Ўзбекистон | 18:56 / 17.06.2024
6937
2 дақиқада ўқилади

Аҳоли яшаш жойларига кириб қолган ёввойи ҳайвонлар бўйича қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди

Ёввойи ҳайвонларни табиий яшаш муҳитидан аҳоли яшаш жойларига кириб қолганида ҳимоялаш, қутқариш ва жонсизлантириш тартиби бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. 

Фото: Экология вазирлиги

Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Ёввойи ҳайвонларни табиий яшаш муҳитидан ўзга муҳитга тушиб қолганда ҳимоя қилиш, қутқариш ва жонсизлантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилди. 

Лойиҳа Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган. Унда айтилишича, сўнгги вақтларда ёввойи ҳайвонларнинг аҳоли пунктлари ва бошқа ҳудудларга турли сабаблар билан кириб қолиш ҳолатлари қайд этилмоқда. Бунинг оқибатида ёввойи ҳайвонлар томонидан фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига ҳамда мол-мулкига, ёввойи ҳайвонларнинг ҳаётига ҳам зарар етказилиши хавфи ортиб, уларнинг ўлимига сабаб бўлмоқда. 

Қарор лойиҳасига кўра, ёввойи ҳайвонлар табиий яшаш муҳитидан ўзга муҳитга тушиб қолганда уларни ҳимоя қилиш, қутқариш ва жонсизлантириш Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши ҳудудий бўлинмалари, ички ишлар органлари, фавқулодда вазиятлар органлари, Давлат ветеринария хизмати, санитария-эпидемиология хизмати, маҳаллий ижро этувчи ҳокимияти органлари ҳамда овчилик жамиятларининг ўзаро ҳамкорликдаги вазифаси ҳисобланади. 

Қарор лойиҳасида қайд қилинишича, юридик ва жисмоний шахслардан ёввойи ҳайвоннинг табиий яшаш муҳитидан ўзга муҳитга тушиб қолганлиги тўғрисида хабар келиб тушганда, бу ҳақда зудлик билан 1157 қисқа телефон рақами орқали Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига, 102 қисқа телефон рақами орқали ички ишлар органларининг навбатчилик қисмига, 1050 қисқа телефон рақами орқали фавқулодда вазиятлар органларига, +998712760118 телефон рақами орқали Давлат ветеринария хизмати, 1003 қисқа телефон рақами орқали санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ҳамда вилоят овчилик жамиятига хабар бериш лозим. 

Қарор лойиҳаси муҳокамаси 27 июнга қадар давом этади.

Мавзуга оид