31 май куни Европа Иттифоқи қошидаги Европа Кенгаши раиси Дональд Туск Ўзбекистонга келади. Бу 2014 йилдан буён кўҳна қитъадаги энг йирик сиёсий ташкилотни бошқариб келаётган польшалик сиёсатчи учун Ўзбекистонга илк ташриф бўлади. Бу ташрифдан қандай мақсад кўзланган? Дональд Туск қандай сиёсатчи?

Тожикистон ва Қозоғистонда 1 кундан, Ўзбекистонда 3 кун

Тускнинг Марказий Осиё бўйлаб турнеси 29 май куни бошланди. У айни вақтда Тожикистонда бўлиб турибди, у ердан Қозоғистонга йўл олади, Марказий Осиёга ташрифи доирасидаги асосий кунларини эса Тошкентда ўтказади. 31 май куни Ўзбекистонга келадиган Туск 2 июнгача Тошкентда бўлиши кутилмоқда.

Европа Кенгаши раиси Марказий Осиёда учта мамлакат президенти билан учрашади. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Тожикистон етакчиси Имомали Раҳмон ва Қозоғистон раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаев Тускни қабул қилишади. Турган гапки, Туск Қозоғистонга ташрифи давомида Нурсултон Назарбоев билан ҳам учрашади. Чунки Назарбоев ҳамон мамлакатнинг амалда асосий сиёсатчиси ҳисобланади.

Европа Кенгаши раисининг Марказий Осиёга ташрифи доирасида бир қатор мавзуларда учрашувлар ўтказилади. Улар орасида чегараларни назорат қилиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва минтақавий хавфсизлик каби мавзулар бор. Айниқса атроф-муҳит ҳимоясига кўпроқ вақт сарфланишини кутиш мумкин. Чунки Европа Иттифоқи табиат муҳофазасига жиддий эътибор бермоқда. Буни якунига етган Европарламент сайловларида «яшиллар»нинг мавқейи сезиларли даражада яхшиланганидан билиш мумкин.

Юқоридаги мавзулар протоколга киритилганлари холос. Улардан ташқари учрашувлар ҳам бўлиши мумкин. Масалан, Туск Орол денгизига боришни хоҳлаб қолиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Чунки нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа учун асосий экологик муаммо айнан Орол денгизи муаммоси ҳисобланади. Туск Ўзбекистоннинг Оролбўйи ҳудудларда амалга ошираётган ишларига баҳо бериши ҳам мумкин. Сиёсатчи Қорақалпоғистонга бормаган тақдирда ҳам учрашувларда Орол ҳақида гапириб ўтса керак.

Дарвоқе, Тускнинг келиши аввалидан табиат муҳофазаси борасида қонунчиликда ўзгартириш қилингани ҳам қайсидир маънода рамзий кўриниш олди. Президент «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунни имзолади