Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги томонидан ОАВ вакиллари учун “Давлат-хусусий шериклиги – Ҳукумат ва инвестор ўртасидаги кўприк” мавзусида брифинг ташкил этилди

Давлат-хусусий шериклик орқали хусусий инвестициялар кириб келиши ва илғор замонавий бошқарув тажрибасининг жорий қилиниши орқали мамлакатдаги инфратузилма ва Давлат хизматлари сифати ошади. Бунда молиявий ресурслар хусусий шерик томонидан таъминланади ва асосий бизнес хатарни хусусий шерик ўз зиммасига олади. Шу билан бирга 49 йиллик шартномалар жуда ҳам мураккаб ва юқори даражали мутахассисларни жалб қилинишини талаб қилади.

Осиё тараққиёт банкининг ҳисоб-китобларига асосан, Ўзбекистон ишлаб чиқариш ва инфратузилмани ривожлантиришга ҳар йили ўз ЯИМнинг 7.4 фоизи миқдорида (қарийб 3.6 млрд. АҚШ доллари) инвестиция киритиши керак. Транспорт, энергетика, ахборот-коммуникация технологиялари, ичимлик суви ва санитария соҳаларига эҳтиёж бор.

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги қонунчилик асосининг мавжудлиги жамият ва иқтисодиёт учун жуда муҳим. Қонун қабул қилинишидан ташқари, ундан келиб чиқадиган қонунчилик ҳужжатларининг ишлаб чиқилиши ва уларнинг ишлаши – ушбу соҳада тизимни яратиш учун зарур ҳисобланади.

Мазкур қонунинг қабул қилиниши ДХШ соҳасига қонуний асосни яратди, бу республикага инвесторлар фаоллигини ва ишончини албатта оширишга, хусусий секторнинг молиявий ва бошқа ресурсларини жалб қилишига олиб келади. Ҳозирги кундаги энг асосий вазифа бу ДХШ тизимини яратишдир. 

Қонуннинг ўзига хос жиҳатлари:

• У тўғридан-тўғри амал қилувчи ҳужжат ҳисобланади, демак Ўзбекистонга ДХШ йўналиши бўйича пул тикмоқчи бўлган инвестор учун бошқа қонуности ҳужжатларни ўрганиш зарурияти камаяди
• Қонун инвесторларни ҳимоя қилишга қаратилган – хусусан ҳужжатда хусусий шерик ва кредиторларни ҳимоя қилиш бўйича алоҳида моддалар мавжуд
• Қонун аҳолига кўрсатилаётган давлат хизматлари ва жамоат инфратузилмаси сифатини яхшилашга қаратилган.
• Қонунда томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларининг ойдинлиги таъминланди
• Қонунда кичик лойиҳалар учун бир босқичли тендер механизми мавжуд