09:23 / 06.05.2024
4507

Тошкент инвестиция форумида 26,6 млрд долларга тенг келишувлар имзоланди

Тошкент халқаро инвестиция форуми якунлари бўйича 26,6 млрд долларлик шартномалар имзоланди. Режалаштирилган лойиҳалар - Янги Тошкент инфратузилмасини барпо этиш, маълумотларни қайта ишлаш марказини, электр станцияларини қуриш, Нукус, Фарғона, Қувасойда иссиқлик таъминоти тизимини модернизация қилиш.

Фото: Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Ўзбекистонда III халқаро инвестиция форуми ўз ишини якунлади. 93 мамлакатдан 2,5 мингдан ортиқ делегатни жамлаган форум глобал мулоқот ва инвестициявий соҳадаги илғор тажриба алмашиш майдонига айланди.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабарига кўра, тадбирнинг энг муҳим воқеаларидан бири Ўзбекистон ва Қирғизистон бош вазирлари иштирокида минтақавий энергетика лойиҳаларининг (Қамбарота ГЭС-1 ва Явон ГЭСни қуриш) хорижий инвесторларга тақдимоти бўлиб ўтди.

Форум якунига кўра жами қиймати 26,6 млрд долларга тенг келишувлар имзоланди. Маълумот учун: 2023 йилда ТХИФда 11 млрд долларлик 167 та ҳужжат имзоланганди.

Хусусан, қуйидаги йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди:

- Data Volt компанияси (Саудия Арабистони) билан ҳамкорликда Янги Тошкентда шаҳар инфратузилмасини қуриш ($1 млрд) ва яшил технологияларга асосланган «маълумотлар марказларини» қуриш ($3 млрд);
- Acwa Power компанияси (Саудия Арабистони) билан Қорақалпоғистон Республикасида қуввати 5 ГВт шамол электр станциясини ҳамда қуввати 2 ГВт бўлган электр энергиясини сақлаш қурилмаларини қуриш ($6,2 млрд);
- Amea Power компанияси (БАА) билан Қорақалпоғистон Республикасида қуввати 1000 МВт бўлган шамол электр станциясини қуриш ($1,1 млрд);
- Saudi Tabrid компанияси билан Нукус, Фарғона ва Қувасой шаҳарларида иссиқлик тизимини модернизация қилиш ($750 млн);
- Nil Shugar компанияси (Миср) билан Жиззах вилоятида қанд лавлаги етиштириш ва шакар ишлаб чиқариш ($500 млн);
- Shanghai Knud International компанияси (Хитой) билан Наманган вилоятида текстил ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ($205 млн);
- Wilmar International компанияси (Сингапур) билан Тошкент вилоятида озиқ-овқат маҳсулотлари ва чорва учун озуқа ишлаб чиқариш ($200 млн).

Бундан ташқари, форумда дунёнинг бир қатор йирик компаниялари ҳисобланган Orascom Investment (Миср), Bonafarm Group (Венгрия), Sayar (АҚШ), Goldwind, Sinoma (Хитой), Sam Yapi (Туркия), Pasha Development (Озарбойжон), Lasselsberger (Австрия), Petrosat Chexelsoton (Эрон) каби компаниялар билан қиймати 6,6 млрд долларга тенг янги инвестиция лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.

Тадбирда иқтисодий ривожланишнинг энг муҳим жиҳатлари муҳокама қилинган панел сессиялар, муҳокамалар, бизнес нонушта ва давра суҳбатлари каби бой дастурдан иборат бўлди. Кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашда давлат, инвесторлар ва тадбиркорларнинг роли марказий мавзулардан бирига айланди.

Top