23:40 / 29.05.2019
43257

Яшаш шароити фазодагига қараганда оғир бўлган Ердаги жойлар

Ҳаётнинг қулай шароитларига кўниккан замонавий инсон учун сув, газ, электр энергиясининг мавжуд эмаслигини тасаввур этиш мушкул. Ўзини эволюциянинг чўққиси санайдиган инсоният Ерда яшаш учун энг қулай жойларни эгаллади. Сайёра аҳолисининг муайян қисми яшаш шароити фазодагидан ҳам оғир бўлган ҳудудларни ўзлаштирган: ахир фазодаги сайёҳлар барча зарурий нарсалар билан мунтазам таъминлаб турилади.

Facte.ru сайти яшаш шароити оғир бўлган жойлар ҳақидаги маълумотларни тақдим этди.

Фото: Pinterest

Индонезия

Индонезиянинг энг машҳур оролларидан бири – Ява ороли. Вулқон хавфига эга бу жойда ярим миллион киши яшайди. Оролда Индонезиядаги 130 та вулқондан энг фаоли жойлашган. У ҳар етти йилда отилиб, мунтазам доимийлик билан «уйғонади».

Унинг сўнгги фаоллиги 2017 йилда кузатилган. Ўша вақтда табиий талофат 350 инсон ҳаётига зомин бўлди. Ҳар етти йилда уйғонишидан ташқари Ява оролидаги вулқон йилига икки марта сокин равишда «тирилади». Табиий шароитлар билан боғлиқ доимий зўриқиш ҳолатларига қарамай, бу ердаги аҳоли оролни бутунлай ташлаб кетишни режалаштирмай, одатий ҳаёт кечиришда давом этади.

Фото: ФЛНКА

Перу

Денгиз сатҳидан 5 минг баландликдаги Анд тоғларида олтин рудаси конлари аниқланганида кўплаб перуликлар Ла-Риконда шаҳрини ташкил этиб, ана шу ерга келишга ҳаракат қилишди. У ерда инфратузилма деярли ривожланмаган. Канализация ўтказилмаган, оқава сувлар тизими яратилмаган. Бироқ аҳоли сони доимий равишда ортиб бормоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, 2009 йилда аҳоли сони 30 минг кишидан ортиқ бўлган.

Фото: Pinterest

Хитой

Анча вақтдан бери Хитой тоғлари будда монахларига маъқул бўлиб келган. Мотуо шаҳрида 10 минг киши яшайди, уларнинг кўпчилиги Буддага эътиқод қилади. Мотуони ташқи олам билан боғлайдиган ягона нарса бу – 200 метрли осма йўл.

Фото: REX

Ҳиндистон

Черапунджи ҳинд шаҳарчаси аҳолиси сони 10 минг кишидан ортмайди. У ерда бир йилда 12 минг мм дан ортиқ ёғингарчилик бўлади, бу эса уни Ердаги энг нам жойга айлантиради. Доимий намлик туфайли тупроқ ҳосил етиштира олмайди, бироқ бу ерда одамлар яшайди.

Фото: Pinterest

Чили

Чилининг Атакама саҳросида эса, аксинча, ёмғир деярли ёғмайди. Бу саҳро сайёрадаги энг қуруқ жой ҳисобланади. Ўсимликлар ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлади. Бироқ бу ерда ҳам перуликлар яшайди. Саҳронинг ўртасида Сан-Педро-де-Атакама шаҳрини яратишган бўлиб, 5 мингга яқин одам яшайди.

Фото: Don't Panic Magazine

Россия

Россиянинг Верхоянск шаҳри дунёдаги энг совуқ шаҳар деб тан олинган. Ўртача йиллик ҳарорат -19 даража совуқни ташкил қилади. Шимолнинг қақшатқич совуқ шароитларида 1,2 мингдан ортиқ киши яшайди.

Фото: Wikipedia

Гренландия

Гренландиянинг энг шимолий шаҳри – Иллоккортоормиут. Унга бир неча транспорт турлари – дастлаб самолётда, кейин вертолётда (яна қайиқда сузиб борса ҳам бўлади) ёрдамида етиб олинади. 1925 йилга қадар у ерда одам бўлмаган. Ҳудуд фақат қутб айиқлари ва тюленларга тегишли эди. Бироқ ўтган асрнинг 20-йиллари сўнгида у ерга одамлар кўчиб боришни бошладилар, уларнинг сони 2017 йилда ярим мингдан бироз камроқни ташкил этди.

Фото: Pinterest

Эфиопия

Африка саҳроси – юмшоқроқ айтганда яшаш учун у қадар қулай жой эмас. Айниқса у дунёдаги ўртача йиллик ҳарорати энг юқори жойлиги ҳисобга олинса. Эфиопия ҳудудларидан бирида Даллол шаҳри бор. Унга олиб борадиган йўллар йўқ, у ерга фақат карвон йўлларидан фойдаланган ҳолда етиб бориш мумкин.

Top