжуд. 2024 йилга келиб ҳукумат  дизелда юрувчи автоуловларни, 2030 йилга келиб эса газда юрадиганларини тўлиқ маън этишни режалаштирган.

Ҳиндистон 2024 йилга келиб бутунлай электромобилларга ўтади

Фото: © Depositphotos

Яқин-яқингача Ченнай шаҳрининг гавжум кўчаларида сайр ва шопинг кўплаб автоуловлар ва авторикшаларни кўзда тутарди. Бироқ ҳозирда бу туман пиёдалар йўлагига айланмоқда. Унинг қурилиши 2019 йилда якунланади. Шунингдек, Ҳиндистон ҳукумати 2030 йилга келиб барча автоуловлар электрда ишлайдиган бўлиши лозимлигини эълон қилган.

Копенгаген велосипедчилар учун супермагистраль яратади

Фото: Instagram/antonavkhach

Бугун Копенгаген аҳолисининг ярмидан кўпи ишга велосипедда боради. Пиёдалар ҳудудини яратиш бўйича Дания дастури 1960-йилларда бошланган. Бугунги кунга келиб, мазкур мамлакатда 200 милдан ортиқ велосипед учун йўллар мавжуд. Европадаги автоуловларга эгалик қилиш бўйича энг паст кўрсаткич ҳам Данияда. Мазкур лойиҳанинг сўнгги босқичи барча шаҳар чеккаси ҳудудларини ўз ичига олган велосипедчилар учун супермагистрални ётқизишдан иборат эди. Режалаштирилган 28 та маршрутдан биринчиси 2014 йилда очилган, яъни 11 таси 2018 йилда якунланган. 2025 йилга келиб шаҳарни углероддан тўлиқ нейтрал қилиш режалаштирилмоқда.

Берлинда автоуловлар учун мўлжалланган йўлнинг бир қисми бўлмаган веломагистраль қурилади

Фото: © Plataformaarquitectura.cl

2017 йилда Берлин атроф-муҳит, транспорт ва иқлимни ҳимоя қилиш департаменти буюртмасига кўра тадқиқот ўтказилган. Унинг натижасида 12 та автомобиль магистраллари веломагистраллар кўринишида қайта жиҳозланган. Бу хавфсиз юриш учун шароит яратишга шаҳардаги илк интилиш эди. Ҳукуматнинг асосий мақсади 2025 йилга келиб йўллардаги велосипедлар сонини 2,4 миллионтагача ошириш.

Грузия полиэтиленни ишлаб чиқариш ва ундан фойдаланишдан бутунлай воз кечмоқда

Фото: © Waste4ME_BV / Twitter

2019 йилнинг апрель ойида Грузия Атроф-муҳитни ҳимоя қилиш вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги полиэтилен халталарни ишлаб чиқариш, фойдаланиш ва уларнинг импортини тақиқлади. У кам вақт давомида йўқоладиган ва камроқ зарар келтирадиган биочирийдиган халталардан фойдаланишни таклиф этмоқда. Агар кимдир тақиқни бузса, ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари вакиллари дастлаб огоҳлантириш билан чекланишади. Агар тадбиркор бу соҳада ишлашни давом эттирса, унга дастлабки жарима 500 лари (185 АҚШ долларидан ортиқ), кейингиси – 1000 лари (371 АҚШ долларидан ортиқ) миқдорда белгиланади.

Сиз атроф-муҳитни ҳимоя қилиш учун қандай ҳаракатларни амалга оширяпсиз?

Мавзуга оид